Линклар

logo-print

Тундрага ташланган ўзбек муҳожирлари ëрдам истаëтир

  • Садриддин Ашур

Қашқадарëлик йигитлар¸ ҳаммаëқ музлаб ëтган бир шароитда ўрмонда тикилган чодирларда кун кечирмоқда.

Қашқадарëлик йигитлар¸ ҳаммаëқ музлаб ëтган бир шароитда ўрмонда тикилган чодирларда кун кечирмоқда.

Ўзбекистондаги расмий гуруҳ ва шахслар берган ваъдага ишониб Россияга ўрмон кесишга келган 60дан зиëд қашқадарëлик ниҳоятда кескин шароитда қуллардан ҳам баттарроқ аҳволда ишлаëтганларидан ҳикоя қилади.


Ўзбек меҳнат муҳожирлари саси энди Россиянинг қалин ўрмонлари, ҳадсиз-ҳудудсиз тундрадан ҳам кела бошлади.

Красноярск ўлкасининг Багучанский туманига қарашли ўрмонга шу йилнинг 16 февралида олиб кетилган қашқадарёлик меҳнат муҳожирлари Озодлик радиосига сим қоқиб, иш ҳақлари икки ойдан бери берилмаётгани, уларга бўлаётган қулларча муносабат ҳақида гапирдилар.

Бу йигитлар 61 нафар. Ёшлари 18 дан 50 гача. Улар Озодлик радиосига гапирар экан, тазйиқлардан хавфсираб номларини ошкор қилмади.

Шу йилнинг 16 февралида Қашқадарё вилоятининг турли туманларидан бўлган бу йигитлар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси ва Иркутск шаҳридаги “Ташкент” фирмаси ўртасида тузилган шартномага кўра, Россияга олиб кетилди. Шартномага биноан, улар иш кийими ва озиқ-овқатдан ташқари 15 минг рубл маош олишлари керак эди. Бироқ, икки ой бўляптики, уларга на маош берилди ва на тузук овқат.

Озодлик: Сизлар ҳозир ўрмондамисизлар?

- Ҳа.

Озодлик: Совуқми?

- Совуқ. Тиззадан баланд¸ бир метр қор ака.

Озодлик: Нима қилаяпсизлар?

- Биз ўрмонда ишлаяпмиз. Дарахт кесаяпмиз. Еб-ичиш¸ озиқ-овқат¸ шароит умуман йўқ. Биз шартнома қилиб келганмиз. Шартномадаги ҳеч нарса йўқ бизда. 15 кунда аванс беради деб чақиртирган. Аванс ҳам йўқ. Агар биз ҳаққимизни талаб қилсак¸ бизни ҳақоратлаб¸ сўкиб¸ умуман ҳаққимизни талаб қилишга йўл қўймаяпти.

Озодлик: 61 киши экансизлар. Ўзларингиз бир норозилик билдириб ....

- 61 киши¸ ака гапингизни бўлдим¸ 61 киши норозилик билдирди. “Сенлар бунт кўтараяпсан” деб мелиса чақириб¸ пропускамизни йиғиб олдириб қўйдирди. Ҳозир бизда умуман документ йўқ. Пропуск ҳам йўқ¸ разрешение ҳам йўқ. Мана ишлаганимизга икки ой бўлаяпти. Ярмининг паспортини олиб қўйган. Бизнинг пропускларни олиб қўйган. Талаб қилсак¸ бизни сўкиб¸ ҳақорат қилиб¸ умуман онангни деган сўзлар билан бизни ҳақоратлаб¸ нафсониятимизга тегиб¸ хўрлаяпти. Нонни бир кунда бир кусок беради. Унга одам тўймайди. Тундра деган ўрмоннинг ичидамизда ака.

Озодлик: Сизларни ишлатадиган¸ қўриқлайдиган одамлар борми?

- Бригадир қўйган. “Ишга чиқа олмайман. Касалман” деса¸ сўкиб¸ “Давай ишга. Бўлмаса¸ кўчага йўқол” дейди. Кўча қаерга йўқоламиз¸ ҳамма ер ўрмон. Бир километр юрсак¸ бўри¸ айиқнинг изи кўп. Бир метр қор. Қаерга чиқамиз ака? Иложимиз йўқ. Очликдан яна қайтиб келиб ишлаяпмиз. 500-1000 рубл пулимиз бўлса¸ кўчага чиқиб милицияга¸ ички ишларга мурожаат қиламиз¸ деймиз. Умуман бизда ҳозир пул ҳам йўқ. Умуман выход бермаган. Шароитимиз йўқ.

Озодлик: Сизлар билан қандай алоқа қилишади? Масалан¸ озиқ-овқатни қандай олиб келишади?

- КамАЗ келиб кетади бизга. Ўша ҳам орада уч-тўрт кун продукта узилгандан кейин келади. Уч-тўрт кун қолмади¸ қолмади¸ қолмади билан кейин бригадирлар “Қолмади умуман” дегандан кейин бизга перловка¸ нималарни қайнатиб беради. Ëғ деган нарса умуман еганимиз йўқ.

Озодлик: Сизлар очдан ўлмаслик учун ишлашга мажбур бўлаяпсизлар шундайми?

- Шундай.

Озодлик: Бўлмаса овқат ҳам бермайди.

- Овқат бермайди. Даже нон ҳам бермай “Кийимни еч ва йўқол” дейди.

Озодлик: 61 киши экансизлар. КамАЗ келганда миниб қочиб кетмайсизларми?

- Булар местний. Ҳеч нарса қила олмаймиз ака. Сал нима қилсак¸ улар ҳар бало қилишдан қайтмайди. Ўзлари “18-19 ўлик жўнатдим. Сенлар ҳам ҳеч нарса эмас. Биттанг бир нима қилсанг¸ автомат олиб келтириб отиб ташлаттираман” деб дағдада қилганлари ҳам бўлган. Энди ҳаммасини айтишга менда вақт етмайди, дейди йигитлардан бири.

Бу йигитлар Иркутск шаҳридан 1200 километр узоқликда, қалин ўрмонда дарахт кесадилар. Аниқроғи¸ Багучанский ГРЭСининг юқори кучланишли электр линияси қурилиши лозим бўлган йўлакда кесиб кетилган дарахтларнинг қолган шох-шаббаларини тўплаб ёқиб юборадилар. Бошқа бир меҳнат муҳожири сўзларига кўра, уларга Ўзбекистонда ваъда қилинган шартлар умуман бажарилмаяпти.

- 61 кишини Ўзбекистонда шартнома қилиб “15 кунда аванс¸ 25 кунга ойлик. Ҳеч қандай норматив йўқ” деб жўнатган эди. Биз бу ëққа келгандан кейин Ўзбекистон шартномаси буларга ўтмади. Булар тан олмаяпти. Биз ўрмоннинг ичида палаткада ëтиб тураяпмиз. Ҳеч қандай разрешение работасиз ана шу ерда ëтибмиз биз. Страховой полисимиз йўқ. Ярим болалар касал. Қай аҳволда уйга етиб борамиз¸ кимга мурожаат қиламиз¸ ким томондан ойлик оламиз – биз мана шунинг ечимини топа олмаяпмиз. Шу бугунга қадар “Ана бераман. Мана бераман. ОМОНни чақираман” деб бизни қўрқитиб¸ қорларга яхлатди бизларни. Мана шу Суюн Ориповнинг ўзи. Бездокумент ҳамма жойда қийнаб юрибди. Белинкада ишладик бизлар. Ўрмон кесдик бизлар. Белинкадан ойлик бермади. У ердан Кодинскийга келдик. Бу ерда ҳам аҳвол шу. Бир қозон сувга перловкани қайнатиб беради. “Есанг е¸ емасанг кўчага чиқ” дейди. Биз қаерга боришимиз керак? Биз қорни эритиб¸ докадан ўтказиб сув қилиб ичаяпмиз. Совуқ бўлса нима қилишимиз керак? Ичида битта печка бор. Атрофида қаланиб ëтибмиз. Белгача қор. Устимиз ивиб кетади. Оëқлар уюшиб¸ томирлар шамоллаб бўлди ака. Осмондан тушгандай келтириб ўрмоннинг ичига урган. Тўрт томонга йўл йўқ¸ дейди бошқа бир меҳнат муҳожири.

Йигитларнинг сўзларига кўра, уларнинг бу ерга келишига ўзини Ўзбекистоннинг Россиядаги консули деб таништирган Суюн Орипов деган шахс воситачилик қилган. Биз асли қашқадарёлик бўлган Суюн Ориповни қидириб топдик. У Ўзбекистоннинг Россиядаги консули эмас, балки Иркутскдаги “Ўзбекистонликлар иттифоқи” жамиятининг раиси. Суюн Орипов қашқадарёлик йигитлар билан бўлаётган муаммони тан олди. Бироқ улар айтган иддаоларни ёлғон деди.

