Линклар

“Шу кунда пора беришнинг ҳам, олишнинг ҳам иложи йўқ. Амалдорлар қўрқиб қолган”. Бу - баъзи тошкентликлар хос суҳбатлар чоғида айтган гап. Лекин Озодлик саволларига жавоб берар экан, баъзи ўзбекистонликлар мамлакатда коррупцияга қарши кураш аломатларини сезмаётганларини айтди.

Бир тошкентликнинг “Амалдорлар пора олишдан қўрқиб қолди”, деган гапи жиззахлик Мамиржон Азимовдан ўтган ҳафтада олинган маълумотни ёдга солди.

- Порахўрлик жуда ривожланиб кетиб, халқнинг орасида борган сари норозилик кучайиб бораяпти. Аҳолини қандайдир тинчлантириш мақсадида порахўрликка қарши кураш бошланган. Лекин бу яхши. Халққа қисман бўлса ҳам яхши томони борки¸ илгари очиқдан-очиқ порахўрликка ўтган бўлса¸ энди ҳозир сал эҳтиëт бўлиб ҳаракат қиладиган бўлишади. Ҳозир 50 дан ортиқ ташкилот раҳбарлари қўлга олиниб¸ миллий хавфсизлик томонидан жиноий жавобгарликка тортилган, деган эди Мамиржон Азимов.

Афтидан, Ўзбекистон унитар давлат бўлгани билан, вилоятлардаги вазият бир-биридан кескин фарқланади.

Ҳар ҳолда қўқонлик тадбиркор Абдураззоқ ака ўзи яшаб турган вилоятда порахўрликка қарши кураш олиб борилаётганини сезмаяпти. Лекин молия-кредит соҳасида текшир-текшир авж олганини билади.

Абдураззоқ ака: Ҳозир кўпроқ банк соҳасида текшир-текшир кучли. Ундан кейин катта хусусий ташкилоти борларни кўпроқ текширишаяпти.

Озодлик: Текшир-текширлар одатийми ëки сал фавқулоддароқми?

Абдураззоқ ака: Қандайдир фавқулодда. Кутилмаган текширишлар бўлаяпти. Одатий текширишлар енгил¸ силлиқ ўтарди. Буниси қандайдир ўзига хос топшириқ билан.

Озодлик: Пул айланмасини изга солиш учун-а бу?

Абдураззоқ ака: Менимча¸ шу билан боғлиқ бўлса керак. Вақтида пенсиялар тўланмай қолди. Кейин яширин пул айланишлар жуда кўпайиб кетди. Назаримда, бунинг назоратини ололмай қолишди. Шунинг учун очиқдан-очиқ нақд пул тушими тўғрисида қандайдир бир қаттиқроқ топшириқ бўлаяпти. Шунинг устида текширишлар кўп кетаяпти.

Озодлик: Порахўрлар аввал қандай олган бўлса¸ шундай олаëтгандир?

-У тўхтагани йўқ. Уни тўхтатиб бўлмайди шекилли. Давом этаяпти¸ дейди қўқонлик тадбиркор Абдураззоқ ака.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Экспертлар ишчи гуруҳи аъзоси, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов Тошкентда яшайди.

Саолларимизга жавоб берар экан, у пойтахтдаги йирик бозорларда текширув кетаётгани ҳисобга олинмаса, коррупцияга қарши кураш бошланганидан дарак берувчи бошқа аломатлар сезилмаётгани айтди.

- Ҳокимият, ҳар доимгидай, бирон бир амали тўғрисида халққа маълумот бермайди, халқ эса, ҳар доимгидай, миш-мишлардан хулоса чиқариб олаверади, дейди Суҳроб Исмоилов.

Баъзи тошкентликларга кўра, энг янги миш-мишлардан бири чет элда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо автомобилларга боғлиқ. Айтишларича, яқин орада ўшандай машинаси борлар текширилармиш.

Доимий тингловчиларимиздан бири тошкентлик Мўътабар Аҳмедовадан мавзуга оид вазиятни ўрганишни сўрадик.

- Бир-иккита одамларга телефон қилдим. “Сизлар эшитаяпсизларми шунақа нарсани?” десам¸ кулишди. “Агар шу нарса бўладиган бўлса¸ яна ривожланарди”, дейишди. Яъни "порахўрликка қарши кураш бўладиган бўлса¸ порахўрлик яна ошарди" дейишди¸ дейди Мўътабар Аҳмедова.

Хўш, нима учун порахўрликка қарши кураш бошланса, порахўрлик ва умуман, коррупция янада авж олади?

"Чунки Ўзбекистон сиёсий-иқтисодий моделининг ўзи коррупцияга асосланган", деган фикрни билдирди саволга жавобан наманганлик фермер Шокир ака.

Пенсияга чиққунича раҳбар лавозимларда ишлаган, ҳозирда фермерлик қилаётган Шокир ака фикрини ўзининг ҳозирги фаолияти мисолида тушунтиришга ҳаракат қилди.

Шокир ака: Шу бугунги кунда бизга ҳар бир гектар ерга уч граммдан ëки тўрт граммдан¸ масалан, 20 гектар ерим бўлса¸ 80 грамм қурт уруғи бераяпти. Уни тутишнинг иложи йўқ. Ë озгина оламан ëки тутмайман-да¸ маълум бир муддатдан кейин қаердандир пилла олиб беришим керак. Ҳар бир килограмм пиллани 2000 сўмдан сотиб олиб беришга тўғри келади. Бунинг пуллари қаерга кетади - ҳеч ким билмайди. Пилла масаласи битта. Иккинчиси, металлолом деган нарса бор. Ҳар бир гектар ерга 20 ëки 30 килодан металлолом берасан, дейди. Металлнинг ўзи йўқ. “Ўзи бўлмаса¸ бир килосига мана шунчадан пул берасан”, дейилади. Ўша пулни бериб металлолом планини бажардик, дейлик. Қаерга кетаяпти ўша пул? Пахтанинг ўзи ҳам шу аҳвол. 150-200-300 минглаб пул бизнинг чўнтакдан чиқиб кетади пиллани деб¸ металлоломни деб.

Озодлик: Ҳар бир фермернинг чўнтагидан.

Шокир ака: Ҳа.

Озодлик: Унга “Пилла учун шунча пул олдик, металл учун шунча пул олдик” деб квитанция берадими?

- Йўқ, бермайди. Аслида шуни биз бергандан кейин бизнинг счëтимизга тушиши керак. Мана биз неча йил металл берган бўлсак¸ счëтимизга ҳали бирор марта пул тушгани йўқ. Бу пуллар қаерга кетади? Энди биламиз тахминан нима бўлаëтганини¸ дейди Шокир ака.

Ҳа, ҳамма ҳамма нарсани билади.

- Ўтган йил 15 центнер пахта берган дашт ерга бу йил 26 центнердан берди. “Ҳой¸ буни олиб бўлмайди, мен бу ердан 20 центнердан ошиқ ололмайман” десам ҳам қулоқ солмайди. Олдиндан ошириб план бераяпти. Энди мен уч-тўрт тонна пахтани қаердандир¸ кимдандир сотиб олиб беришга мажбур бўламан. Бу пуллар қаерга кетишини¸ тахминан нима бўлаëтганини биламиз-ку. План ошириб берилаяптики¸ бажарманг-да¸ пулингизни олиб бориб бажаринг. Коррупциянинг энг катта кўриниши шу¸ дейди наманганлик фермер Шокир ака.

Хуллас, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш олиб бормаяпти. Афтидан, курашмоқчи эмас.

Акс ҳолда Шокир ака мана бундай демаган бўларди:

- Порахўрликка қарши кураш бошлангани ҳам йўқ. Бу давом этиб кетаяпти. Ҳеч қанақа курашни кўраëтганимиз йўқ¸ дейди Шокир ака.

Бас, шундай экан, тошкентлик танишим, хос суҳбат чоғида "шу кунда пора беришнинг ҳам, олишнинг ҳам иложи йўқ, амалдорлар қўрқиб қолган", деган гапни қаердан олди?

Балки у ишини битириб бермаган амалдорнинг таъмасини тушунмагандир?

Балки иш оддий порага эмас, Катта Порага битадиган бўлиб қолгандир?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG