Линклар

Бакиевнинг истеъфога чиққани расман эълон қилинди


Қирғизистон муваққат халқ ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаева президент Қурмонбек Бакиевнинг расман истеъфога чиққанини эълон қилди.

Янги ҳукумат вакилларининг билдиришича, Бакиев 15 апрел куни мамлакат ҳудудини тарк қилишдан аввал истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризага имзо қўйган ва уни Бишкекка юборган.

ЕХҲТ нинг жорий раиси Қозоғистон ҳукумати Бакиевнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этиши АҚШ ва Россия билан биргаликда муҳокама қилингани ва амалга оширилганини билдирди.

Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам жорий ҳафта Вашингтонда бўлиб ўтган саммит доирасида АҚШ ва Қозоғистон президентлари билан Бакиев тақдири борасида маслаҳатлашувлар олиб борганини тасдиқлади.

-Ушбу муаммони ҳал этишга ҳисса қўшиб келаётган Қозоғистон президенти билан сўзлашувлар олиб бордим. Қирғизистонда ва умуман минтақада турли манфаатларнинг чигаллашиб кетганини инобатга олган ҳолда биз кейинчалик ушбу муаммони Вашингтондаги саммит чоғида АҚШ президенти билан ҳам биргаликда муҳокама қилдик, деди Дмитрий Медведев.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Бакиевнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этганини олқишлаб, уни демократия ва барқорарлик йўлида ташланган муҳим қадам¸ дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG