Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:53

Исландиядаги вулқон парвозларни тўхтатди


Исландияда вулқон отилгани оқибатида Европанинг шимолий минтақалари осмонининг аксар қисмини кулдан иборат булут қоплади.Ўз навбатида бу Британия, Ирландия, Дания, Швеция, Норвегия ва Финляндияда барча йўловчи самолётлари парвозининг тўхтатилишига сабаб бўлди.

Стокҳолм шаҳри яқинидаги Арланда аэропорти матбуот вакили Ян Линквист йўловчи ташийдиган самолётлар парвозлари бекор қилингани сабаби ҳақида буларни айтди.

- Самолётлар кулдан иборат булут орқали учиши хавфли. Шу боис кўплаб парвозлар бекор қилинди, деди Ян Линквист.

Европанинг ҳаво транспорти қатновларини назорат қилувчи Евроконтрол ташкилоти Белгия, Нидерландия ва Германиянинг ғарбий қисмидаги шаҳарларда самолётлар парвозини тўхтатди.

Осло шаҳрининг Гардемоен аэропорти матбуот вакили Йо Кобро самолётлар парвози тўхтатилгани боис аэропортда оғир вазият юзага келганини айтди.

- Исландия ҳудудидаги вулқон бутун минтақанинг ҳаво ҳудудига кул тарқатганидан кейин биз аянчли вазиятда қолдик. Биз ҳатто Европа давлатларига белгиланган барча парвозни тўхтатишга мажбур бўлдик, деди Осло шаҳрининг Гардемоен аэропорти матбуот вакили.

Ирландия жанубида жойлашган (Эйяфяллайокул номли) вулқон 14 апрел куни отила бошлаганидан кейин кулдан иборат улкан булут 6 минг метр баландликка кўтарила бошлади.

Исландия Фуқаро мудофааси ташкилоти ходимлари 700 нафар аҳолига вулқон лаваси таҳдид солаётган ва осмондан кул ёғилаётган минтақалардан хавфсиз жойларга кўчирди.

Вулқондан чиққан иссиқлик мангу музликларнинг бир қисмини эритмоқда. Ўз навбатида бу сув тошқинини ҳосил қилмоқда.

Маҳаллий қутқарувчилар гуруҳи раҳбари Рогнвалдур Олафссон Ройтерс ахборот агентлигига айтишича, сўнгги кузатув натижалари тубдан ҳосил бўлган босим оқибатида мангу музлик остида икки километр узунликда дарз пайдо қилганини кўрсатган.

Эслатиш жоизки, Исландияда вулқонлар отилиши ҳоллари тез-тез кузатилади.
XS
SM
MD
LG