Линклар

logo-print

Россия суди ўзбекистонликнинг талабини қондирди


Отабек Йўлчибоевнинг ишончли вакиллари у Россияга келган тақдирда Миграция хизмати томонидан яна таъқиб остига олиниши мумкинлигини ва шу важдан Отабек ҳозирда Ўзбекистонда эканлигини айтаяптилар.

Отабек Йўлчибоевнинг ишончли вакиллари у Россияга келган тақдирда Миграция хизмати томонидан яна таъқиб остига олиниши мумкинлигини ва шу важдан Отабек ҳозирда Ўзбекистонда эканлигини айтаяптилар.

Қозон шаҳрининг Вахитов туман суди Ўзбекистон фуқароси Отабек Йўлчибоевнинг Россия ҳукуматига даъво аризасини кўриб чиқди. 16 апрел куни чиқарилган суд ҳукмига кўра, Россия Молия вазирлиги эндиликда Йўлчибоевга 42,5 минг рубл товон пули тўлаши лозим.

2008 йилнинг 12 ноябрида Отабек Йўлчибоев амакиваччасининг шахсий дала ҳовлисига ош тайёрлаш учун таклиф қилинган. Шу ерда ош тайёрлаётган Отабекнинг хужжатларини кўрган Россия Миграция хизмати ходимлари унга ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш айбини қўйишган ва қўлга олишган. Натижада у 45 кунлик қамоқ жазосини ўтаган ва 177 кун маъмурий таъқиб остида бўлган.

Олдинроқ хабар қилганимиздек, Қозондаги Ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази адвокатлари саъй-ҳаракатлари натижасида Татаристон Олий суди қарори билан маъмурий таъқиб тўхтатилди. Суд қарорига биноан, Федерал миграция хизмати томонидан Йўлчибоевга қўйилган айбловлар асоссиз деб топилди ва 2009 йилнинг март ойида иш тўхтатилди.

Бўлиб ўтган суд маҳкамаси тафсилотлари тўғрисида жабрланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилган Қозон Ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази котиби Булат Мухамеджонов шундай деди:

- Ушбу маҳкама жараёнида ҳакам ўзи тўлиқ якунловчи қарор чиқариш ҳуқуқига эга эди. Миграция хизмати юристи даъвогарга эътироз билдирди. Унга биноан, Йўлчибоевнинг ҳибсга олинишига Федерал Миграция хизматининг ҳеч қандай алоқаси йўқ: улар зарурий ҳужжатларни тўлдириб судга топширишган. "Йўлчибоев Отабекни қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни эса суднинг ўзи қабул қилган", деган эътироз билан чиқди юрист. Аслини олганда, қонун бўйича унинг гапида жон бор. Бошқа томондан, нима бўлганда ҳам, бизнинг мамлакатимизга меҳмон сифатида келган чет-эл фуқароси ноқонуний жазоланди! Кимдир жавоб бериши керак-ку!

Барча даъволар ва талаблар кўриб чиқилди ҳамда Федерал суд ҳаками Эдуард Каминский Миграция хизмати вакили Олег Стеколшиков талабларини асоссиз, деб топди. Суд даъвогар Йўлчибоев ҳисобига маънавий зарар учун 20 минг рубл ва адвокат хизмати учун 22,5 минг рубл компенсация ундирилиши тўғрисида қарор чиқарди. Лекин биз суддан 89400 рубл (ҳар 1 қамоқ жазосига кунига 1200 рубл, ҳар 1 маъмурий жавобгарликка тортилган кун учун эса 200 рублдан) товон ундириш талабини қўйган эдик. Ундан ташқари, ёлланган адвокат хизматларини 23 тысяч 100 рубл миқдорида белгиладик. Жами Отабек Йўлчибоев Россия Молия вазирлигидан 112 минг 500 рубл талаб қилган эди. Қарорни қўлга 19 апрелда оламиз ва Отабекнинг қариндошлари билан маслаҳатлашиб кўрамиз, деди Қозон Ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази котиби Булат Мухамеджонов.

Отабекнинг судда вакили сифатида иштирок этаётган унинг аммаваччаси Улуғбек Озодликка суднинг бу қароридан норози эканлигини ва Татарстон Олий судига товон пулини тўлиқ тўланиши талаби билан чиқишини айтди:

- Суд бўлди... Суд моддий зарарни тўлиқ миқдорда, маънавий зарарни эса сўралган 89 минг рублдан 20 мингини тўлаш тўғрисида қарор чиқарди. Нима учун бунақа камлиги сабабларини айтмади. Қарорни қўлга олганимиздан кейин биламиз. Биз учун энди бу принципиал иш, охиригача борамиз. 20 минг пул эмас-да...

Озодлик: Отабекнинг ўзи қаерда? Ўзи судда иштирок этмадими?

- Йўқ, у адвокати Артур Шакировга генералний доверенност ёзиб берган, деди Отабекнинг қариндошларидан Улуғбек.

Отабекнинг суддаги ишонган вакили Артур Шакиров Озодликка жўнатилган хатида суд тайинлаган 20 минг рубллик маънавий компенсация тўловини Йўлчибоевнинг бошидан кечган қийинчиликларига тенглаштириб бўлмайди, деган фикрни билдирди. У Отабек Йўлчибоев Россияга келса, Миграция хизмати томонидан яна таъқиб остига олиниши мумкинлигини ва шу сабабли ҳозирда Ўзбекистонда эканлигини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG