Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:37

Қозоғистондаги ўзбек муҳожирига қийин бўлди


15 апрелдан Қозоғистонга келаётган МДҲ фуқаролари учун миграция идораларида беш кун ичида рўйхатдан ўтиш тартиби жорий қилинди. Янги қоиданинг¸ айниқса ўзбек муҳожирлари ҳолини оғирлаштиргани айтилмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги очиқлаган баёнотда айтилишича, 13 апрелдан эътиборан кучга кирган янги миграция тартиби Қозоғистон, Россия ва Беларус ўртасида ташкил этилаётган Божхона иттифоқи юзасидан олиб борилаётган ташкилий ишлар билан боғлиқдир.

-Бундан буён Қозоғистон, Беларус ва Россияда МДҲ фуқароларини миграция органларида рўйХатга олиш ягона тартибда амалга оширилади. Хусусан, МДҲ давлатларидан Қозоғистонга келаётган ҳар бир фуқаро беш кун давомида бизнинг миграция органларида рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Янги миграция тартибининг Қирғизистондаги воқеаларга алоқаси йўқ, у фақат Божхона иттифоқи ташкил этилиши билан боғлиқдир¸ дея маълум қилди журналистларга Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Асқар Абдураҳмонов.

Қозоғистонда МДҲ давлатлари фуқаролари учун киритилган янги миграция тартиби кўпроқ Қирғизистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларини ташвишга солиб қўйди.

Сабаби, бундан аввал қозоқ ҳукуматининг Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан келишувига кўра, Қирғизистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида 90 кун давомида, Тожикистон фуқаролари эса 30 кун миграция органларида рўйхатдан ўтмай яшаш ҳуқуқига эга эдилар.

-Қирғизистон фуқароларининг Қозоғистонда 90 кун давомида миграция идораларида рўйхатдан ўтмай яшаши жуда қулай эди. Янги миграция тартибининг икки давлат дўстона муносабатлари, кичик ва ўрта бизнесга салбий таъсир этиши табиий. Биз қозоқ ҳукуматининг қирғиз фуқароларига нисбатан аввал жорий қилинган миграция тартиби кучда қолишини истаймиз. Сабаби, бу икки давлат учун ҳам фойдали, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Қозоғистондаги Қирғиз маданий маркази вакили Азамат Раҳмонов.

Қозоғистон ҳукумати амалга оширган янги миграция тартиби мамлакатда меҳнат қилаётган минглаб тожик меҳнат муҳожирларига кўп зарар келтиради, дейди Олмаотадаги “Абу Али ибн Сино” номидаги тожик маданий маркази раҳбари Бекпўлат Тошпўлатов.

- Тожик фуқаролари учун Қозоғистонда 30 кун давомида миграция органларида рўйхатдан ўтмай яшаш¸ албатта¸ қулай эди. Энди тожикларнинг Қозоғистонга келиш анча қийинлашади. Тасаввур қилиб кўринг, тожик фуқароси Қозоғистонга келди, унинг бу ерда таниш-билиши¸ қариндош-уруғи йўқ. Унинг миграция идорасида рўйхатдан ўтиш учун таниш топишига анча вақт кетади. Бу орада, беш кунлик вақт ўтиб кетади, тожикларни Қозоғистондан депортация қилиб юборишлари мумкин. Бу меҳнат муҳожирларимиз учун анча қийинчиликлар яратади¸ дейди Бекпўлат Тошпўлатов.

Қозоғистон ҳукуматининг МДҲ фуқаролари учун жорий қилган янги миграция тартиби, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда. Халқаро инсон ҳуқуқлари Олмаота бюросининг миграция масалалари бўйича мутахассиси Виктория Тюленева, янги миграция тартиби Қозоғистонга келаётган мигрантлар оқимини камайтирмаслиги, бироқ миграция идораларида коррупциянинг кўпайишига олиб келишини айтади.

- Мамлакатда коррупция миқёси жуда кенг. Исталган давлат идораси, ҳаттоки миграция идораларида ҳам коррупция кенг тарқалган. Янги киритилган миграция тартиби эса, мамлакатга келаётган мигрантларни давлат органлари, ҳусусан миграция идорасига бўлган қарамлигини янада оширади. Энди миграция ходимлари, мигрантлардан катта пора эвазига уларнинг Қозоғистон ҳудудида яшашлиги масаласини ҳал қила бошлайдилар, дейди Виктория Тюленева.

Бундан аввал Ўзбекистон фуқаролари, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига фарқли ўлароқ, Қозоғистонда беш кун миграция идораларида рўйхатдан ўтмай яшаш ҳуқуқига эга эдилар.

Аммо президент Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга қилган сўнгги сафари чоғида, икки давлат раҳбарлари ўзбекистонликларнинг қўшни давлатда миграция идорасида рўйхатдан ўтмай 90 кун давомида яшаши ҳақида келишиб олган эдилар.

Айтиш жоизки, Қозоғистонда тирикчилик қилаётган меҳнат муҳожирларининг энг катта қисми, қарийб 70 фоизини айнан ўзбекистонликлар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG