Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:15

Бакиев даври битди. Миллий шовинизмчи?


Қурмонбек Бакиевнинг беш йиллик ҳокимияти даврида миллий шовинизм кучайди; қирғизларни улуғ халқ сифатида кўтаришга ҳаракат қилинди;бошқа халқлар иккинчи сортга туширилди¸ дейди қирғизистонлик ўзбек журналисти. Хўш¸ бундай сиëсат Бакиев билан якун топдими?

Эшиттиришимизнинг бугунги сони мавзуини Қирғизистондаги воқеалар белгилаб берди.

Эндиликда, яъни 16 апрелдан бошлаб собиқ президент Қурмонбек Бакиев, 7 апрел куни Бишкекни тарк этиб, туғилиб ўсган юрти Жалолобод вилоятига етиб борган соатлардан бошлабоқ кўплаб кузатувчилар мамлакат жанубида миллатлараро можаролар чиқиб кетиш хавфи тўғрисида гапира бошлади.

Афтидан бундай хавфсирашга муайян асослар бўлган бўлса керакки, 8 апрел куни Ўш шаҳар ҳокими қирғизларни ҳам, ўзбекларни ҳам қаттиқ огоҳлантирди.

Бу ҳақда ўша куни Ўшдаги мухбиримиз мана бундай хабар қилган эди.

Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ўз вазифасига киришишдан аввал Ўш шаҳар давлат маъурияти биносида бўлиб ўтган йиғинда одамларни тинчликни сақлашга чақирди:

- Мен сизлардан илтимос қиламан, 1990 йилги воқеалар такрорланиб кетмасин, ўзбекни кўрсанглар, бир километр наридан айланиб ўтинглар. Ўзбек биродарларимизга ҳам айтаман, “қирғизни кўрсангиз, бир километр наридан айланиб ўтинг”. Бир ювуқсиз келиб, провокация қилиб, 90-йил такрорланиб кетмасин. Шунга қаттиқ турайлик, деди Ўш шаҳар мэри.

Миллатларо тўқнашувлар чиқиб кетишидан, айниқса, Қурмонбек Бакиев жон сақлаган Жалолобод вилояти ўзбеклари қаттиқ ташвишга тушди.

Бу ерда ўзбек тилида чоп этиладиган “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломовнинг айтишича, Қирғизистон парламентининг экс-депутати Қодиржон Ботиров етакчилигидаги Ўзбек миллий-маданий маркази фаоллари кейинги кунларда деярли ухламади¸аҳолининг турли провокациялар қурбонига айланиб қолишининг олдини олишга ҳаракат қилишди.

Хўш, миллатлараро тўқнашувлар, хусусан ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида можаро чиқиб кетиш эҳтимоли қанчалик реал?

Бу саволни қирғизистонлик уч таниқли ўзбекка бердик.

Улардан бирини ҳозиргина тилга олдик. Иккинчиси Қорасув шаҳри ҳокими, Ўш вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази раиси Аҳмаджон Раҳимов, учинчиси 2005 йил март инқилоби лидерлари сафида бўлган, инқилобдан сўнг бир йилга яқин Ўш вилоятига губернаторлик қилган Анвар Ортиқовлардир.

Биринчи суҳбатдошимиз “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов. Суҳбат 14 апрел куни, Қурмонбек Бакиев Қирғизистонни тарк этишидан бир кун аввал ёзиб олинган.

Озодлик: Биламизки¸ мана Жалолободда ўзбек жамоатчилиги биринчи уч-тўрт кун аввал 10 минг кишини йиғди. Кечами¸ ундан олдинги кунми 5000 кишилик митинг бўлди. Ўзбек жамоатчилиги ўша митингларга нима учун тўпланаяптию¸ уларнинг мақсади нима?

Улуғбек Абдусаломов: Аввало уни биз ўзимиз йиққанимиз йўқ. Сабаби одамлар ўзлари келишаяпти. Гап шу ердаки¸ кейинги беш йилда Бакиев ва унинг атрофидаги одамларнинг қўл остидаги ҳокимиятдан халқни эзиш ричаги сифатида фойдаланганлиги сабаб деб ўйлайман. Чунки одамларнинг топган-тутганларининг ҳаммасини шилиб олишга мўлжалланган сиëсий қурол сифатида ҳокимиятдан фойдаланилди. Ҳокимиятнинг барча ричаглари эгаллаб олинди. Президентга белгиланган ваколатлар оширилди. Конституцияга улар хоҳлагандай қилиб ўзгартиришлар киритилди ва бу ўзгартиришларга “Оқ жўл” деган сунъий равишда ташкил қилинган партиядан тайинланган депутатлар сабабчи бўлдилар. Бунинг оқибатида жамиятда тартибсизлик пайдо бўлди. Одамлар лавозимларни сотиб ола бошладилар. Ким кўп пул берса¸ ўша амалдор бўла бошлади ва у ўзининг пулини бир неча баробар кўпайтириш учун ўз лавозимидан фойдаланиб пора олиш йўллари бошланди. Пора олаëтган одамларни тутиш йўли чиқди унга. Унга уларни тутиб улардан пора олиш йўллари бошланди. Оқибатда жамиятда чириш пайдо бўлди. Одамларнинг юзидаги ғазаб шунчалик кўп эдики¸ ана шунинг учун одамлар ўзлари келиб¸ ўзлари айтишди. Кимни ëмон кўрса¸ унинг чўнтагига турли хил дориларни солиб милиция олиб бориб қамади. Кимни ëмон кўрса¸ СНБ ўшанинг уйига Ҳизбут-Таҳрир кассеталаридан¸ дискларидан ташлаб қамади. Улардан пул олди. Шунинг оқибатида шундай ҳолатлар пайдо бўлди.

Озодлик: Ташқаридан қараганда¸ ўзбек жамоатчилигининг бундай фаоллиги жозибали кўриниши мумкин. Бироқ айни пайтда нима учун алоҳида йиғилаяпти? Нима учун бирга яшаëтган қирғизлар билан эмас¸ деган савол ҳам пайдо бўлади.

Улуғбек Абдусаломов: Бу савол ўринсиз деб ҳисоблайман мен. Бизнинг йиғилаëтган митингларимиз алоҳида эмас. Қирғизлар¸ татарлар¸ руслар ва бошқа одамлар бор. Бошқа миллат вакиллари ҳам бор. Митингларимизда қирғизлар чиқиб гапиришаяпти. Биз нима учун алоҳида бу томонга йиғилаяпмиз? Шунинг учунки¸ провокация бўлмасин. Бугунги кунда Бакиев яратган режимнинг одамлари ўзининг ҳокимиятини сақлаб қолиш учун турли хил йўллардан фойдаланади ва улар турли хил ерларда провокациялар қилиб¸ миллатлараро низоларни келтириб чиқаришлари мумкин¸ деган ўзимизнинг хулосаларимиз оқибатида биз уларни алоҳида қилиб¸ атрофларни қўриқлаб¸ провокацияга берилмасдан шундай нималарни ўтказаяпмиз.

Озодлик: Кечаги эшиттиришимизда биз Қирғизистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши эҳтимоллари тўғрисида гапирдик ва кўплаб таҳлилчилар “Йўқ¸ бундай хавф йўқ. Фуқаролар уруши бўлмайди” дейишди. Сизнинг фикрингиз қандай?

- Мен ўша одамларнинг фикрига қўшиламан. Сабаби нимада? Сабаби шу ердаки¸ бизнинг оддий қирғиз ва ўзбек халқи биргаликда ишлаб биргаликда яшамоқдалар. Бу ишларни чиқараëтган одамлар амалдорлардир. Ўша режимннг винтлари¸ режимнинг деталларидир. Ўша режимда ўтириб ўзини боққан ва маишатини кўраëтган одамлардир. Оддий халқ бугунги кунда ўзларининг меҳнати билан кун кечираяпти. Бир-бирига ëрдам бераяпти ва шу билан бирга ўша ердаги митингларда ҳам режимнинг одамлари тўполон қилиб¸ ҳар хил жанжалларни чиқариб ўзларининг шармандаларча қилиқлари билан оғзига келган гапларни гапираëтган одамларни қирғизлар ўзлари¸ оқсоқоллар “Уяти йўқ. Ахмоқ. Сендай одамлар бор экан¸ биз яхшиликни кўрмаймиз” деган гапларгача айтишаяпти. Бу ҳолатлар¸ биз ҳеч қачон бир-биримизга ўқ отмаймиз. Ўқ отса ўша чиновниклар¸ ҳокимият талашганлар бир бирига отар. Улар ўзлари отишаверсин. Лекин уларга биз қўшилмаймиз. Қирғизларнинг оддий халқи ҳам қўшилмайди уларга.

Бакиев даврида миллий шовинизм кучайди. Қирғизларни улуғ халқ сифатида кўтаришга ҳаракат қилинди. Қирғизистонда яшаëтган бошқа халқлар уларга ўхшамаган иккинчи сортдаги одам қатори газета ва журналларда¸ радиоларда¸ телевидениеларда акс эттирилди. Ўша миллатчилар ҳокимият тепасида ўтирдилар. Ўша миллатчилар бошқа одамларни пастга урдилар. Оқибатда мана шундай ҳолатлар пайдо бўлди. Агар ўша миллатчилар йўқ бўлганда эди¸ бундай ҳолатлар бўлмаган бўларди. Бугун муваққат ҳукуматнинг аъзолари ҳар қаерда айтаëтган бўлса¸ Қирғизистоннинг халқи ҳаммаси тенгдир. Бу революция Қирғизистон халқларининг ҳаммаси учун бўлаяпти. Агар биз ҳаммамиз шуни бирлаштирмайдиган бўлсак¸ мамлакат ҳеч қачон ўзгармайди ва бўлиниб кетиш хавфи бор деган гапларни айтишаяпти¸ дейди Жалолободда ўзбек тилида чоп этиладиган “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов.

Иккинчи суҳбатдошимиз Қорасув шаҳри ҳокими, Ўш вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази раиси Аҳмаджон Раҳимов. Аҳмаджон ака бошқараётган шаҳар ўзининг катта улгуржи бозори ҳамда Ўзбекистоннинг Қорасув шаҳрига туташ эканлиги билан ўқувчига яхши таниш.

Озодлик: Аҳмад ака¸ сизнинг назарингизда миллатлараро жанжал чиқиб кетиш хавфи борми-йўқми?

Аҳмаджон Раҳимов: Бунақа хавф йўқ ҳозирги кунда.

Озодлик: Жалолободликларнинг хавфсираши нимадан унда?

Аҳмаджон Раҳимов: Жалолободда ҳам бунақа хавф йўқ. Ўзбек-қирғиз чиқадиган бунақа хавф йўқ. Мен жалолободлик миллатдошларим билан гаплашиб турибман. Унақа хавф-хатар йўқ. Ҳозир энди компромисга келиб¸ столга ўтиришиб¸ мана Жалолобод вилояти губернаторининг муовини бўлиб Той деган йигитни қўйишди. Шаҳарга вице-мэр қилиб Ғанишер деган ўзбек йигитини қўйишди. Жалолободда ҳамма ëқ яхши¸ тинчлик.

Озодлик: Кейинги беш йилда¸ Бакиев президент бўлиб турган пайтда¸ шу масалада қайси томонга ўзгариш бўлди? Яхши ўзгариш бўлдими ëмон ўзгариш бўлдими?

Аҳмаджон Раҳимов: Республикадаги воқеанинг ўзи сизга жавобини берса керак.

Озодлик: Айнан миллатлараро масалаларда. Масалан¸ жалолободликлар билан гаплашдим. Уларнинг айтишича¸ ëмон томонга ўзгарибди. Улуғбек Абдусаломов “Бакиев даврида миллатчилик кучайиб кетди” деган гапни айтди.

Аҳмаджон Раҳимов: Вилоят миқëсида айтсам¸ унақа нарсани сезганимиз йўқ. Беш йил ичида иккинчи марта вилоят миллий-маданий марказига 2009 йилда сайландим. Биз вилоятда унақа нарса бўлганини билмаймиз. Бытовой энди урушиб талашиш мумкин¸ лекин очиқдан- очиқ унақа нималарни кўрганим йўқ. Нимагаки мен ҳам Қорасув шаҳар бошлиғиманда.

Озодлик: Умуман 7 апрелда юз берган ўзгаришга Ўш вилоятидаги ўзбекларнинг муносабати қандай?

Аҳмаджон Раҳимов: Бу энди тарихий жараëн. Бу нарсага тарихнинг ўзи баҳо беради. Лекин биз Ўш миллий-маданий маркази қошида¸ қолаверса республика миллий-маданий маркази қошида мажлис ўтказиб¸ бўлаëтган ишларга оқилона қараган ҳолда қирғиз миллатдошларимиз¸ ватандошларимиз билан биргаликда яхшиликнинг тарафдори бўлиб¸ маҳалла-кўйларимизда шунақа халқ посбонлари деймизми¸ дружинаси деймизми¸ шунақаларни ташкил қилиб¸ Худога шукур шу кризисни енгдик. Мана бугунги кунда Қурмонбек Солиевич Бакиев ўзининг президентлик лавозимидан воз кечди. Хатини ëзиб берди.

Озодлик: 7 апрелдан бери алмаштир-алмаштир¸ уни ол буни ол деган ишлар бўлаяпти. Сиз мана Қорасув шаҳри ҳокимисиз. Сизнинг ҳокимлигингизга ҳеч қандай дахл йўқми? Бирор бир гуруҳ сиздан ҳокимликни топширишни талаб қилмаяптими?

- Шахсан менинг ҳокимлигимни ëки миллатдошларимнинг ҳокимлигини топшириш деган нарса бўлаëтгани йўқ. Лекин шунақа тўполон маҳалда ҳар хил номини сотган ҳар хил яхши-ëмон одамлар ҳам пайдо бўлаяпти. Лекин мен халқ сайлаган вакилман. Мен ўзимнинг ўрнимда ишлаяпман. 7 апрел куни бизнинг Қорасувда ҳам митинг бўлган. Биз шу ерда координационний совет тузиб¸ мен шунинг аъзосиман. Шундан бери биз тинчлик¸ яхшилик тарафдори бўлиб ишлаб келаяпмиз¸ дейди Қорасув шаҳри ҳокими, Ўш вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази раиси Аҳмаджон Раҳимов.

Учинчи суҳбатдошимиз 2005 йил март инқилоби лидерлари сафида бўлган, инқилобдан сўнг бир йилга яқин Ўш вилоятига губернаторлик қилган Анвар Ортиқовдир.

Анвар ака билан ўтказилган суҳбатга ўтишдан олдин шуни айтиб қўйиш керакки, бундан беш йил муқаддам Бакиевни ҳокимиятга олиб келган кучлар сафида бўлганига қарамай, у киши кўп ўтмай ишдан – Ўш вилояти губернаторлигидан олинди. Кейинги йилларда ишсиз юрди. Ва ниҳоят 6 апрел куни, Таласдаги тўполонлар бошланиб кетгач, мухолифатнинг бошқа лидерлари қатори ўша куни кечқурун қўлга олинди.

