Линклар

"Рустамбанк"нинг олтинлари Тошкент кўзини ўйнатмоқда

  • Абдулла Искандар

Яқинда 14 йиллик жазо муддати тугасада¸ Рустам Усмоновнинг яқин келажакда озодликка чиқишига умид кам.

Яқинда 14 йиллик жазо муддати тугасада¸ Рустам Усмоновнинг яқин келажакда озодликка чиқишига умид кам.

Ўзбекистондаги илк хусусий банк эгаси РустамУсмонов 12 йилдан бери қамоқда. Ҳозирда Жаслиқда сақланаëтган Усмоновнинг " ўғрилардан қолган моли"га кўз олайтириш бошлангач¸ у ўз озодлигини 60 миллион долларга сотиб олмоқчи.

Ўзбек киночиси Баҳром Ëқубов суратга олган “Бахт учун миллион” филми қаҳрамони севгига эришиш учун миллион долларни Цирк томи узра тортилган дор ипи устидан туриб томошабинлар устидан сочади.

Кино қаҳрамони миллион доллар эвазига ҳаловот топди¸ аммо Ўзбекистоннинг Жаслиқ қамоқхонаси маҳбуси Рустам Усмоновнинг 60 миллион доллар эвазига озодликка чиқишига кўпчилик ишонмайди.

Ўзбекистонда кино бошқаю ҳаëт бошқа дейишади билгичлар.

Ўзбекистондаги илк миллиончи бойлардан бири¸ илк xусусий банк - Рустамбанк соҳиби¸ 12 йилдан бери қамоқда жазо ўтаëтган Рустам Усмонов ўз озодлиги учун Ўзбекистон ҳукуматига 60 миллион доллар суюнчи ваъда қилди.

Рустам Усмоновинг бу ваъдасини яқинда уни Жаслиқ турмасига бориб кўриб келган ўғли Шуҳрат Усмонов Озодлик мухбирига билдирди.

12 апрел куни Жаслиқ қамоқхонасидаги отаси Рустам Усмоновни кўриб қайтган икки ўғли – Шуҳрат ва Дилшод Усмоновлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати¸ Жазони ижро этиш бошқармаси ва Бош прокуратурага очиқ мактуб билан мурожаат қилиб отасини озод қилишни сўрашди.

Отаси озод бўлган тақдирда Ўзбекистондаги “Баркамол авлод” жамғармасига 60 миллион доллар пулни ўтказиб беришни ваъда қилишди ўғиллар.

Бу пулнинг 50 миллиони ташқаридаги банкларда ва ундан 10 миллиони Ўзбекистон ичкарисида¸ дейилади мактуб давомида.

Озодлик билан суҳбатда маҳбуснинг ўғли Шуҳрат Усмонов бу таклифнинг жиддий эканлигини таъкидлади.

Рустам Усмонов
Шуҳрат: "Баркамол авлод"га.

Озодлик: Болаларнинг ривожланиши учун шунақами?

Шуҳрат: Ҳа.

Озодлик: Буни сизга Рустам ака таклиф қилдими?

Шуҳрат: Бу фикрмас. Бу бор нарса. Мен гапларимдан қайтмайман. Бизга дадам айтди. Мен ҳеч қачон дадамнинг чегарасидан чиқмайман. 62 га кирди. Уже давно пора. Энди билмадим. Ўзининг олдига боришсин. Мен дадамнинг ўрнига жавоб бера олмайман. Лекин айтганини қиламан.

Озодлик: Дадангиз сизга “Ўғлим шу пулларни “Баркамол авлод”га ўтказиб бер” деса¸ рози бўласиз.

Шуҳрат: Мен рози бўлдим. Ҳақиқатан "Рустамбанк"нинг учредители менман. Мен розиман минг марталаб.

Озодлик: Бунинг эвазига отангиз қамоқдан чиқиши керакда.

Шуҳрат: Йўқ¸ нимага эвазига? У ўзининг озодлигини сотиб олмаяптию. Просто бу пулларни бераяпти. Сотиб олаëтгани йўқ. Просто кимдир сўраяпти бетини юлганлар. Кимлигини мен билмайман. Менга айтмайди.

Озодлик: Балки пул бер¸ деб тазйиқ бўлгандир?

Шуҳрат: Йўқ¸ йўқ. “Лучше я отдам. "Баркамол авлод" фондига ўтказиб юбораман” деди. Сотиб олиш қийин дадамни. Унақа деб биров ўйламасин ҳам. Чиқиб кетаман¸ пул учун¸ йўқ унақа нарса.

Озодлик: 60 миллион доллар маблағ 12 йилдан бери қамоқда ўтирган маҳбусда ҳақиқатдан ҳам борми?

Шуҳрат: Уни мен тасдиқлайман ака. Бор. 10 миллион ўтказаман деганининг сабаби бизда дачалар¸ уйлар¸ кейин 9 қаватли биноларнинг эвазига. Бу нарсани Ўзбекистон ҳукумати кўргандан кейин ўшаларга нисбатан олиб туриб бераман деди "Баркамол авлод"га.

Озодлик: Ташқаридаги банк қайси? Швейцария банкими?

- Уни ҳеч ким билмайди. Дадамдан ташқари мен ҳам билмайман у нарсани¸ дейди Рустам Усмоновнинг ўғли Шуҳрат.

Ўзбекча Монте Кристо

Дюманинг Монте Кристо романи қаҳрамони Иф қалъасининг маҳбуси Эдмонд Дантес оролдаги хазинага эга бўлиш орзусида яшайди. Пировардида бу хазина Дантесга адолатни қарор топтириш гарови бўлади. Хўш¸ Ўзбекистондаги Жаслиқ маҳбусининг 60 миллион ҳақидаги гапи қанчалик асосли?

2006 йили Зангиота турмасида Рустам Усмонов билан ўтирган исмини айтмаган маҳбусга кўра¸ собиқ банкирда бунча пул борлигига ишонса бўлади.

- Бўлса керак энди. Беш-олти йил бемалол ишлаб¸ фаолият юргизиб¸ мен биламан битта иши бўйича 20 миллион долларлик медикамент олиб келган. Шундан қолган бўлса керак. Қолган пуллар бордир¸ дейди Зангиота турмасида Рустам Усмонов билан ўтирган маҳбус.

Рустам Усмонов билан 90-йиллар бошида учрашган тошкентлик олим Ҳамидулла Нурматов ҳам “Қатиқ тўкилса юқи қолади” деган фикрни айтади.

- Ҳа Рустамбанк. Битта амакисини танирдим. Амакисининг болаларини танийман. Бирга ишлаганман. Пул бўлса бордир. "Правда" газетасида 1991 йилда янглишмасам унинг мақоласи чиққан. Ҳалиги қишлоқ хўжалигида ўзининг чувалчанглари билан. Ҳамма ëқни бойитаман¸ у қиламан¸ бу қиламан деб чиққан эди¸ деб эслайди Ҳамидулла Нурматов.

Рустам Усмонов билан яқиндан танишлигини айтган ҳозир Швейцарияда истиқомат қилувчи собиқ маҳбус Сафар Бекжон собиқ банкирнинг барча мол-мулки мусодара қилинганини таъкидлаб¸ "60 миллион эвазига озодлик" деган гапга ишонмаслигини айтади.

- Йўқ¸ ишонмайман. Чунки унинг Ўзбекистондаги мол-мулки бутунлай тортиб олинган. Бутун биноларию ҳисоб рақамлари ҳаммаси тортиб олинган. Давлат ҳисобига ўтказилган. Яширинча бировларнинг номида турган квартираси¸ вилласи бўлиши мумкин. Лекин бу даражадаги катта пулга чақадиган мулки Ўзбекистонда йўқ. Ташқарида бор¸ деб ҳисобланадиган бўлса¸ ташқарига кредит олиш учун келган. Шунча пули бўлган одам яна кредит олиш учун Қирғизистонда қайтадан Ўзбекистонга ўхшаган банклар очиш ва иш қилиш учун пул излаб¸ таниш-билиш излаб ташқариларда юрмаган бўларди. Ўзининг пули бўлса¸ ўзи банк очиб¸ бизнес қилиб Қирғизистонда маза қилиб юриши мумкин эди. Мен унақа пули борлигини ўйламайман. Кредит излаб юрган пайтда кафил бўлиши мумкин бўлган катта пули йўқ эди. Тўғри¸ бир банкнинг эгаси бўлган одам сифатида ўзининг пуллари бор эди. 10 миллионлар ҳақида мен тасаввур қила олмаяпман¸ дейди Сафар Бекжон.

Президент назоратидаги маҳбус

Ўтган асрнинг 90-йилларида Рустам Усмонов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эшигини тепиб киришдек мавқега нойил бўлган тадбиркор эди. “Буни Каримовнинг ўзи жонли ТВ эфирдан айтган эди”¸ деб эслайди маҳбуснинг ўғли Шуҳрат.

Шуҳрат: Телевиозорда кўрсатган. “Сиз эшикни тепиб киринг” деган. Уни биз кўрганмиз. Запис қилганмиз ҳам. Кассеталар бўларди у пайтда.

