Линклар

logo-print

ТАЛКО эронликлар билан ҳамкорлик қилаётганини рад этади

  • Гулнора Равшан

“Талко” алюминий заводи вакиллари эронлик мутахассислар билан Тожикистон жанубида уранни бойитишга ихтисослашган янги цех очилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарни инкор қилди.

www.centrasia.ru сайтида аноним муаллиф Турсунзодадаги Талко алюминий заводининг илмий тадқиқот институти директори Ҳайдар Сафиев эронлик мутахассислар билан биргаликда уранни бойитишга ихтисослашган цехлар ташкил қилиш устида иш олиб бораётганни ёзган. Муаллифга кўра, янги ташкил қилинаётган цехлар ҳозирда Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўриқланаётир.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб Ҳайдар Сафиевга қўнғироқ қилдик. Талко заводининг илмий тадқиқот институти директори “бу гаплар мутлақо ёлғон”лигини таъкидлади.

- Институтимиз Тожикистон ҳукумати қарори билан ташкил топган бўлиб, ҳукумат топшириғи асосида маҳаллий хом ашёлар, завод чиқиндиларини қайта ишлаш ҳамда экология масалалари бўйича иш олиб бормоқда. Мен бундай гапларни жиддий ҳисобламайман. Шунинг учун бундай сафсаталарга жавоб бериш учун ортиқча вақтим ҳам йўқ, дер экан Ҳайдар Сафиев суҳбатимиз тугамай телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Шундан сўнг Тожикистон Фанлар академияси қошидаги ядровий ва радиацион хавфсизлик агентлиги раиси ўринбосари Абдужаббор Саломов билан боғландик.

Тожикистонлик олим фикрича, Талко алюминий заводида уранни қайта ишлаш цехларини ташкил қилиш имконияти умуман йўқ.

- Талко алюминий ишлаб чиқариш учун мўлжаллаб қурилган корхона. У ерда уранни қайта ишлаш ёки тўйинтириш мутлақо имконсиз. Чунки бунга асосланган технологиянинг ўзи йўқ. Ҳайдар Сафиев республикада танилган олим, лекин у уран соҳасида ҳеч қандай тажрибага эга эмас ва бу соҳада умуман бирор иш ҳам қилмаган. Менимча, бу гаплар Талко ва Ҳайдар Сафиевга нисбатан туҳмат бўлса керак, дейди Абдужаббор Саломов.

Жаноб Саломов Тожикистонда уранни қайта ишлаш бўйича махсус корхона аввал бўлганини, лекин ҳозирда у ишламаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Шўролар даврида Тожикистон шимолидаги “Востокредмет” заводида уран қайта ишланган. Аммо Совет Иттифоқи тарқаб кетгач, 1992 йилдан Ўзбекистонда бу мамлакат ҳудудига радиоактив моддаларни киритиш ёки чиқаришни таъқиқловчи қонун қабул қилиниши ортидан бу завод фаолияти ҳам тўхтатилган эди. Шундан сўнг Тожикистонда уранни бойитиш бўйича бирор цех ёки завод ташкил қилиш, ё бўлмаса борини ҳам қайта тиклаш борасида бирор гап бўлгани йўқ, дейди Тожикистон Фанлар академияси масъули Саломов.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, Тожикистонда уран заҳиралари ўтган асрнинг 80-йилларида тугаган. “Востокредмет”га эса хом ашё собиқ СССР айрим республикаларидан келтириларди.

- Ҳозир Тожикистонда уранни қайта ишлашни йўлга қўйиш истаги пайдо бўлган тақдирда ҳам, - дея давом этади тожикистонлик олим Саломов, - бу жуда қимматга тушади, Тожикистонда эса бундай иқтисодий имкониятнинг ўзи йўқ.

20 апрел куни Талко алюминий заводи расмийлари ҳам Тожикистондаги айрим оммавий ахборот воситалари орқали Центразия сайтида босилган мақолага жавоб қайтарди.

Мазкур корхона матбуот бошлиғи Саёҳат Қодирова Тожикистон Эрон Ислом республикаси билан кўп соҳаларда ҳамкорлик қилаётганини тан олиш баробарида икки мамлакат ўртасида уранни бойитиш соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилаётганига оид хабарлар мутлақо ёлғонлигини таъкидлайди.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон Эрон билан бир қатор гидроэнергетик иншоотларга оид лойиҳалар борасида ҳамкорлик шартномалари имзолаган. Улардан бири мамлакат жанубида қурилаётган Сангтўда-2 ГЭСи экани айтилади.

Аснода тожикистонлик таҳлилчилар Талко заводида Эрон Ислом жумҳурияти билан биргаликда уранни қайта ишлаш цехларининг ташкил қилинаётганига оид гаплар қўшни Ўзбекистондан тарқалаётганига шубҳа қилмасликларини айтишади.

Улар фикрича, ўзбекистонлик “экологлар” шу йўл билан Тожикистонга сиёсий ва ижтимоий босим ўтказмоқчи бўлаётир.
XS
SM
MD
LG