Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:51

Қирғизистонда конституциявий ислоҳот ўтказилади


Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, янги Конституцияга биноан президент мамлакат бош нотариуси вазифасини бажаради, холос.
Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, янги Конституцияга биноан президент мамлакат бош нотариуси вазифасини бажаради, холос.

Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакат янги Конституциясини ҳозирлашга киришди. Муваққат ҳукумат расмийларига кўра, янги Конституцияга биноан Қирғизистон парламент бошқарувидаги республикага айлантирилади.

Конституциявий ислоҳот масаласи билан муваққат ҳукумат раис ўринбосари Ўмурбек Текебаев шуғулланмоқда. Унинг айтишича, Конституциянинг янги таҳрири устида олиб борилаётган иш поёнига етмоқда ва у бир неча кун ичида умумхалқ муҳокамасига тақдим этилади.

Текебаевга кўра, янги Конституцияда парламент, ҳукумат ва президент ваколатлари ўзгартирилган.

Янги Конституцияга биноан президент дахлсизлик мақомига эга бўлмайди, президент ва унинг оиласи давлат таъминотидан чиқарилади, яъни президент фақат ўз маоши ҳисобига кун кечиради.

Президент турли лавозимларга тайинлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади. У фақат парламент томонидан қабул қилинган қонунларни, ҳукумат томонидан лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги фармонларни ва адолатли судлов қўмитаси томонидан судларни тайинлаш ва ишдан олиш тўғрисидаги қарорларни имзолаш билан шуғулланади. Президент имзо қўймаслик ҳуқуқига ҳам эга эмас.

Ўмурбек Текебаевнинг қайд этишича, янги Конституцияга биноан президент мамлакат бош нотариуси вазифасини бажаради, холос.

Янги Конституцияда ҳукумат ва бош вазирни парламент, судларни Адолатли судлов бўйича миллий кенгаш, ҳокимларни маҳаллий депутатлар кенгашлари тайинлаши кўзда тутилади.

Бундан ташқари, янги Конституция парламентнинг бир партиявий бўлиб қолишининг олдини олади.

- Бир партия парламентда кўп ўрин эгаллай олмайди, деган чеклов бор. Парламент сайловларида кўпчилик овоз билан ғалаба қилган партия 90 ўринли парламентда фақат 50 ўринни эгаллаши мумкин. Дейлик, бир партия парламент сайловида 90 фоиз овоз олган бўлса ҳам, унга фақат 50 та депутатлик ўрни берилади. Қолган ўринлар эса бошқа партияларга бўлиб берилади, деди Ўмурбек Текебаев.

Унинг айтишича, янги Конституцияга мувофиқ сайловлар адолатли, ҳалол ва демократик руҳда ўтказилади. Марказий Сайлов комиссиясининг таркиби нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат бўлади.

- Ҳукумат адолатли ва демократик сайлов ўтказилишига ва кучли мухолифат бўлишига масъулдир. Шунинг учун ҳам парламентда кучли мухолифат бўлади. Иқтидордаги партия ўз ваъдаларини бажармаса, парламентдаги кучли мухолифат ҳукумат таркибини ўзгартириши мумкин, дейди Ўмурбек Текебаев.

Айни пайтда муваққат ҳукумат янги Конституция талабларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Демократияга қайтиш” дастурини ҳам ишлаб чиқмоқда. Бу дастур Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлари назоратига берилади:

- Бу дастур жамоатчилик телеканалини ташкил этиш, матбуот эркинлигини, суд мустақиллигини таъминлаш каби ҳаракатларни қамраб олади. Нодавлат ташкилотлари бу дастурни ва янги Конституция талабларини турмушга татбиқ этилишини назорат қилади. Бу борада биз махсус гуруҳ тузаяпмиз, деди Бишкекдаги “Интербилим” маркази раҳбари Асия Сассиқбаева.

Бироқ Қирғизистонни ғарб демократияси стандартларига мослашган Конституция асосида эмас, қирғизларнинг миллий давлат бошқаруви анъаналаридан, урф-одатларидан келиб чиққан қонунлар асосида бошқариш лозим, деб ҳисоблолвичлар ҳам бор. Улардан бири профессор Жениш Жунушалиевдир.

- Қирғизлар президентлик бошқарувига ҳам, парламент бошқарувига ҳам тайёр эмасликларини кўрсатишди. Президентлар хонга айланиб кетаяпти. Парламент республикаси бўлса, Қирғизистон парламентидаги 90 депутатнинг барчаси хончаларга айланиб қолиши мумкин, дейди Жениш Жунушалиев.

Лекин қирғиз оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилаётган фуқароларнинг асосий қисми Қирғизистон учун парламент бошқарув тизими энг мақбулдир, деган фикрни билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG