Линклар

logo-print

МХХ ногиронни соққа чиқармоқда


Айрим ногиронлар¸ бораëтган текширув пайтида пора бермаган кўзи ожизларнинг ҳам соппа-соғга чиқарилаëтганидан хуноб.

Айрим ногиронлар¸ бораëтган текширув пайтида пора бермаган кўзи ожизларнинг ҳам соппа-соғга чиқарилаëтганидан хуноб.

Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ногиронларни қайта текширувдан ўтказиб, кўпчиликни ногиронлик хужжатидан мосуво қилмоқда. Айтилишича¸ Ўзбекистондаги 20 фоиз ногирон бундай ҳужжатсиз қолиши мумкин.

Қашқадарёнинг Касби тумани Талишбе қишлоғида яшовчи Темур Ҳайитов умр бўйи электр пайвандлаш билан шуғулланган.
Саккиз йил муқаддам касби туфайли Темур Ҳайитовнинг кўзи кўрмай қолади ва унга иккинчи гуруҳ ногиронлиги берилган. Куни кеча эса 61 ёшли Темур аканинг ногиронлиги ҳақидаги ҳужжат бекор қилинди.

- Мен электропайвандчи бўлиб ишлар эдим. Ўшанда кўзимга таъсир қилиб кўр бўлиб қолдим. Ўнг кўзим умуман кўрмайди. Чап кўзим 15 фоизлар кўради. Клëнканинг орқасидан қарасангиз¸ қандайдир хира кўринадику. Худди шундай кўринадида. Чап кўзимни 2002 йили операция қилдирдим. Ўшандан кейин 15 фоиз кўрадиган бўлди. Врачлар ўнг кўзингни операция қилиб бўлмайди деди. Куни кеча комиссия қилиб бизнинг группани олиб ташлади. Нима учун олиб ташлаганини мен ҳам тушунмай қолдим¸ билмадим. Бизда шуанқа қарор бор дейди. Билмадим қанақа қарор уни тушунмадим. Қаршидан битта одам келган экан¸ молиядан бор экан битта¸ ўзимизнинг поликлиникадан Арслонов деган врач бор экан. Шулар кўрди. Кўргани йўқ, просто документни қаради¸ шундан кейин ўчириб ташладида. Текшириб ҳам кўргани йўқ¸ ҳеч нарса қилгани йўқ. Бизларга кирадиган бошқа даромад йўқ. Битта ўғлим бор. У ишламайди. Битта студент қизим бор. Медколлежда ўқийди. Ҳозир умуман гапиришга ҳам ҳолатим йўқ (йиғлаб) ... Давлениям чиқаяпти... билмайман. Билмадим энди¸ қаерга боришимни ҳам билмайман¸ нима қилишимни ҳам билмайман. Шу билан кун кўриб ўтирган эдим. Энди пенсия ҳам йўқ¸ ҳеч бало йўқ, дейди йиғлаб Темур Ҳайитов.

Айни пайтда Ўзбекистонда Темур Ҳайитов сингари ногиронлиги бекор қилинганлар сони кўпчиликни ташкил қилади.

Сурхондарёнинг Сариосиё туманида яшовчи бир фуқаронинг айтишича, учинчи гуруҳ ногирони бўлган опасининг ҳам ногиронлигини бутунлай бекор қилишган.

- Битта опам бор. Иккинчи группа эдилар. Кейин докторлар қандайдир нималар қилиб учинчи группага туширишди. Энди эса умуман чиқариб ташлади. Лекин у киши ҳақиқатан ҳам касал. Юраги касал, дейди сариосиёлик фуқаро.

Сирдарёлик Саида опа иккинчи гуруҳ ногирони. Унга кўра, ҳам ишлаб, ҳам ногиронлик нафақаси олаётганларнинг аксарияти эндиликда ногиронлик нафақасидан маҳрум қилинмоқда.

Саида опа: Касаллиги ҳаққоний бўлса¸ индашмаяпти. Текшириб кўраяпти документларни. Докторнинг ташхисларини¸ ҳаммасини текшириб кўраяпти. Энди СНБ текширади¸ дейишди. Биз бордик. Мана шу ойнинг охири¸ янаги ойнинг бошига СНБ келиб текширар экан. Энди пенсияга тўғирлаб пул билан чиқиб олганлар борку. Ўшаларнинг ҳаммасини чиқариб ташлаяпти. Яна ўқитувчилардан 52-54 ëшга кирганларни пенсияга чиқариб юборишаяпти. Уларнинг ногиронлик пенсиясини қарилик пенсиясига ўтказиб юбораяптида булар. Бизни фақат ўзлари текширди. Кўпчиликда шифокор ташхислари йўқ экан. Уларга ҳам “Сизлар ҳам олмайсизлар” дегандай қилди. Энди март ойи нафақа пули келганда билинадида. Ҳозирда феврални нафақасини олдик. Пенсия келган вақтда ким кесилган¸ ким кесилмаган билинадида.

Озодлик: Нимага бунақа қилишаяпти экан? Бир суриштириб кўрдингларми?

- Биз сўрадик. Президентнинг “20 фоиз ногиронлик пенсиялари қисқартирилсин” деган қарори чиқибди. Соғломлар ҳам пенсия ëшига етмасдан пенсияга чиқиб олганку. Бир кўриб чиқилсин дейилганда, дейди сирдарёлик Саида опа.