Анвар Ортиқовнинг дараги 7 апрел куни мухолифатчилар озодликка чиққанидан кейин ҳам, ундан кейин ҳам пайдо бўлмаган эди.

16 апрел куни у кишининг соғ-омон эканлигини билдик. Ва кейинги кунлардаги ўзи билан боғлиқ воқеаларни сўрадик.

Озодлик: Анвар ака¸ қамоқдан қачон чиқдингиз? Кирганингизни биламиз¸ чиққанингизни билмаймизда.

Анвар Ортиқов: Ҳаммамизни бир олиб чиқди. Халқ келиб СНБ ни босиб олиб¸ ўт қўйиб бизни озодликка олиб чиқишди. Кечга яқин¸ соат 7 ларга яқин чиқдик.

Озодлик: 7 апрел куними?

Анвар Ортиқов: Ҳа. Мени 6 апрел куни соат 9 да Ўшдан ушлаб кетишган. Мен Ўшда ўзбекларни кўтариб қирғизлар билан маслаҳат қилиб¸ иккита халқни қўшиб революция қилгани чиқамиз¸ деганмиз. Соат 9 да мени ҳам ушлаб кетди.

Озодлик: Ўшда сақлашдими?

- Ўшда кечқурун соат 9 дан эрталаб 9 гача сўроқ қилишиб¸ бир минут дам бермасдан соат 9 да олиб чиқиб самолëтга чиқариб конвой билан¸ мен уй кийимда¸ шиппакда эдим¸ шу бўйи олиб келиб Бишкекка СНБга тиқишди. Мен Ўшда “Мен ҳали ҳеч нарса қилганим йўқ. Бўйнимга олмай қўйсам ҳам ҳаққим бор. Мен қўл қўяëтган бўлсам ҳам айтаман. Агар қирғизлар ëки бошқа халқ Бакиев бизнинг душманимиз деган бўлса¸ мен шу кўпчилик халқ тарафда туриб¸ ана шу халқнинг душмани Бакиевга қарши курашаман. Халқ кўтарилса¸ мен ҳам чиқиб бошида тураман” дедим. Усенов “Ортиқов мана бўйнига олди” деб интервью берибдию. 7-8 йилдан бери Ақаев¸ Бакиевдан қўрқмаган нимага бугун қўрқиб кетишим керак? Бу биринчи марта олиб бориб қамаëтган ери эмас. Кечаси машиналарда қувиб йўлларимни тўсганлари бўлган¸ дейди Анвар Ортиқов.

Анвар Ортиқовдан сўрайдиган гапларимиз кўп эди. "Нима учун беш йил муқаддам Бакиевни қўллаган эдингизу нега энди бугунга келиб унга қарши бўлиб қолдингиз"дан тортиб, шу ва шунга ўхшаш жуда кўп саволларни бергимиз келаётган эди.

Лекин бугунги мавзумиз доирасидан чиққимиз келмади.

Демак, Анвар Ортиқов билан суҳбат.

Озодлик: Шундай ваҳималарга қандай асослар бор? Чиндан ҳам хавфлими миллатлараро муносабатларнинг аҳволи?

Анвар Ортиқов: Ҳар қандай тўс-тўполон бўлганда қандайдир кучлар фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Мана шу тўполондан ўзига бирор фойда чиқариб қолишни ўйлайди. Мана тўполон бўлганда мародëрлик¸ магазинларни ўғирлаш¸ босиб олиш ëки бўлмаса ҳокимият кучсиз бўлиб турганда гуруҳ-гуруҳга бўлиниб олиб¸ кимнидир чиқариб буни қўямиз деб¸ шунақанги тескари нарсалар бу революцияга тааллуқли нарса. Мен ўйлайман¸ Бакиевнинг бунга алоқаси бор. Ҳокимиятга келган маҳалда бу одам миллатлараро низо чиқараман¸ деган ҳаракатлар қилди. Бу аниқ. Биз буни биламиз. Ўзлари шу варақа тарқатганлар ҳам бўлди. Мисол учун¸ Ўшда биров бунга кўнгил бургани йўқ. Чунки иноқлик¸ алоқа бизда 2005 йилдан бери мустаҳкам. Бу йилги революцияга ҳам ўзбек-қирғиз ҳаммаси тенг чиқишди. Бирга юришиб¸ бирга туришади.