Озодлик: Каримов отангизга “Эшикни тепиб кираверинг” деб айтган.

- Ҳа¸ буни бутун республика кўрганку. Телевизорда биринчи каналда жонли эфирда чиққан. Дадам шунга поверил ему и всë¸ дейди Шуҳрат.

Аммо сал ўтмай 1998 йилнинг февралида катта миқдорда товламачилик¸ валютани ноқонуний олиш сотиш каби моддаларда айбланган Рустам Усмонов Андижон маҳкамаси томонидан 14 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Бу айбларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган¸ дейди маҳбуснинг ўғли.

- Кўп статялар фалсификация. Биринчидан судянинг имзоси йўқ¸ дейди Шуҳрат.

Зангиота турмасининг собиқ маҳбусига кўра¸ Рустам Усмонов қамоқ иерархиясида маслократ мақомида бўлса-да¸ президент назоратида турган ва унга сиëсий маҳбус каби муомалада бўлинган.

- Улар энди президентский надзорда турадида. Рустам ака каби одамларга тегиша олмайдида. Чунки президент назоратида туради. Улар қўрқади¸ дейди собиқ маҳбус.

Айни пайтда унинг оила аъзолари Рустам Усмоновнинг сиëсатга даҳли йўқлигини таъкидлаб келишади.

Яқинда ўғли билан Жаслиқ турмасида учрашганида Рустам Усмонов энди бундан буëн сиëсат билан шуғуланмаслигини айтган.

- “Сиëсатга аралашмайман” дедию менга бу сафар¸ дейди Шуҳрат.

Собиқ маҳбус Сафар Бекжонга кўра¸ Рустам Усмонов моҳиятан сиëсий маҳбусдир ва у айтган эркин иқтисод ғоялари ўзбек режими учун хатарли.

- Моҳиятан¸ сиëсий алоқалари борлиги маълум. Уни ўзи ҳам яширмаган. 1989 йилдан бошлаб демократик ва Ўзбекистон мустақиллиги учун курашаëтган одамлар билан дўст бўлган. Борди-келди қилган. Бу кейинчалик ҳам давом этган. Бу дегани Эркка аъзо бўлди¸ Бирликка аъзо бўлди¸ пул берди дегани эмас. У пайтда ўзи ҳам бой одам эмас эдику. Энди-энди кооператив очиб кичик ишларни бошлаëтган пайт эди. Биз йўқ қилинганимиздан кейингина бойиган ишбилармон одам. Унгача ўзимизга ўхшаган оддий ижодкор олим¸ зиëли ва миллатини севган битта инсон эди. Мен сиëсий ҳаракатларга ëрдам бергани учун сиëсий маҳбусга айланди¸ деб ўйламайман. Сиëсий маҳбусга айланганлиги ўзининг дунëқараши. Ўзининг режим билан келиша олмаганлиги¸ дейди Сафар Бекжон.

Хўш яна мавзуга қайтсак. Рустам Усмонов мабодо 60 миллион долларлик маблағни "Баркамол авлод" жамғармасига ўтказса¸ қамоқдан озод бўладими?

- Йўқ¸ ҳеч қачон озод бўлмайди. Чунки хавф унинг пули ëки моддий бойлигида бўлаëтгани йўқ. Бу яратиши мумкин бўлган хавф деб ўйланади ва бу гўëки исботланмагандай бўлиб қолади. Пулни берса ҳам ўзини ўзи иқтисодий жиноятчи сифатида фош қилиб қўяди. "Ўғирлаган экан¸ мана қайтариб берди" дейди. Бу одамни энди чиқармайди¸ дейди Сафар Бекжон.

Чувалчангни олтинга айлантирган тадбиркор

Рустам Усмонов 1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилди. Иқтисодий мавзуларда мақолалар ëзиб юрган олим Горбачëв даврига келиб тадбиркорлик билан шуғулланди.

1987 йили Ўзбекистонда боларичилик ширкатини очди. Канада ëмғир чувалчангларини кўпайтириб сотди. Бу чувалчанглар Сникерс ва Марс каби қандолатлардан олдин Ўзбекистонда илк бор кенг реклама қилинган маҳсулот бўлди.

1992 йилда Ўзбекистонда илк хусусий банк очиш чеки ҳам Рустам Усмонов зиммасига тушди.

Рустам Усмонов ўз вақтида чувалчангларни олтинга айлантира олди¸ аммо бу олтинларнинг уни қамоқдан озод қила олмагани бугуннинг аччиқ ҳақиқати.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG