Линклар

logo-print

Ислом Каримов Москвада музокара бошлади

  • Фаррух Юсуфий

Қўшнинг кўр бўлса¸ кўзингни қисиб юр¸ деган нақлга амал қилган Ислом Каримов 19 апрел куни Внуково аэропортидан Кремл раҳбарлари билан сўзлашувга йўл олди.

Қўшнинг кўр бўлса¸ кўзингни қисиб юр¸ деган нақлга амал қилган Ислом Каримов 19 апрел куни Внуково аэропортидан Кремл раҳбарлари билан сўзлашувга йўл олди.

Қирғизистондаги воқеалар ривожи нафақат постсовет¸ балки халқаро ҳамжамият диққатида қолаëтган айни кунларда Кремл раҳбарлари билан учрашаëтган Тошкент раҳбаридан мезбон томон бироз ҳовурдан тушишни истамоқда.

Дмитрий Медведев Кремл раҳбарлигига келганидан бери Ислом Каримов Москвага биринчи марта расман таклиф қилинди.

Каримовнинг Москва сафарига оид аввалги лавҳамизда икки президент музокараларининг кун тартиби мавҳум қолаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Каримов Москвага етиб келган душанба куни ҳам расмийлар бу ҳақда пичоққа илинадиган хабарни очиқлагaни йўқ.

- Учрашув ҳақида аввалдан бир нарса дея олмаймиз. Музокаралар якунлангач¸ президентлар брифинг ўтказадиган бўлса, улар нима ҳақида гаплашгани ўшанда маълум бўлади. Ҳар қалай менда ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Умуман¸ Ўзбекистон президентининг Москвага келаётгани ҳақида сиздан эшитиб турибман, деди Кремл матбуот хизмати вакили.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Озодлик радиоси билан бу ҳақда умуман гаплашишни истамади.

- Бизлар аккредитациядан ўтганлар билан гаплаша оламизда.

Озодлик: Умуман президент кетдими-кетмадими шуни айта оласизларми?

- Агар билганимда¸ жавоб берардим ака.

Озодлик: Кетган-кетмаганини билмайсизми?

- Йўқ¸ билмайман¸ дейди Ўзбекистон президенти матбуот хизматида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Ҳар нечук, Каримовнинг Москвага жўнаб кетгани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Москвадаги норасмий манбалар ҳам Исландиядаги вулқондан тарқаëтган ҳалокатли кулнинг Россия осмонига қадар етиб келганига қарамай¸ Каримов учоғининг эсон-омон Москвага етиб келганини айтмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, “Ислом Каримов ва Дмитрий Медведев Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.”

Хўш, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қанчалик эҳтиёж бор ва икки президентни халқаро аҳамиятга молик қандай масалалар қизиқтириши мумкин?

Россиядаги “РИА Новости” агентлиги халқаро шарҳловчиси Санобар Шерматова, Тошкент-Россия муносабатларида кейинги бир йил ичида тўпланиб қолган муаммолар талайгина ва Каримовнинг ташрифи уларни ҳал қилиш учун қулай фурсат бўлиши мумкин, деган фикрда.

- Каримов Москвага икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилаш мақсадида келмоқда. Чунки кейинги бир-икки йил ичида муносабатлардаги мувозанат бироз бузилгани, яъни алоқалар бузилгани ва баъзи соҳаларда тўхтатиб қўйилганини кўриш мумкин. Масалан, Россия матбуотида сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва мамлакат раҳбарияти шаънига танқидий мақолаларнинг кўпайиб боргани бунинг далилидир. Ва менимча, ҳозир ўзаро тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш ва алоқаларни яхшилаш фурсати келиб қолди, дер экан Санобар Шерматова, бошқа таҳлилчилардан фарқли ўлароқ, Қирғизистондаги вазият Каримов-Медведев музокараларининг асосий мавзуси бўлади, деган фикрга қўшилмайди.

Бу фикрни айтаётганлардан бири Россия Фанлар академияси қошидаги Тарих институти эксперти, профессор Артём Улунян. Унинг фикрича, Қирғизистонда кўтарилган халқ исёни Москва учун кейинги пайтларда ўз “инжиқликларини” кўрсатиб келаётган Тошкентни бундай қилиқлар оқибатидан огоҳлантириб қўйиш имкониятини яратди.

- Москва ҳозирда Марказий Осиёдаги жараёнларга бевосита аралашиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистоннинг ўз вақтида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кучларининг унга аъзо давлат ички ишларига бевосита аралашувини кўзда тутувчи ҳужжатни имзоламагани ҳаммага маълум. Менимча, бу сафар президентларнинг ўзаро суҳбатлари чоғида бу масала муҳокама қилинади. Чунки, тўғри энергия ва сув заҳираларидан фойдаланишга оид муаммолар муҳим, лекин ҳозир асосий диққат Қирғизистонда қолмоқда. Янги ҳукуматнинг, хусусан Қўшма Штатлар ва Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масаласида қандай сиёсат олиб бориши Москвани қизиқтирмоқда. Чунки Қирғизистонда АҚШ базасининг бўлиши Россия раҳбарияти учун оғриқли масалалардан бири бўлиб келган. Бу масала Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир, чунки Ўзбекистоннинг НАТО билан алоқалари кенгаядими, йўқми, деган савол Кремл диққат марказида қолмоқда. Албатта, Россия ҳукумати буни истамайди, дейди Россия Фанлар академияси эксперти, профессор Улунян.

Москвдаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими директори Андрей Грозин ҳам, Каримов Медведев билан муҳокама қиладиган асосий мавзулардан бири минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш устида чиққан зиддият муаммоси бўлса-да, Қирғизистондаги вазият музокаралар кун тартибининг марказида бўлади, деган ишончда.

- Қирғизистон факторининг бу музокаралардаги бошқа масалаларни иккинчи планга суриб қўйиши кундек равшандир. Боз устига¸ Қирғизистонда рўй бераётган воқеаларнинг ҳам Афғонистон, ҳам минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш муаммолари билан бевосита боғлиқлиги буни тақозо этади. Чунки Қирғизистоннинг Афғонистондаги жараёнлар борасида қандай йўл тутишига кўп нарса боғлиқ бўлади, яъни Афғонистонга Марказий Осиё орқали, жумладан Ўзбекистон ҳудуди орқали кетаётган транзит йўлларининг келгусидаги конфигурацияси бунга боғлиқ бўлади. Қирғизистондаги воқеалар Тошкент-Москва муносабатлари доирасида сув заҳиралари билан боғлиқ муаммоларнинг муҳокама қилинишига ҳам ўзгартиш киритади. Чунки Қирғизистон муваққат ҳукуматини ҳозир Қамбарота ГЭСи қуриш масаласи қизиқтирмаслиги аниқ ва келаси ярим йил давомида бу муаммо Бишкек ҳукумати учун устувор масалалар сирасидан чиқади. Шунинг учун бу соҳада, Медведев билан Каримов Тошкент ва Душанбе ўртасида сақланиб қолаётган ва минтақадаги вазиятнинг таранглашувига жиддий ҳисса қўшаётган зиддият масаласини муҳокама қилиши аниқ, дейди таҳлилчи Грозин.

Айни пайтда, Каримовнинг Россияга етиб боришидан бир неча соат аввал Москвада марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти ташаббуси ва Россия расмийлари розилиги билан Ўзбекистон режимига қарши норозилик намойиши ўтказилди.

Сиёсий қочқинлар, мухолифатдаги Ўзбекистон Эрк демократик партияси ва қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари иштирок этган намойишда Каримов режимига қарши шиорлар айтилди, дейди тадбир ташкилотчиси Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раҳбари Баҳром Ҳамроев.

- Асосий шиоримиз “Бугун Бакиев¸ эртага Ислом Каримов кетади”. Яна айрим шиорлар бор эди. Мисол учун “Ислом Каримов бугун ислом умматининг душмани” деган. Араб тилларида ҳам кўтариб чиқдик шиорларимизни, дейди Баҳром Ҳамроев.

Одатда сиёсий норозиликлар, боз устига бир давлат раҳбарининг ташрифи чоғида унга қарши намойиш ўтказишга рухсат бермайдиган Россия расмийларининг бу тадбирга қаршилик кўрсатмагани, икки томонлама алоқаларда муаммолар пайдо бўлганига яна бир ишора, дейди Санобар Шерматова.

- Ҳамкор давлат президенти келадиган кунда унга қарши норозилик намойишини ўтказишга рухсат бериш Россия ҳукумати учун ғайриодатий ҳолдир. Бу икки давлат ўртасида муаммолар борлигини кўрсатувчи рамзий маънога эгадир. Россия бу муаммолар борлигини намойиш қилиб, Каримовнинг сал муросалироқ бўлишга ундашга уринаётган кўринади. Бу намойишни аввал Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтказишга рухсат бериб, кейин бошқа жойга кўчирилганида ҳам ўзига яраша маъно бор. Бу Россия ўз позициясини бироз юмшатаётгани ва Каримовдан ҳам буни кутаётгани рамзидир, дейди РИА Новости шарҳловчиси Санобар Шерматова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG