Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

Қўқондаги "ободонлаштириш"га норозилик кучаймоқда


Қўқонни ободонлаштириш иддаоси билан уйи бузиб ташланган аëл норозилик учун ўз жонига қасд қилишдан ўзга йўл тополмаган кўринади.
Қўқонни ободонлаштириш иддаоси билан уйи бузиб ташланган аëл норозилик учун ўз жонига қасд қилишдан ўзга йўл тополмаган кўринади.

Жорий йилнинг 16 апрел куни қўқонлик бир аёл ўз уйининг ноқонуний бузилганига норозилик сифатида шаҳар хокимлиги биноси олдида қон томирларини кесиб ўз жонига қасд қилди.

Қўқонлик аёлнинг 16 апрел кунги норозилик акциясига гувоҳ бўлган Носир аканинг Озодликка маълум қилишича, ўз жонига қасд қилган аёл тирик қолган.

Носир ака: Уч аëл кўчларини КамАЗга юклаб олиб келди. Ўша пайтда мен Қўқон хокимияти олдида эдим. Аёллар КамАЗни тўхтатиб¸ юкларини тушираяпти. Ҳокимиятнинг бу ëнида.

Озодлик: Ҳокимият биносининг олдида бўлаётган гапми бу?

Носир ака: Берироқда. Ҳокимиятнинг биносига йўл тўсилган. Ремонт қилаяпти у ëқни. Аёллар КамАЗга уйларидаги уй жиҳозларини юклаб олишган, кейин улар уйининг юкларини машинадан тепиб тушираяпти. Иккита аëл тепада турибди. Ҳокимиятнинг бу юзида ўзларининг юкларини ерга қараб тушираяпти. Яна битта аёл, югуриб¸ бақириб ўзининг қўлларини кесаяпти пичоқ билан. Норозилик намойиши бўлса керак бу. Кейин мен аёлнинг қўлини кўрдим, 5-6 жойи кесилган эди.

Озодлик: Қўли қонмиди?

Носир ака: Қон. Битта қўлида пичоқ. “Яқинлашма. Нима қилма” деган гапларни айтиб, милиционерларга бақираяпти. Яна нималардир деяпти. Ҳамма гапини аниқ эшитмадим. Кейин икковини ҳам милициялар нима қилиб олиб кетишди.

Озодлик: Тез ëрдам чақиришмадими?

- Йўқ, шундай учовини ҳам мажбурлаб Матизга тиқиб милицияхонага олиб кетди. Ёш-ëш жувонларнинг қўлларидан тортиб, мажбурлаб КамАзнинг устидан олиб тушди. Кейин жувонларни машинага тиқиб олиб кетишди, дейди воқеа гувоҳларидан бири қўқонлик Носир ака.

Озодлик ўз жонига қасд қилган қўқонлик аёлнинг тақдири билан қизиқиб, Қўқон шаҳридаги шифохоналарга қўнғироқ қилди. Бироқ аниқлашимизча, ушбу аёл шифохонага ётқизилмаган.

Мустақил манбаларга кўра, аёлга амбулатория шароитида тиббий ёрдам кўрсатилган ва аёл тирик қолган.

Озодлик аёлнинг исми-шарифини аниқлашга муваффақ бўлмади. Маълум бўлишича, қўқонлик уч аёл ўз уйларининг бузилишига норозилик сифатида, уй жиҳозларини КамАЗга юклаб Қўқон шаҳар хокимлиги биноси олдига олиб келиб ташлаганлар. Бунга милиция ходимлари ҳалақит бергач, аёллардан бири вена томирларини кесиб, ўз жонига қасд қилган.

Қўқонлик Эргаш Қўшматовга кўра, кейинги пайтда бу аёллар сингари уйлари бузилаётган қўқонликлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Жаноб президент келди. Келиб туриб деҳқон бозорини¸ кейин Ички ишлар бўлимининг янги қурилган катта ҳашаматли иморатини кўриб кетди. У келиб кетгандан кейин жадаллаб кетди реконструкция. Қўқонда ҳозир жуда кучли реконструкция кетаяпти. Кўчалар кенгайтирилаяпти¸ иморатлар бузилаяпти. Ҳамма ерда ободончилик. Ўша президентимизнинг қарори бўйича шу нарса кетаяпти. Шаҳарнинг генералный реконструкциясини қилишди. Мана шу реконструкцияга тушган ҳамма иморатлар бузилаяпти шаҳар бўйича. Шаҳарда бир жойда эмас¸ бутун шаҳарда бузилаяпти ҳозир уйлар, дейди Эргаш Қўшматов.

Қўқонликларнинг сўзларига кўра, аксар ҳолатларда турар-жойлар ноқонуний бузилган ва кўпчилик аҳоли бузилган уйлари учун етарли миқдорда товон пули ололмаган.

