Линклар

“Ўзтрансгаз” ширкати апрел ойининг иккинчи ярмидан бошлаб Ўшга берилаётган газ ҳажмини уч баробарга камайтирди. Бу ҳақда Озодликка Ўш вилоят газ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Маматқалиқ Аматов маълум қилди.

“Ўшгаз” бошқармаси бошлиғи Маматқалиқ Аматов мамлакат жанубига узатилаётган табиий газ ҳажми нима сабабдан қисқартирилганини ҳозирча аниқлай олмаганини айтади:

- Газ берилиши нима сабабдан озайтирилганини билмаймиз. Тошкентга мурожаат қилсак, улар ҳам билишмас экан. Бизга жавоб беришмаяпти. Фарғонага мурожаат қилсак, фарғоналиклар: “Бизга Тошкентдан чеклов киритинглар, деган топшириқ бор”, дейишаяпти. Ҳозир бизга соатига 2 минг куб газ беришаяпти. Бу дегани Ўшни қарийб 90 фоизга таъминлайди. Ҳозир “Қирғизгаз”га: “Бизга, ҳеч бўлмаса, яна 500 куб газ қўшиб беринглар”, деганмиз. Шу бизга ҳозирча етиб турар эди, деди “Ўшгаз” бошқармаси раҳбари.

Маматқалиқ Аматов фикрича, узатилаётган газ ҳажмининг озайтирилишига Ўзбекистонга газ ҳақи тўланмагани сабаб бўлган бўлиши мумкин:

- Менимча, бунга фақат газ ҳақининг тўланмаётгани сабаб бўлиши мумкин. Бизда банклар 10 кунча ишламай қолди-ку. Бизнинг пулларимиз тўғри банкка тушарди, бироқ банкларга пул ўтказишлар таъқиқлаб қўйилган. Мижозларимиз газ ҳақини тўғридан-тўғри банкка ўтказишади, банклар эса пулларни “Қирғизгаз”га ўтказиб беради. “Қирғизгаз” эса пулни “Ўзтрансгаз”га ўтказиб беради. Ўша жараёнда узилиш бўлиб қолди. Менимча, газнинг озайтирилишига шу сабаб бўлса керак, деди Маматқалиқ Аматов.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақатов “Ўшгаз” бошқармаси раҳбариятига қарз тўланиши бўйича назоратни кучайтириш ҳамда “Ўзтрансгаз” билан музокаралар олиб боришни топширган.

Айтиб ўтиш керакки, 7 апрел воқеаларидан сўнг Қирғизистон Муваққат ҳукумати мамлакатдаги бир неча банк фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Муваққат ҳукумат аъзолари буни давлатга қарашли пулларнинг айрим кучлар томонидан ноқонуний тарзда мамлакатдан чиқариб юборилмаслигининг олдини олиш чораси ўлароқ изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 5 февралида Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни 50 фоизга камайтирганди.

Кейинроқ Қирғизистон Молия вазирлиги Қирғизистоннинг “Ўзтрансгаз” олдидаги қарзини тўлаш учун 143 миллион сўм ажратган ва қарз тўланган.

2010 йил учун Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги газ шартномаси 2009 йилнинг 29 декабрида Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Данияр Усеновнинг Тошкентга сафари чоғида имзоланган. Ўшанда Ўзбекистон томони газ нархини 2009 йилга нисбатан арзонлатишини маълум қилган, бироқ аниқ нархини белгиламаган.

Орадан бир ой вақт ўтгач, Ўзбекистон Қирғизистонга 2010 йилда табиий газни 220 доллардан сотиши маълум бўлди. 2009 йилда Қирғизистон Ўзбекистондан газнинг минг куб метри учун 240 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаганди.

Қирғизистонлик истеъмолчилар айни пайтда табиий газнинг бир куб метрини 13,5 сўмдан (тақрибан 30 цент – таҳр.) сотиб олмоқда.
XS
SM
MD
LG