Хоразм вилоятида ногиронликни қайта ўтказиш тадбири жорий йилнинг январ ойида ўтказилган. Вилоят Ногиронлар жамияти ходимасига кўра, Хоразмда 41 минг ногирон бўлиб, ҳозирча улардан қанчасининг ногиронлиги бекор қилингани маълум эмас.

- Ногиронликни қайта ўтказиш бизда январ ойида бўлдику. Қайта ўтказиб¸ ўша пайтда Тошкентдан одамлар келиб¸ бошқатдан ҳамманикини аниқлаб¸ кўп одамнинг ногиронлигини бекор қилиб кетишди.

Озодлик: Нечта одамдан ногиронлик гуруҳи олиб қўйилди?

- Ҳали бу аниқ эмас. Ҳали давом этаяпти бу бизларда. Тошкентдан 40 та одам келиб ўтказиб кетгандан кейин ҳам бу ерда давом қилиб турибди ҳали.

Озодлик: Бу нима деганингиз?

- Ногиронликка чиқиб бир йилнинг ичида даволанишга келмай қўйганларнинг ногиронлигини бекор қилиб соғломга чиқариб туришибди. Ҳозир яна шуларни аниқлаб туришибди.

Озодлик: Ҳозир Хоразмда ногиронлар сони қанча?

- Ўзи 41 минг ногирон бор эди. Қайта қилгандан кейинги сонини билмайман.

Озодлик: Тахминан неча фоизи бекор қилиниши мумкин?

- Тахминан 20 % дан ўтмаса керак.

Озодлик: Кўпроқ кимларнинг ногиронлиги бекор қилинди?

- Кўпинча кўринишидан ногирон эмасларники бекор қилинди. Жисмоний имконияти чекланмаганларники. Касаллик бўйича чиққанлар борку¸ ўшаларники, деди Хоразм вилоят ногиронлар жамияти ходимаси.

Фарғоналик 70 ёшли Муҳсин ака ногиронларни қайта текширувдан ўтказилишини ижобий баҳолаб, эндиликда қалбаки ҳужжат тайёрлаб ногиронлик нафақаси олаётган кишиларнинг фош бўлишини айтади.

- Жуда яхши иш бошлашибди. Чунки жуда кўп одамлар соғ-саломат бўлса ҳам ногирон бўлиб олиб пенсия олиб ëтишибдида. Менинг атрофимда шундай одамлар борки¸ тўрт мучаси соғ. Лекин пенсионер бўлиб олганда. Иккинчи гуруҳ ногирони қилиб олган. Кўпчилиги мана шунақа қилиб ВТЭКнинг нималари¸ врачлари давлатни талон-тарож қилиб ëтибди. Қалбакилар тўлиб ëтибди. Ўшалар бюджетнинг пулини еб ëтишибди. Давлатнинг бюджетидаги пулларни бекорга олиб ëтганлардан қайтариб олиш керакда. Ўша қилганларни жазолаш керак. Шунда адолат бўлади, дейди фарғоналик Муҳсин ака.

Қашқадарёлик иккинчи гуруҳи ногирони бўлган суҳбатдошимиз эса, айни тадбир мамлакатда коррупциянинг янада ривожланишига замин яратишини ва яна оддий одамлар бундан азият чекиши мумкинлигини айтади.

- Мен¸ албатта¸ бунга салбий қарайман бу тадбирнинг ўтказилишига. Порахўрликнинг яна бир куртак отишига сабабчи бўлади¸ порахўрликни ривожлантиради¸ деб ўйлайман. Менинг фикрим шундай. Ижобий фикрни мен кўрмаяпман бу ерда. Бўлмайди ҳам. Группани сотиб олганини билмайман лекин пенсиясини қалбаки стаж билан кўтартирганларнинг ўзим гувоҳи бўлганман. Маълум миқдорда пул беради. Кейин келишиб унга уч йилми¸ беш йилми стаж берадида. Энди эса яна пули бор пенсиясини олаверади, пули йўқ қолиб кетаверади. Яна порахўрлик фақат, дейди қашқадарёлик суҳбатдош.

Ушбу тадбирлар 2009 йилнинг 30 декабридаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора - тадбирлари ҳақидаги" фармонидан кейин амалга оширила бошланди.

Ушбу фармонда Ўзбекистон Молия вазирлигининг Бош назорат-тафтиш бошқармаси зиммасига фуқароларнинг пенсия ва нафақаларига оид ҳолатларни ёппасига текшириш, тиббий –меҳнат эксперт комиссиялари томонидан берилган текширув ҳужжатлари ва хулосаларни такрорий экспертизаларни ўтказиш юклатилди.

Аксар таҳлилчилар бу жараённи мамлакатда ногиронлар сонини қисқартириш компанияси ўлароқ баҳолаб, шу йўл билан ҳукумат бюджет пулларини иқтисод қилишни режалаётганини таъкидлашади.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатсиз, ногирон кишилар сони 700 мингдан зиёдни ташкил қилади.

Юқорида Хоразм вилоят ногиронлар жамияти ходимаси жами 20 % кишининг ногиронлиги бекор қилинишини билдириб ўтди.

Демак, айни чора 20% ногиронга тегишли экани ҳисобга олинса, мамлакат бўйича 700 минг ногирондан 140 мингининг ногиронлик ҳужжати¸ аниқроғи ўз тирикчилигининг асос манбаидан маҳрум бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG