Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:50

Европада парвозлар чеклови ўз кучида қолмоқда


Авиаширкатлар Европа раҳбарларидан йўловчи ташувчи самолётлар парвозлари учун 15 апрелда жорий қилинган чекловни қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.

Исландиядаги вулқондан ҳавога катта миқдорда кул булути тарқала бошлаганидан кейин Европадаги аксар давлатларда йўловчи самолётлар парвози таъқиқланган эди.

Европа авиациясини назорат қилувчи ташкилот раҳбарлари 18 апрел куни Европа ҳаво ҳудудининг 80 фоизи парвозлар учун ёпиқ бўлгани ва кунига одатдагидек 24 минг эмас, балки 5 мингта самолёт парвоз қилганини билдирди.

Евроконтрол ташкилоти 15 апрелдан бери Европа ҳаво ҳудудида 63 мингта самолёт парвозини таъқиқлаган. Шу боис миллионлаб йўловчи бир неча кундан бери учишга рухсат берилишини кутиб, аэропортларда ўтирибди.

Европанинг 20 дан ортиқ давлати ўз ҳаво ҳудудини парвозлар учун ёпиқ деб эълон қилгани натижасида авиасаноат кунига 200 миллион доллар зарар кўраётгани айтилмоқда.

Британиянинг British Airways, Франциянинг Air France, Нидерландиянинг KLM Royal Dutch ва Германиянинг Lufthansa каби йирик ширкатлари сўнгги кунларда синов парвозлари амалга оширилганидан кейин Исландиядаги вулқоннинг ҳавога тарқалаётган кулидан ҳосил бўлган булут самолёт моторига зарар етказмаганини билдирди.

Мутахассислар эса шиша ва тош заррачалари аралашмасидан иборат бўлган кул самолёт мотори ва бошқа қисмларига зарар етказиши ва бу ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Исландиядаги Эйяфяллайокул номли қулқон ҳавога бир маромда кул булутини тарқатишда давом этмоқда.

Якшанба куни Европа Иттифоқининг Транспорт бўйича мутасаддиси Сиим Каллас 19 апрел куни Европа ҳаво ҳудудининг 50 фоизи йўловчи ташувчи самолётлар парвози учун очилишига умид билдирди.

Европа Иттифоқи мутасаддиси минглаб самолёт парвози кечиктирилгани доим кузатиладиган ҳолат эмаслигини урғулади.

Айни пайтда юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун Европа Иттифоқи транспорт вазирлари 19 апрел куни ўзаро видеоконференция ўтказишни режаланган.
XS
SM
MD
LG