Озодлик: Кеча мен жалолободликлар билан гаплашдим ва у киши Бакиев даврида миллатчилик жуда авж олиб кетди¸ деган гапни айтди. Шунга қандай қарайсиз?

- Мана сиз ўшликлардан сўраб кўринг. Албатта¸ ҳар бир одамнинг бир шахсий одамдан хафа бўлганлиги бўлиши мумкин. Умуман олганда Ўшда шунақа муаммо йўқ. Мен ўша ерда бир йил губернатор бўлиб ишлаб келдим. Бўлади ҳар хил бытовой қарашлар. Жалолободда 2005 йил озгина бўлиниш қолган. Жалолобод биринчи бўлиб Ақаевга қарши чиққанда ўзбеклар чиқмай қўйган Ақаевни қўллаган бўлиб. Кўнгилда шундан ëмон асорат қолган. Шуни йўқотиш керакда. Хоҳлаймизми хоҳламаймизми¸ бутун умр ота-боболаримиз¸ биздан кейин бола-чақаларимиз бирга яшайдиган халқмиз. Мен айтаëтганим йўқ¸ албатта эгилиб хокисор бўлишнинг кераги йўқ. Тенг ҳуқуқли фуқаро бўлиб мана шу ерда яшашимиз керак. Шароитлар ҳаммаси бор. Мактабларимиз бор ўзбекча¸ газеталаримиз бор¸ телевидениеларимиз бор. Қолаверса театрларимиз бор. Бу хафа бўладиган¸ муаммо қидириладиган масала эмасда. Муаммо бўлса¸ уни кўтариб келиш керак. Ҳақиқатан ўзбекларнинг бир муаммоси бўлса¸ менга олиб келинглар¸ мен қўяй юқорида шу масалани¸ дейди Қурмонбек Бакиевни ҳокимиятдан кетишга мажбур қилган воқеалар арафасида қўлга олинган мухолифатчилардан бири, Бакиев ҳокимият тепасига келган йили Ўш вилоятига губернаторлик қилган Анвар Ортиқов.

Анвар Ортиқов билан ҳам, Қорасув шаҳри ҳокими Аҳмаджон Раҳимов билан ҳам Қурмонбек Бакиев Қозоғистонга етиб олиб, президентликдан истеъфо берганидан кейин суҳбатлашдик.

Шу куни бир оддий ўшлик йигитнинг ҳам овозини ёзиб олдик.

- Ҳозир Ўшда тинчлик. Кеча шаҳарда митинг бўлди. Митингга Бакиев келиб сўзга чиқмоқчи эди¸ уни чиқаришмади. Шунинг учун у сразу орқасига қайтиб кетди. Айни пайтда Ўшда тинчлик. Ҳозир бозорда турибман. Савдо-сотиқлар бўлаяпти. Машиналар¸ маршрут таксилар ҳаммаси юраяпти. Ҳамма ëқ тинчлик¸ осойишталик.

Озодлик: Миллатлараро муносабат.

- Миллатлараро муносабат тўғрисида айтадиган бўлсам¸ шу кунларда анча-мунча жойларда шунақа гаплар бўлаяпти. Лекин Ўшда¸ мана мен ҳозир Ўшнинг марказида бозорда турибман¸ бу ерда ҳеч қанақа ундай гап йўқ. Ўзбек¸ қирғиз¸ ўрис¸ тожик – умуман унақа гап йўқ. Ҳамма ишлаяпти¸ тинчлик¸ осойишталик¸ дейди ўшлик оддий бир йигит.
XS
SM
MD
LG