- Ака¸ мен энди¸ нима дейман. Тепада Худо бор¸ бу гапларнинг ҳаммаси нотўғри. Мана ҳозир Қашқадарëдан келган одам юрист. Ҳозир менинг кўзимнинг олдида бир ҳафталик озиқ-овқатнинг рўйхатини олди бухгалтериядан. Ўзимизнинг шу одамлар билан бирга келган одамлар машинага ортиб жўнатган шу нарсани. 287 минг сўмлик продукта кетган экан. Шунинг ҳисобидан фақат гўштнинг ўзи 200 кило экан мана шу ҳафта. 12 қоп ун кетган экан. У ерда 52 нафар одам ишлаяпти¸ дейди Суюн Орипов.

Хўш, ҳақиқатан ҳам ўзбекистонлик ишчилар ҳафтасига 200 килограмм гўшт еяптими? Биз бу савол билан яна уларга мурожаат қилдик:

Озодлик: Сизларга бир ҳафтага 200 кило гўшт берадими?

- Билмадим. Биз кўрмаймиз уни аак.

Озодлик: Гўшт ейсизларми?

- Энди еб турибмиз. Унчаликмас¸ дейди бу йигит.

Суюн Орипов эса йигитларга маош фирма томонидан берилмаётганини тан олди, бироқ бунга йигитларнинг ўзи айбдор, деди:

- Менинг ташкилотимда коммерческий деятельност йўқ. Мен фақат назорат қиламан. “Ташкент” деган фирма бор. Бу одамларнинг ҳаммаси мана шу фирмада оформление қилинган. Ҳозир бизлар бошлиқ билан гаплашдик. Бошлиқ “Мен пулини бермайман деяëтганим йўқ. Бераман. Лекин 25-числода қилинган ишни ўлчаймиз. Бу ойда иш ëмон эмас. Яхши иш бўлаяпти. Уч акт приëмный передача қилганимиздан кейин уч куннинг ичида ойлигини қўлига берамиз” деяпти¸ дейди Суюн Орипов.

Унга кўра, биринчи ойда йигитларнинг ўзи ёмон ишлаган, шартномада кўрсатилган нормани бажармаганлиги учун маош ҳам берилмаган. Бироқ йигитлар, улар тинмай ишлаётгани, бу ерга бола-чақа боқиш учун келганини айтишди.

- Йўқ¸ нимага ишламаймиз? Ўзимиз ишлаш учун келганмиз ака. Ҳеч ким бу ерга ўйнагани келгани йўқ. Бола-чақа боққани¸ рўзғор деб келган. Ҳамма ишлаяпти. Мана ҳозир болаларнинг ҳам қолгани ишдан келаяпти¸ дейди бу йигит.

Қашқадарёлик муҳожирларнинг ноласи уларнинг ота-оналаригача етиб борди. Ота-оналар фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюросига мурожаат қилдилар.Бюро раиси ўринбосари Ҳабибулла Қаҳҳоровнинг айтишича, бу йигитлар кетиши олдидан уларга Россиядаги меҳнат оғир бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

- Фуқароларгҳа аниқ тушунтириш берганман. Кетаëтган пайтда 15 минг рублга договор қилинган. Мен болаларга “Сизлар бориб ўша ерда ишлай оласизларми? Лаëқат борми сизларда? У ердаги шароит мана шундай” деган пайтим болалар “Мана шу 15 минг рублни берса бўлди” дейишди. “15 минг рубл бериш учун у ерда сени оғир меҳнат кутаяпти” десам ҳам гапга қулоқ солмасдан¸ ҳаммаси рози бўлдида. Сим тортилган ерда фақат техника юриши мумкин. Одам юрмаган жойда булар юриб¸ трассани очиб кетиши керак. Совуқ шароитда нормани бажара олмадида мана шунақа ҳолат келиб чиқди¸ дейди Ҳабибулла Қаҳҳоров.

Қаҳҳоровнинг айтишича, бу ишни текшириш учун Иркутскка бюронинг ҳуқуқшуноси Шуҳрат Орипов юборилди. Биз уни қидириб Иркутскдан топдик. Шуҳрат Ориповнинг айтишича, айни пайтда у ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг шартномалари билан танишиб чиқмоқда ва яқин кунларда воқеа тафсилотларини жойига бориб ўрганади. Биз келгусида бу мавзуга яна қайтамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG