Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:23

Назарбоев Қирғизистондаги воқеаларга баҳо берди


Назарбоев Қозоғистон Қирғизистонда фуқаролар уриши олдини олгани ҳақида гапирди.
Назарбоев Қозоғистон Қирғизистонда фуқаролар уриши олдини олгани ҳақида гапирди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев журналистлар билан учрашуви чоғида Қирғизистонда содир бўлиши мумкин бўлган фуқаролар урушини бартараф қила олганини қайд этди.

Вашингтонда ядро хавфсизлиги бўйича бўлиб ўтган саммитдан қайтиб келгач, 16 апрел куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонадаги Оқўрда қароргоҳида журналистлар учун брифинг ўтказди.

Саммит натижалари ҳақида гапириб ўтган Нурсултон Назарбоев, бўлиб ўтган тадбирда Қозоғистон позицияси халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланганини қайд этди.

- АҚШнинг Невада полигони аналоги бўлмиш Қозоғистондаги Семипалатинск полигонини ёпиш ва ядро қуролидан воз кечишимиз бўйича позициямиз халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди, - деди Нурсултон Назарбоев.

Қайд этиш жоизки, Нурсултон Назарбоевнинг Остонада бўлиб ўтган брифинг чоғидаги қилган чиқиши, асосан Қирғизистонда бўлиб ўтган воқеаларга бағишланди.

Назарбоевга кўра, Вашингтонда бўлиб ўтган саммит чоғида АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев Қирғизистонда содир бўлган тартибсизликлар юзасидан қаттиқ ҳавотир билдирганлар ва Нурсултон Назарбоевдан Вашингтонда бўла туриб, Қирғизистондаги вазиятни назорат остига олишини сўраганлар.

- Мен Вашингтонда бўлиб туриб, эртаю кеч Бакиев ва муваққат ҳукумат билан музокаралар олиб бордим. 14 апрел куни Остонага учиб келдим. Бу вақт оралиғида эса, тунда ҳам кундузи ҳам музокаралар олиб бордим.

Қирғизистонда нима содир бўлди? Гап шундаки, Бакиев Қирғизистон жанубида тарафдорлари кўплигига ишонди. Митинглар ўтказди, унинг ёнида қуролланган одамлар бор эди. Илк суҳбатимиз чоғида, Бакиев ҳукумат учун охиргача курашишини таъкидлаб ўтди. Бу эса, қон тўкилишидан бошқа ҳеч нимага олиб келмаслигини англатарди, - деди Нурсултон Назарбоев.

Эслатиб ўтсак, 15 апрел куни Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев истеъфога кетиши ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйди ва мамлакатни тарк этди. Ўша куннинг ўзида Бакиев самолёти Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига келиб қўнди.

Остонадаги брифинг чоғида Қозоғистон раҳбари Бакиевни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш ва Қозоғистонга олиб келиш жуда қийин бўлгани, аввалига Қирғизистон муваққат ҳукумати Бакиевни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги Назарбоев илтимосларига кўнмагани, ўз навбатида, Бакиевни ҳам Қирғизистонни тарк этишга кўндириш ўта мушкул бўлганини айтиб ўтди.

- Менинг буйруғим билан Қозоғистон мудофаа вазирлиги ва ҳарбий-ҳаво кучлари Қирғизистондан Бакиевни олиб келиш учун 04 рақамли бортни юборди.

Самолетни қўриқлаш учун биз унинг ичига маҳсус тайёргаликни ўтаган ҳарбийларни ўтказдик. Соат 18:30 да самолет Олмаотадан ўчиб, соат 19:15 да Жалолободга келиб қўнди. Ва соат 20:15 дақиқа ўтганди Бакиев ва унинг оиласи бўлган самолет Қозоғистонга келиб қўнди.

Бу операцияни бажариш вақтида бизнинг учувчиларимиз катта хавф остида эдилар. Мен уларга ўз миннатдорчилигимни билдирим, вазирга уларни мукофот билан тақдирлаш ҳақида буйруқ бердим.

Сабаби ушбу операциянинг бошидан улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйдилар. Энг сўнгги дақиқаларгача биз Жалолобод ёки Ўшга қўнишимиз кераклигини билмадик. Учувчилар ўзлари ечим қабул қилдилар. Бизга Ўшга қўниш учун рухсат беришди, аммо Бакиев Ўшга келишни истамади, - деди Нурсултон Назарбоев.

Сўзи давомида, Назарбоев Қозоғистон Қирғизистонда юзага келиши мумкин бўлган фуқаролар урушини бартараф этиб, Қирғизистоннинг жануб ва шимолга бўлиниб кетишини олдини олишга муваффақ бўлганини айтиб ўтди.

Айтиш жоизки, кеча қозоқ Ташқи ишлар вазирлиги 15 апрел куни мамлакатга келтирилган Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев ҳамон Қозоғистон ҳудудида эканини билдириб ўтди. Кеча Қозоғистон мухолифатидаги партиялари давлат раҳбари номига баёнота йўллаб, Бакиев учун Қозоғистонда жой йўқлиги ва уни зудлик билан бошқа мамлакатга чиқариб юборилишини талаб қилдилар.
XS
SM
MD
LG