Эргаш Қўшматовга кўра, жорий йилнинг айни қиш чилласида одамларнинг уйларини бузиб, ўзларини кўчага ҳайдашган¸бироқ одамлар бунга норозилик билдириб, хокимлик буйруғига бўйсунмаганлар.

- Гап шундаки¸ қиш вақтида булар шошиб қолди¸ қишда булар ҳаммани кўчириб юбориб¸ уйдагиларни кўчириб қандайдир бўшаган иморатларга жойлаштирмоқчи бўлишди. Аммо халқ бирортаси рози бўлмади. Бирортаси кетмади. Ҳеч қайсинисини мажбур қилиб кўчира олишмади, дейди Эргаш Қўшматов.

Қўқондаги ободонлаштириш ишлари бошланиши оқибатида шаҳардаги марказий бозорда фаолият юритиб келган 134 нафар тадбиркор ҳам бир қанча миллион сўм турадиган мол-мулкидан ажралиб қолди.

Озодликка маълум бўлишича, қўқонлик тадбиркорларнинг кўпчилиги ўз ҳақини талаб қилиб, судга мурожаат қилишмоқда.

Шулардан бири тахминан 50-60 миллион сўмлик мол-мулкидан ажралган Баҳром Мадаминовдир.

- Менинг дўконим ноқонуний бузилганлиги учун ҳозир Ички ишлар бўлимида жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараëни ҳали давом этаяпти. Жиноят иши қўзғатиш ҳақида ариза ташлаган эдик шаҳар ҳокимлигига. Шаҳар ҳокимлиги Ички ишлар бўлимига чиқариб мулкимизни ноқонуний бузганлар устидан жиноят иши қўзғатган. Ҳозирда жиноят иши тугатилгани йўқ, дейди Баҳром Мадаминов.

Эргаш Қўшматовнинг ҳам хусусий аптека биноси бузилиши шарт бўлган бинолар рўйхатида. Лекин Эргаш Қўшматовга кўра, у аптекасининг бузилишига қаршилик билдираяпти.

- Бизнинг аптекамиз ҳам бор. Буза олгани йўқ. Бузилган уйларнинг ўртасида қаққайиб турибди. Мен “То менга Ўзбекистон қарорлари бўйича пулини бермагунича¸ 97-модда бу¸ бузмайсизлар” дедим. Тамом турибди чўққайиб. То пулини бермагунча мен буздиргани қўймайман. Агар бузишса¸ мурожаат қиламан юқорига. Сизларга хабар бераман. Бутун дунëга жар соламан, дейди Эргаш Қўшматов.

Маълум муддат аввал қўқонлик 73 нафар тадбиркор Ўзбекистон раҳбарларига мактуб йўллаб, ноқонуний равишда мол-мулкидан, иш жойидан, даромад манбаидан маҳрум бўлганликларини ёзиб, агар ҳақ-ҳуқуқлари қонун йўли билан ҳимоя қилинмаса, президент девони олдида очлик эълон қилишларини билдиришган эди. Шу пайтгача тадбиркорларнинг талаблари қондирилмаган.

Озодлик Қўқондаги ободонлаштириш ишлари борасида маълумот олиш мақсадида Қўқон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди. Ҳокимлик ходими бу борадаги ишларга шаҳар ҳокими ўринбосари Дилшодахон Мирзажонова маъсул эканини ва ундан саволларимизга жавоб олишимиз мумкинлиги айтиб, унинг иш ва уяли телефон рақамларини берди.

Биз Дилшодахон Мирзажонованинг иш кабинетидаги телефонига қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини ёш бир йигит кўтарди.

Озодлик: Мен радиодан журналист Меҳрибон Бекиева эдим. Сиз ким бўлиб ишлайсиз?

- Мен бу ерга ëрдам бергани келган эдим. Қарашиб юборгани.

Озодлик: Қарашиб юборгани келган одам ҳоким ўринбосарининг телефон гўшагини кўтарадими?

- Энди бошқа одам бўлмагандан кейин кўтаришга тўғри келадику. Ўзлари чиқиб кетгандилар. Бу ерда бошқа ҳеч ким йўқ. Мен эса бу ерда ишламайман, деди Қўқон шаҳар хоким ўринбосарининг иш телефони гўшагини кўтарган йигит.

Кейин Мирзажонова хонимнинг уяли телефонларига қўнғироқ қилиб, ўзимизни танитдик, аммо у телефон гўшагини дарҳол қўйиб қўйди.

Маълум бўлишича, Қўқондаги ободонлаштириш ишлари президент Ислом Каримов томонидан имзоланган 2008 йил 5 майдаги 860- сонли "Фаргона ва Қўқон шаҳарларини 2008-2012 йилларда реконструкция килиш, ободонлаштириш ва ижтимоий инфраструктурасини ривожлантириш бўйича чора- тадбирлар" дастурига мувофиқ амалга оширилаяпти.
XS
SM
MD
LG