Линклар

Европа ҳаво ҳудуди очила бошланди


Душанбе куни Австрия ўз ҳаво қўналғаларини йўловчи парвозлари учун очди.

Душанбе куни Австрия ўз ҳаво қўналғаларини йўловчи парвозлари учун очди.

Исландияда ўтган ҳафта уйғонган вулқон Европа давлатларига қимматга тушди. Беш кундирки қитъадаги аксар давлатлар ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолмоқда.

ЕИга аъзо давлат Транспорт вазирлари фавқулодда мажлис ўтказиб, Европа ҳаво ҳудуди узра йўловчи учқичлар парвозига жорий қилинган тақиқни қисман юмшатиш масаласини муҳокама қилмоқдалар.

Ўтган ҳафта Исландияда отилган вулқондан ҳавога катта миқдорда кул булути Европа давлатлари томон тарқала бошлади ва ЕИга аъзо давлатлар бирин кетин ўз ҳаво ҳудудларини ёпа бошладилар.

Ҳаво ҳудудининг ёпилиши бешинчи кун давом этар экан Европа авиаширкатлари кўраётган зарар миқдори бир неча миллион доллардан ошиб кетди, миллионлаб йўловчилар ўз манзилларига бора олмай аэропортларда кун кечиришга мажбур бўлмоқдалар.

Бугун Брюсселда журналистларга гапирган Европа иттифоқининг Транспорт масалалари бўйича комиссари Сиим Каллас парвозларнинг тўхтатилиши авиакомпанияларга 2001 йил 11 сентябр ҳуружлари сабаб АҚШ ҳаво ҳудудининг уч кунга ёпилганидан ҳам қимматга тушаётганини маълум қилди.

-Авиакомпанияларнинг бугунги хулосаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ушбу мисли кўрилмаган ҳодиса оқибатлари 11 сентябр воқеаларидан ҳам ошиб тушмоқда, деди Сиим Каллас.

ЕИ комиссарининг билдиришича, юзага чиққан бўҳрон давомида Европа давлатлари йўловчилар хавфсизлиги масаласида ҳам бир тўхтамга кела олмаган.

ЕИнинг амалдаги президенти Испания юзага чиққан бўҳронни муҳокама қилиш мақсадида ЕИ Транспорт вазирлари ўртасида видео конференция ўтказиш таклифи билан чиқди.

Европа комиссияси эса кул булутининг Европа иқтисоди ва саёҳат бизнесига келтирган зарарини ўрганувчи махсус қўмита ташкил қилди.

Европа авиациясини назорат қилувчи ташкилот раҳбарлари Европа ҳаво ҳудудининг 80 фоизи парвозлар учун ёпиқ бўлгани сабабли кунига одатдагидек 24 000 эмас¸ балки 5000 та самолёт парвоз қилганини айтди.

Евроконтрол ташкилоти 15 апрелдан бери Европа ҳаво ҳудудида 63 000 та парвоз тақиқлангани, миллионлаб йўловчининг аэропортларда қолиб кетганини билдирди.

-Ҳисоб-китобимизга кўра, Европанинг 50 фоиз ер ҳудуди вулқондан сўнг пайдо бўлган кул булутлари қоплаган ҳудуддан ташқарида жойлашган. Бир нечта аэропортлар ва ҳаво ҳудудлари очилиши мумкин ҳамда бизнинг тахминимиз билан кўпи билан 30 ёки 35 фоиз парвозлар бугундан бошлаб амалга оширилиши мумкин, дейди Евроконтрол ташкилоти вакилларидан бири Брайн Флинн.

Айни пайтда Европа авиаширкатларининг билдиришича, Европа бўйлаб парвозларга тақиқ жорий этилгандан буён ширкатлар кунига 200 миллион евро атрофида зарар кўрмоқдалар.

Европадаги йирик авиаширкатлар, жумладан British Airways, Air France, KLM Royal Нидерландия ҳаво йўллари ҳамда Lufthansa компаниялари сўнгги кунларда синов парвозлари амалга оширилганидан кейин Исландиядаги вулқоннинг ҳавога тарқалаётган кулидан ҳосил бўлган булут самолёт моторига зарар етказмаганини билдирди.

Сўнги маълумотларга кўра, Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясига 50 та парвозини амалга оширишга рухсат берилган. Шунингдек, эртадан бошлаб Шотландия ва Буюк Британия жанубий қисмининг парвозлар учун тўлиқ очилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG