Линклар

Вилоятдаги “Чоруҳ-Дайрон ” полигонида 20 апрел куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларнинг “Ҳудуд-2010” ҳарбий машқлари бошланди. Мазкур машқларга Ўзбекистон ва Беларус бу гал ҳам ўз ҳарбийларини юбормади.

Расмий маълумотларга кўра, КХШТ қошидаги Тезкор коллектив кучларнинг навбатдаги машқларида Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан 600 нафар ҳарбий иштирок этиши керак. Шунингдек, ҳарбий машқларга Тожикистон ва Қирғизистоннинг олтита Ми-6 вертолётлари ҳам жалб қилинган.

Мазкур машқларга қатнашиш учун Россиянинг Душанбе шаҳридаги 201-дивизиясига қарашли батальони 300 километрли масофани яёв босиб ўтгани, шунингдек, Қирғизистоннинг 80 ҳарбийдан иборат гуруҳи ҳам Боткен вилоятидан яёв етиб келгани хабар қилинмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлатларининг навбатдаги ҳарбий машқлари айнан Сўғд вилоятида ўтказилиши бежиз эмас.

- Сўғд вилояти Фарғона водийсининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон туташган минтақада жойлашмиш Сўғд вилояти турли террористик гуруҳларнинг яширин фаолият олиб бориши учун энг қулай жой. Сўнгги йилларда Исфарада ва қўшни республикаларда Ўзбекистон исломий харакати аъзолари билан бўлиб ўтган қуролли тўқнашувлар, “Байъат”, “Ҳизбут-Таҳрир” каби гуруҳларнинг фаоллашуви ҳам бунга мисол бўла олади. Шунинг учун ҳам уларнинг фаолияти жонлашган айнан мана шу водийда машқлар ўтказилиши айни муддао, дейди таҳлилчи Эргаш Сулаймонов.

Маълумки, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида Тезкор коллектив кучларни тузиш Москва ташаббуси билан амалга ошган. Ундан кўзланган мақсад, айтилишича, КХШТга аъзо давлатлар ҳудудларида бўҳрон юз берган пайтда мазкур кучлардан фойдаланишдан иборат. Бироқ, айрим тожикистонлик сиёсатшунослар фикрича, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш масаласида минтақавий тузилмалар, хусусан, КХШТга умид боғламаган маъқул.

- Ҳар бир давлат, биринчи навбатда, Тожикистон хукумати республика хавфсизлигини таъминлаш масаласида бошқалардан ёрдам кутмаслиги керак. Айтмоқчиманки, КХШТ ёки минтақадаги бошқа тузилмаларга ишонмай, ўз хавфсизлигини ўзлари таъминлашга эришмоғи лозим. Акс ҳолда, бошқа давлатларга қарам бўлиб қолаверади. Постсовет ҳудудидаги давлатлар, жумладан, Қирғизистондаги воқеалар бунга ёрқин мисолдир, дейди сиёсташунос Мунаввар Содиқов.

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Тезкор коллектив кучларнинг дастлабки фаолияти бу кучлар минтақа хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишдан кўра, кўпроқ рамзий маънога эга эканлигини кўрсатмоқда. Тезкор коллектив кучларнинг шошилинч ва келишилмаган ҳолда ташкил этилгани эса, Мунаввар Содиқов фикрича, уларнинг “коллектив бўлмаган тезкор кучлар” эканлигидан далолат бермоқда.

- Зеро, Тезкор коллектив кучларни тузиш таклифига МДҲ аъзолари бўлмиш Беларус ва Ўзбекистон қўшилмай турган бир пайтда бу ташкилотни “коллектив” дейишга тил бормайди, дейди сиёсатшунос Мунаввар Содиқов.
XS
SM
MD
LG