Линклар

Бишкек яқинида қонли тўқнашув содир бўлди


Маевкадаги тартибсизлик 5 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Маевкадаги тартибсизлик 5 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Бишкек яқинидаги Маëвка қишлоғида 19 апрелдан 20 апрелга ўтар кечаси содир этилган тартибсизликлар чоғида беш киши ҳалок бўлди ва 40 киши яраланди. Яраланганлардан 10 нафари милиция ходимидир.

Бу ҳақда 20 апрел куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Маëвкадаги тартибсизликка хусусий уй қурилиши учун ер ажратиб берилишини талаб қилаётган одамлар сабабчи бўлгани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 500 нафар, норасмий маълумотларга кўра, 2000 ортиқроқ одам Маëвка қишлоғидаги қишлоқ хўжалик ерларини эгаллаб олишга ҳаракат қилган.

Ер бўлиб берилишини талаб қилиб чиққан одамларнинг бир гуруҳи Маëвка қишлоғида яшовчи этник туркларнинг уйларига ҳужум қилганлар ва ўт қўйганлар.



- Турклар ҳаммаси тўпланди. Рус йигитлари ҳам уларга қўшилди, менинг фарзандларим ҳам уларнинг орасида бор эди. Йигитларимиз ҳужум қилаётганларни далага ва дарахтзорга суриб чиқарди. Аммо биз озчилик эдик. Милиция етиб келгунича, мудофаани ушлаб тура олмадик, дейди Маевка қишлоғида яшовчи рус аёли.

Маëвкада тартиб ўрнатиш учун 600 милиция ходими ва БТРлар жалб қилинган.

Милиция билан тўқнашувлар пайтида 3 киши ўқотар қуролдан отиб ўлдирилган. 2 киши эса тартибсизликларни уюштирганлар томонидан ўт қўйилган машина ва уйларда ёниб кетган.

Маëвка қишлоғи раҳбари Азиза Сейталиеванинг хабар беришича, тартибсизлик натижасида 10 та уй ва этник туркларга тегишли 2 та автомашина ёқиб юборилган.

Маëвкада рус, турк ва қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди. Тартибсизликлар содир этилган куни маëвкалик қирғизлар бошқа миллатга мансуб қўшнилари билан бир сафда турганлар.

- 15 чоғли одам кеча қўшнимнинг уйига ҳам бостириб келишди. Мен аралашиб, русларнинг уйини омон сақлаб қолдик. Биз бу ерда азал-азалдан “сен турк, сен ўрис” деб миллат ажратмай яшаб келамиз. Бўлиб ўтган воқеа эса янги ҳукуматга қарши кучларнинг провокациясидан бошқа нарса эмас, дейди маëвкалик оқсоқол.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси Рўза Ўтунбаеванинг маълум қилишича, Маëвка қишлоғидаги вазият 19 апрел куни кеч соат 10 ларда назоратга олинди.

Тартибсизлик иштирокчиларидан 130 нафари қўлга олинган. Улар “Оммавий тартибсизликларни уюштирганлик ва уларда иштирок этганлик”да айбланмоқда.

20 апрелда ҳам Маëвка қишлоғи атрофидаги воқеалар давом этди. Эрта тонгдан бу ерга йиғилган одамлар тартибсизликлар пайтида қўлга олинган шахсларнинг озод қилинишини талаб этди.

Маëвка қишлоғига бир неча автобус ва ҳарбий юк машиналарида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб борган. Ер босиб олишга ҳаракат қилган одамлар эса милиция ходимларини тошбўрон қилган. Айни пайтда қишлоқдаги вазият барқарорлашмоқда.

Бишкек шаҳар мэри вазифасини бажарувчи Иса Ўмурқуловнинг айтишича, ерларни босиб олиш ҳаракати пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда. Бироқ бу ҳудудларда тартибсизлик чиқиши эҳтимоли йўқ.

- Шаҳарнинг тўрт-беш ҳудудида ер босиб олиш ҳаракати бўлмоқда. Қатъий айтаманки, қонунсиз босиб олинган ерлар давлатга қайтарилади. Шунинг учун ҳам муваққат ҳукумат қарори билан ер участкаларини давлат рўйхатига олиш амалиёти вақтинча тўхтатиб қўйилди. Ҳеч ким ноқонуний эгаллаб олинган ерга уй қура олмайди, деди Иса Ўмурқулов.

Ер босиб олишга ҳаракат қилаётган бир неча минг одам, бу ҳудудлар оддий фуқароларга эмас, собиқ амалдорлар, депутатлар ва Бакиевлар оиласига тегишли эканини, шунинг учун ҳам бу ерлар уй-жойга муҳтож бўлган одамларга бўлиб берилишини талаб қилмоқдлар.

- Бу ерлар собиқ вазир Жапаровга, депутатларга ва бошқа казо-казоларга тегишли. Улар бу ерларни ноқонуний тарзда ўзлаштириб олганлар. Шунинг учун ҳам бу ерларни улардан тортиб олишга ҳаққимиз бор, дейди ер босиб олаётганлар орасида бўлган бишкеклик аёл.

Айни пайтда минглаб бишкекликлар ер босиб олувчиларга қарши курашувчи халқ дружиналарига ёзилмоқдалар. Тушгача бу дружинага 5 минг одам аъзо бўлгани айтилмоқда. Дружина ташкилотчиларига кўра, кечгача уларнингг сони ўн мингдан ошиши мумкин. Дружиначилар шаҳар милицияси, транспорт бошқармаси билан ҳамкорликда 20 апрелдан бошлаб шаҳарни ер босиб олувчилардан ва улар уюштираётган тартибсизликлардан ҳимоя қиладилар.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Нежат Ақчал эса муваққат ҳукумат раҳбарларидан Маевка қишлоғини қуролланган милиция махсус отрядлари назорат қилишини талаб этмоқда.

Айни пайтда¸ 20 апрел куни Бишкекдаги энг йирик улгуржи ва чакана бозор ҳисобланмиш "Дордой" бозорида ҳам талон-тарож бошлангани ҳақида хбарлар тарқалди. Бундан саросимага тушган савдогарлар ўз расталарини ëпиб¸ бозорни тарк қилган¸ айтилишича талонгарчилик олдини олиш мақсадида бозорни ҳарбийлар қршовга олган.

XS
SM
MD
LG