Линклар

Атамбаев: Павлюкни қирғиз махфий хизматлари ўлдирган


Олмаотада ўлдирилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк президент Қурмонбек Бакиев режимининг ашаддий танқидчиларидан бири эди.

Олмаотада ўлдирилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк президент Қурмонбек Бакиев режимининг ашаддий танқидчиларидан бири эди.

19 апрел куни Қозоғистонга келган Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийси Алмазбек Атамбаев Олмаотада ўлдириб кетилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк иши юзасидан шундай баëнот берди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раисининг ўринбосари Алмазбек Атамбаев 19 апрел куни Остонада Қозоғистон бош вазири Карим Масимов билан учрашди.

Қозоқ бош вазири билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида Атамбаев Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев ҳукмронлиги вақтида мамлакатдаги барча ҳуқуқ-тартибот органлари криминаллашиб кетганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Алмазбек Атамбаевнинг қайд этишича, улар ўзгача фикрловчиларни қўрқитиш ва ўлдириш ишлари билан шуғулланганлар.

- Ҳар қанча инкор қилмасинлар, лекин биз сизларнинг ҳамкасбингиз Геннадий Павлюкнинг Қозоғистон ҳудудида бизнинг махфий хизматлар, криминал тузилмалар томонидан ўлдирилганини биламиз, деди қозоғистонлик журналистлар билан учрашуви чоғида Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Алмазбек Атамбаев.

Эслатиб ўтамиз, 16 декабр куни Олмаотада жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 22 декабр куни Олмаота шаҳар марказий клиник шифохонасида ҳушига келмай, жон таслим қилганди.

Ўз мақолаларини Иброҳим Рустамбек тахаллуси остида эълон қилиб борган журналист Павлюк жорий йил охиригача Қирғизистондаги мухолифатдаги “Ата Мекен” партиясининг газетаси ва веб-сайтини очиш тараддудида бўлган. Аввалроқ у Россиянинг “Аргументи и Факти” газетасининг Қирғизистон бўлими раҳбари лавозимида ишлаган, сўнг эса “Белий пароход” интернет нашрини ташкил қилган.

Геннадий Павлюк кейинги пайтларда Қирғизистондаги режим, хусусан, президент Қурмонбек Бакиев сиёсатини кескин танқид қилиб келгани маълум.

Айни пайтда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати муваққат ҳукумат раис ўринбосари Алмазбек Атамбаев баёнотига изоҳ беришдан бош тортди. Озодлик мухбири билан телефон суҳбатда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рисбек Бикинов бундай деди:

- Биз бунга изоҳ беролмаймиз. Ҳозирча қозоқ томонидан бу иш юзасидан расмий сўров бўлгани йўқ. Шунинг учун бу масала бўйича изоҳ бериш, менимча, аҳлоқ қоидаларига зид бўлади, деди матбуот котиби.

Маълум бўлишича, Олмаотада ўлдириб кетилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк ўлими юзасидан очилган жиноий иш Қозоғистон бош прокуратураси томонидан олиб борилмоқда. Қозоғистон бош прокуратураси ҳам Атамбаевнинг Павлюк ўлимида қирғиз махфий хизматларининг қўли борлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ беришдан бош тортди.

Аввалроқ журналистларга саволларига жавоб берган Қозоғистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Қуанишбек Жуманов Геннадий Павлюк ўлимига қозоғистонликлар алоқаси йўқлиги, журналист ўлими Қирғизистон фуқаролари томонидан амалга оширилганини айтиб ўтганди.

- Тергов якунига етмагани туфайли мен жиноятга алоқадор одамлар фамилияси, жиноятнинг қандай содир этилгани ва унинг бошқа тафсилотларини айта олмайман, деган эди Қуанишбек Жуманов.

Аснода Қозоғистон журналистлари иттифоқининг раиси Сеитқози Матаев Қозоғистон томони қирғизистонлик журналист ўлимига алоқадор одамлар ҳақида маълумотга эга эканлиги ва буни ошкор қилиши шартлигини айтади.

- Буни очиқ айтиш керак. Қирғизистон ҳукумати вакили Алмазбек Атамбаев бу маълумотни айтгандан кейин қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу масалани яна кўтаришлари керак. Шунда улар қирғиз томонининг бу жиноятга алоқадор одамларга нисбатан жиноий иш очиб, уларни жазолашларига ёрдам берган бўлардилар, дейди Сеитқози Матаев.

Геннадий Павлюк Олмаотада жон таслим қилган куни Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатда журналистнинг беваси Олга эрининг ўлимига алоқадор айрим тафсилотларни билишини, аммо бу маълумотларни ошкор қилиш ўзи ва Павлюкнинг фарзанди ҳаёти учун хатарли бўлгани сабабли уларни очиқлай олмаслигини айтганди.
XS
SM
MD
LG