Линклар

Ўзбек муҳожирлари Россиядан депортация қилинмоқда


Муҳожирларнинг ўзларига кўра¸ айни кунларда Россия бўйлаб қорамағиз муҳожирларни овлаш жараëни бормоқда.

Муҳожирларнинг ўзларига кўра¸ айни кунларда Россия бўйлаб қорамағиз муҳожирларни овлаш жараëни бормоқда.

29 март куни Москвада содир этилган портлашлардан сўнг Россияда ҳўлу қуруқ баравар ëнмоқда ва маҳаллий миграция идоралари ҳужжати бор-йўқлигига қарамай¸ ўзбек муҳожирларини оммавий бадарға қилмоқда.

Москвада содир этилган террор хуружлари ортидан Россиядан меҳнат муҳожирларининг оммавий тарзда депортация қилина бошлангани тўғрисида хабарлар келмоқда. Нажот инсон ҳуқуқлари гуруҳи тарқатган баëнотга қараганда¸ жорий йилнинг биринчи чораги давомида биргина хоразмлик меҳнат муҳожирларидан 1300 нафари Россиядан ҳайдаб чиқарилган.

Меҳнат муҳожирларига нисбатан Россия ҳукумати тазйиқининг ошиб бориши маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари эътирозига сабаб бўлмоқда.

- Москвада бўлган портлашлардан сўнг қаршилик чоралари жуда ҳам кучайтирилган бутун Россия бўйича. Кўпгина меҳнат муҳожирлари ҳозирги кунда Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда миграция хизмати вакиллари тарафидан ноқонуний депортацияга учрашаяпти. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ишлашга расмий рухсати борми ëки йўқми¸ қанчалик қонунларга тўғри келади ëки йўқлигига қарамасдан уларни катта-катта гуруҳларда депортация қилиб Россия ҳудудларидан чиқариб юборишаяпти. Кўпгина меҳнат муҳожирлари мажбурий депортацияга тушишлари натижасида ўзларининг охирги уч-тўрт ойликларини ололмасдан қайтиб келишаяпти¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов.

Суҳроб Исмоилов Россия Федерацияси президенти Дмитрий Медведевнинг таклифига мувофиқ 19 апрел куни бошланган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Россияга икки кунлик расмий ташрифи давомида вужудга келган муаммолар ҳал этилишига умид қилмоқда.

- Мана шу ташриф чоғида Ўзбекистондан кетган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини таъминлаш¸ улар учун ишлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш¸ ҳуқуқий ҳимояни икки давлат ўртасидаги муҳим масалалардан бирига айлантириш каби саволлар ҳам муҳокамада икки давлат бошлиқлари ўртасида кўтарилса эди¸ яхши бўлар эди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Меҳнат муҳожирларининг оммавий равишда бадарға қилинишига доир Россия расмий доираларининг фикр-мулоҳазаларини билиш мақсадида Калуга вилояти иммиграция назорати бўлими бошлиғи Сергей Лубчинский билан боғландик.

- Гап шундаки, Россия Маъмурий Процессуал Кодекси 18-19-моддаларининг бир қатор бандларига асосан ноқонуний бадарға қилиниши учун расмий шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади. Федерал миграция хизмати депортация қилиш ваколатларига эга эмас. Биз фақат баённома тузамиз, судга топширамиз. Мазкур шахсларнинг Россия ҳудудида маҳсус ҳибсхонада сақлаш ва ундан чиқариб юбориш масалалари билан суд ва Ички ишлар органлари шуғулланади¸ дейди Калуга вилояти иммиграция назорати бўлими бошлиғи Сергей Лубчинский.

Бироқ айни пайтда Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган ўзбекистонликлар бу борада бошқача фикрдалар. Россияда муҳожирликда юрган Ибодулланинг айтишича, шу кунларда Россиянинг нафақат марказий шаҳарлари, балки туманларида ҳам Миграция хизмати ва Ички ишлар органлари ҳақиқий “муҳожир ови” уюштирмоқда.

- Чëрныйлардан кўраяпти. Биз ҳам юра олмаяпмиз Москвада. Биз ҳам под Москва юрибмиз. Биз ҳам бекиниб¸ қочиб юрибмиз. Документ бўлган тақдирда ҳам бизларга удар бўлаяпти. На электричкада юра оламиз¸ на кўчада. Ҳозир биз стройкада ишлаяпмиз. Пул йўқ. Пулни кутамиз¸ ишлаймиз¸ пул йўқ. Бир ой деди. Бир ой ҳам ўтиб кетди. Биз энди бу объектдан чиқиб кетамиз. Биз меҳнат шартномаси қилиб беринг десак¸ булар отказ қилаяпти. “Ишла¸ пулингни оласан” дейди. Шу билан юрибмиз. Шахсан менинг бригадамни ëтоқхонада босишди. Меҳнат шартномамиз бўлмаганлиги учун ҳаммамизни подвалга олиб бориб тиқди. Суддан ўтказди. Суддан тўрт-беш киши бўлиб¸ қонуний қилдими¸ ноқонуний қилдими¸ ўтиб кетди. Бизга қамоқ жазосини берди. У ëққа сиғмадик. Яна қайтариб отделга олиб келди. Хуллас билет оласизлар деди. Билет олиб келдик. Энди қандай қилиб бир тийинсиз уйга кириб борамиз? Келганимиз ҳам ҳали яқинда бўлган. Кейин билетни йиртиб¸ бошқа документ қилиб¸ бошқа жойда юрибмиз.

Озодлик: Ҳозир нима қилмоқчисиз энди?

- Энди ҳозир бу объектдан чиқиб кетаманда¸ четроқда бир дача бор. Шу ëққа чиқиб кетаман. Бу ерда ўзи 20 та эдик. 10 таси чиқиб кетди¸ 10 тамиз эртага чиқиб кетамиз. Кунлик иш топамиз. Бир нима қилармиз¸ дейди Россиянинг Калуга вилоятида меҳнат қилаётган Ибодулла.

Норасмий маълумотларга кўра, меҳнат қилиш мақсадида Ўзбекистондан четга чиқиб кетган муҳожирлар сони 5 миллионда 8 миллионгача одамни ташкил қилади ва бу муҳожирларнинг аксари айнан Россия кенгликларида иш изламоқда. Уларнинг Ўзбекистонга ўтказаётган маблағлари¸ яна норасмий ҳисоб-китобларга кўра¸ мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 8-12 фоизини ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG