Линклар

Тожикистон Ўзбекистонни халқаро судга бермоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон қуйи палатасидепутати Олимжон Салимзода фикрича, Ўзбекистонда тожикларга тегишли юк вагонларининг асоссиз ушлаб турилиши расмий Тошкентнинг Роғун ГЭС қурилишига эътирози намойишидир.

Тожикистон қуйи палатасидепутати Олимжон Салимзода фикрича, Ўзбекистонда тожикларга тегишли юк вагонларининг асоссиз ушлаб турилиши расмий Тошкентнинг Роғун ГЭС қурилишига эътирози намойишидир.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг халқаро алоқалар, жамоатчилик ташкилотлари ва ахборот бўйича қўмитаси раиси Олимжон Салимзода тожик расмийлари ана шундай қарорга келганини айтади.

Тожик расмийсига кўра, юк вагонлари транзити билан боғлиқ муаммода ҳеч қандай техник сабаблар бўлмай, аксинча бу ерда кўпроқ сиёсий мотив сезилади.

- Роғун ГЭС қурилишига тиш-тирноғи билан қарши бўлган ўзбек биродарларимиз бугунги кунда ҳар турли баҳоналар билан юк вагонларимизни ойлар давомида асоссиз ушлаб туришибди. Ўша вагонлардаги юкларнинг ҳаммаси ҳам Роғун қурилиши учун кўзланган юклар эмас. У вагонларда қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар ҳам бор. Тожикистон ва Ўзбекистон бир қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кирган ва кўплаб халқаро ҳужжатларни имзолаган. Бугунги кунда ўзбекларнинг юк вагонларимиз транзитига тўсиқ яратаётгани ўша ҳужжатлар талабига зиддир. Ўзбекистон томони бу жиҳатларини ҳам назарга олиб, мавжуд муаммони тезроқ ижобий ҳал қилиши лозим. Акс ҳолда, биз Ўзбекистонни халқаро судга беришга мажбур бўламиз, дея таъкидлади қуйи палата вакили Олимжон Салимзода.

Депутат Тожикистон яхши қўшничилик принципларига амал қилган ҳолда, илдизи узоқ тарихга бориб тақаладиган биродарлик ва дўстлик андишаси билан шу кунгача Ўзбекистонни халқро судга бермай келганини ҳам қистириб ўтди.


Шунингдек , Салимзода Ўзбекистоннинг Роғун ГЭС қурилиши ва Талко алюминий ишлаб чиқариш заводи атроф-муҳитга зарарлари тўғрисидаги иддаолари ҳақиқатдан йироқ, дея билдирди.

- Талко алюминий ишлаб чиқариш заводи гўё минтақа экологиясига зарар етказаётган эмиш. Завод шўролар даврида “дўстлик корхонаси” деб аталарди. Чунки у ерда тожиклар, ўзбеклар, руслар ва бошқа шу каби миллатлар елкама-елка туриб ишлаган. Бу завод 35 йилдирки фаолият кўрсатади. Нега шу кунгача ўзбекистонликлар бунинг зарарларидан шикоят қилишмади? Ўн-ўн беш йил аввал қаерда эди улар, энди зарарларини сезиб қолишдими? Бу шунчаки баҳона, яъни Роғун қурилишини тўхтатишга уриниш йўлида қилинаётган уриниш, дейди Тожикистон қуйи палатаси депутати.

Айни пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдулло Йўлдошев юк вагонлари билан боғлиқ муаммо икки республика ҳукуматлари доирасида муҳокама қилинажагини маълум қилди.

- Яқин кунларда Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг давлатлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтади. Ўшанда юк вагонлари билан боғлиқ масала ҳам кўриб чиқилади. Бу бўйича, сиз журналистларнинг тили билан айтганда, “паника” қилмаслик керак. Ҳукуматлар ишлаяпти, ҳаммаси яхшилик билан ҳал бўлади, дея ишонч билдирди бугун кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Тожикистондаги сиёсий доира вакиллари билан бир қаторда мустақил таҳлилчилар ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд муаммоларга ечим топиш борасида турли хил фикрдалар.

Бир гуруҳ таҳлилчилар муаммоларни Ўзбекистонга халқаро ташкилотлар орқали босим ўтказиш йўли билан ҳал қилиш зарурлигини қайд этсалар, бошқа таҳлилчилар ўзбеклар ва тожиклар азалдан бир-бирига биродар,қон-қардош бўлиб яшаганини назарга олиб, муаммоларни яхшилик ва муроса йўли билан ҳал қилиш шарт, деб биладилар.

- Икки қўшни ўртасидаги ҳар қандай муаммо фақат музокара йўли билан ҳал қилиниши зарур. Биз ҳаммадан аввал халқ манфаатларини назарга олишимиз лозим. Тожиклар ва ўзбеклар тарихдан бир-бирига чамбарчас боғлиқ, бир-бирига ака-ука бўлиб келган. Бугун бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиш учун ташқаридан восита керак эмас. Биз келишган ҳолда, барча масалаларни ўзимиз ҳал қилиб оламиз, бунга ақлимиз етади, дейди жумладан мустақил таҳлилчи Комёб Жалилов.

Тожикистон Темир йўллари давлат ширкатидан олинган маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистон ҳудудида туриб қолаётган тожикларга тегишли юк вагонларининг сони 3000 тага етган.

Тожикистонлик темир йўлчиларнинг гапига қараганда, ҳар куни Ўзбекистондан Душанбе йўналиши бўйича юк вагонлари қабул қилиниб турибди. Аммо, ширкат масъулларининг айтишларича, Хатлон вилояти йўналиши бўйича уч ойдан буён Ўзбекистондан бирорта юк вагони Тожикистонга киритилган эмас.
XS
SM
MD
LG