Линклар

Ироқдаги Ал-Қоида раҳбарлари йўқ қилинди


Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий мамлакатдаги Ал-Қоида ташкилотининг икки етакчиси ўлдирилганини эълон қилди.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий мамлакатдаги Ал-Қоида ташкилотининг икки етакчиси ўлдирилганини эълон қилди.

АҚШ ва Ироқ кучлари бирга ўтказган махсус амалиёт пайтида Ироқдаги Ал-Қоида етакчилари Абу Айюб ал-Масрий ва шайх Абу Умар ал-Бағдодий ўлдирилди. АҚШ расмийлари буни Ироқдаги террор тармоғига берилган жиддий зарба эканини таъкидламоқдалар.

Бағдодда ўтказилган матбуот анжуманида Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий разведка хизматлари кузатувида бўлган ал-Масрий ва ал-Бағдодий Ироқнинг Салоҳиддин вилоятида АҚШ ва Ироқ кучлари бирга ўтказган амалиёт пайтида йўқ қилинганини айтди.

- Мен Ироқ кучлари Тхар Тхар минтақасида яширинган Абу Умар ал-Бағдодий ва Абу Айюб ал-Масрийни ўлдиришга муваффақ бўлганини эълон қилмоқчиман, деди Ироқ бош вазири.

Ал-Маликий Ироқ ва АҚШ кучлари Ал-Қоидага қарашли уйни ўраб олганидан кейин Ироқдаги ал-Қоида раҳбарлари йўқ қилинганини айтди.

Вашингтонда, Оқ Уйда ҳар куни ўтказиладиган брифингда иштирок этган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден ал-Масрий ва ал-Бағдодийнинг ўлдирилгани Ироқдаги террорчилик фаолиятига жиддий таъсир этиши мумкинлигини таъкидлади.

- Ироқдаги ал-Қоиданинг собиқ етакчилари Абу Айюб ал-Масрий ва Абу Умар ал-Бағдодий яқин ўтмишда ироқликлар ҳамда америкаликларга қарши террор ҳужумлари режалаган ва амалга оширган. Уларнинг ўлими Ироқдаги ал-Қоида гуруҳига берилга жиддий зарбадир, деди АҚШ вице-президенти.

Вашингтон бу муваффақиятга эътибор қараётгани бежиз эмас. Боиси АҚШ президенти Барак Обама Ироқ кучлари ўз фаолиятини яхшиласа, АҚШ кучларини бу мамлакатда олиб чиқишни режалаган.

Ҳозир Ироқда 95 минг ҳарбийдан иборат АҚШ кучлари бор. Вашингтон жорий йил 31 августгача Ироқдаги АҚШ аскарлари сонини 50 мингга камайтиришни режалаган. Бағдод ҳукумати билан эришилган келишувда АҚШ кучлари 2011 йил охирига қадар Ироқдан тўлиқ олиб чиқилиши назарда тутилган.

Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Рей Одиерно Абу Айюб ал-Масрий ва шайх Абу Умар ал-Бағдодийнинг ўлдирилганини Ироқда исёнчилик ҳаракати бошланганидан бери Ироқдаги ал-Қоида гуруҳига берилган энг кучли зарба, дея баҳолади.

Ал-Масрий 2006 йилда АҚШ кучлари томонидан ўлдирилган Ироқдаги ал-Қоида гуруҳи собиқ раҳбари Абу Мусаб аз-Зарқавийнинг юқори лавозимли ёрдамчиси бўлган. У аз-Зарқавийга Бағдодда Ал-Қоиданинг илк гуруҳини тузишда ёрдам бергани айтилади.
XS
SM
MD
LG