Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:11

Навбат бева аёлларга келди


“Комсомолская правда” газетасида “Террорчиларнинг 1000 га яқин бева ва сингиллари доғистонлик жангариларга кўмаклашмоқда” номи остида мақола эълон қилинди. Унда бир гуруҳ доғистонлик аёлларга нисбатан худкушларни тайёрловчи “аёллар жамоати”га бирлашаётгани тўғрисида асоссиз айблов қўйилган.

Газетада чоп этилган мақолада айбланган аёллардан бири Айша Макашарипова Озодлик саволларига жавоб берди.

Озодлик:
Айша, айтингчи, шу мақола чоп этилишидан олдин сиз билан муаллифлар учрашганмиди?

- Йўқ, йўқ. Ҳеч ким мен билан учрашгани ҳам йўқ. Мен учун бу кутилмаган бир ҳодиса бўлди. Мен ўзим бу мақолани ўқиганим ҳам йўқ, лекин ҳозир бир шок ҳолатидаман.

Озодлик:
Биз мақола муаллифлари Коц ва Стешин билан боғландик ва улар барча айбни махфий органлар зиммасига юкладилар. Шунингдек, улар "суратлари чоп этилган аёллар бу мақоладан катта зиён кўрмасликларини" бизга билдирдилар. Бу ҳақиқатан шундайми?

- Бу ҳақиқий бемаънилик. Мен 4 боланинг онасиман. Мен тинчгина ишга бораман ва шу йўл билан ортга қайтаман. Менинг ҳаётим бу фарзандларимдир. Қариндош-уруғларим ҳам руҳий ларзада. Мени қайсидир Наврўзовнинг хотини деб чиқишлари ҳам ёлғон. Айбловларни қўйган одам жавоб ҳам бера олиши керак, бундай бемаънигарчиликка. Мен қариндошларим учун жавоб бермайман. Мен сотувчи бўлиб ишлайман ва сўнгги пайтларда изимдан кимдир пойлаб юрганини сезяпман. Ҳозир танишларимсиз кўчага чиқа олмай қолганман.

Озодлик : Сиз ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилмоқчимисиз?

- Албатта. Судга топшираман. Бошқа аёлларни танимасам ва улар билан қандай уланишни ҳам билмаяпман ҳозирча. Менинг мақсадим- мақола муаллифлари нима сабабдан бундай иғволарни тарқатишганлиги тўғрисида фақат тушунтириш олиш, холос. Аслида бу орган ходимларининг бизга қарши амалиёти. Уларнинг мақсади битта- одамларни бизга қарши қилиб қўйиш,- деди жабрланган Айша Макашарипова.

Қандай қилиб уларнинг шахсий маълумотлари нопок журналистларнинг қўлларига тушган бўлиши мумкин, деган саволга, “Жамоат” ташкилотини тузганликда айбланган Гулнора Рустамова ўз фикрини билдирди:

- Ҳар бир тахмин қилинаётган жангарининг қариндош-уруғлари ягона бир базага киритилади ва шу база асосида махфий тузилмалар схемаларни ишлаб чиқишади. “Комсомолка” журналистларининг қўлига шунчаки шу схемалардан бири тушган. Улар эса бу схемадан шов-шув кўтарувчи “оламшумул” бир ҳикоя яратишган. Иншаллоҳ, улар билан судда учрашамиз,- деди Гулнора Рустамова Озодлик Радиосига.

Россия шаҳарларида содир этилган портлашлар сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида “қора бевалар” тўғрисидаги гап-сўзларнинг оммавий равишда тарқатилишига туртки бўлмоқда.

Бир қатор нуфузли матбуот органлари уз саҳифаларида чоп этилаётган материаллар орқали ижтимоий норозиликни айнан бева аёлларга йўналтиришга уринишлари йўқ эмас.

Кавказ бўйича эксперт, сиёсатшунос Сергей Маркедонов Доғистонда бўлаётган воқеаларнинг аксарияти ҳукумат органларининг тазйиқи остида вужудга келмоқда деган фикрда.

- Шимолий Кавказда Ислом радикализмининг ёйилишига албатта давлат органларида томир отган коррупция сабаб бўлмоқда. Ички ишлар ва ҳуқуқ тартибот идораларида тартиб ўрнатилган ҳолатдагина исломчиликка боғланаётган муаммолар ўз-ўзи билан йўқ бўлиб кетади. Туғри, Шимолий Кавказда ҳатто ўша ҳолатда ҳам норозилар бўлиши мумкин, лекин давлат органларига қаршилик кўрсатиш оммавий тус олмайди. Коррупциялашган давлатга айланиб бораётган Россияда, ижтимоий портлаш хавфи ҳам ошиб боради, - деди сиёсатшунос Сергей Маркедонов.

REGNUM ахборот агентлигининг хабарига кўра 1993 йилдан 2010 йилга қадар Россия ҳудудида террорчилик ҳаракатлари натижасида 2000 ортиқ одам ҳалок бўлган. Биринчи (1994-1996) ва иккинчи (1999-2000) чечен урушлари давомида жами 10 мингдан ортиқ Россия ҳарбийлари ва 30 мингдан ортиқ жангарилар ўлдирилган.

Сўнгги беш йил ичида Доғистонда куч ишлатар тизимлар томонидан 500 дан ортиқ жангари йўқ қилинган.

XS
SM
MD
LG