Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:10

Бакиев истеъфога кетмаганини даъво қилмоқда


Аввалроқ ўз истеъфоси ҳақида ариза ёзиб берган Қурмонбек Бакиев Беларусдан бошпана топганидан сўнг ўзининг ҳануз Қирғизистоннинг қонуний президенти экани ҳақида гапира бошлади.
Аввалроқ ўз истеъфоси ҳақида ариза ёзиб берган Қурмонбек Бакиев Беларусдан бошпана топганидан сўнг ўзининг ҳануз Қирғизистоннинг қонуний президенти экани ҳақида гапира бошлади.

Қурмонбек Бакиев Қирғизистон президенти лавозимидан истеъфо бермагани ҳақида баёнот тарқатди. Бу ҳақда у Минскда журналистлар билан бўлган учрашуви чоғида билдирди.

Беларус давлат ахборот агентлиги бўлмиш БЕЛТА хабарида айтилишича, президент Бакиев муваққат ҳукуматни “қаллоблар тўдаси” деб атади.

Бакиев аввалги баëнотидан қайтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:14 0:00



- Менинг халқим фожеани бошдан кечирмоқда. Қаллоблар тўдаси ўзини янги ҳукумат, деб эълон қилиб, бошбошдоқлик билан шуғулланмоқда. Улар тинч аҳолини ўлдириб, уйларни вайрон этмоқда. Мамлакат тараққиёти ўн йил орқага суриб ташланди. Қирғизистон президенти сифатида, Конституция кафолатловчиси сифатида мен бу фалокат учун масъулиятни зиммамдан соқит қилмайман ва қонун олдида жавоб беришга тайёрман, деди Қурмонбек Бакиев.

Айни пайтда Бакиев Қирғизистондаги апрел воқеалари халқаро гуруҳ томонидан тергов қилиниши ва фожеа айбдорлари жазоланиши лозимлиги ҳақида ҳам гапирди.

- Мен, Қурмонбек Бакиев, Қирғизистоннинг қонуний сайланган ва дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган президентиман. Мени ўз қасамёдимдан бош тортишга мажбур қиладиган куч йўқ ва мени фақат ўлимгина тўхтатиб қолади, деди Бакиев.

15 апрел куни Қирғизистондан чиқиб кетгач, мамлакат қонунларига зид равишда уч хотинли экани маълум бўлган Қурмонбек Бакиев муваққат ҳукуматни ноқонуний деб билишини эълон қилди ҳамда халқаро ҳамжамиятни ноқонуний ҳукуматни тан олмасликка чақирди.

Шу билан бирга, Қурмонбек Бакиев Қирғизистондаги вазиятни конституциявий ўзанга қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилишини билдирди.

Эслатиб ўтиш жоизки, 16 апрел куни Қирғизистон муваққат ҳукумати Қурмонбек Бакиевнинг истеъфо ҳақидаги аризасини жамоатчиликка эълон қилган эди.

Қозоғистон раҳбарияти кўмаги билан 16 апрел куни Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига қочган Қурмонбек Бакиевнинг истеъфо тўғрисидаги аризасини муваққат ҳукуматга ЕХҲТ вакили Эндрю Тесоре ва Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчиси Бейбит Исабаевлар топширган эди.

Айни пайтда¸ 21 апрел куни Қурмонбек Бакиев тарафдорларининг ўтовлари тикилмиш Жалолобод марказий майдонида бакиевчилар навбатдаги норозилик намойишини ўтказишди. Кўп ўтмай майдонга бир неча юз кишидан иборат муваққат ҳукумат тарафдорлари кириб келгач¸воқеа гувоҳларига кўра, майдонда тарафлар ўртасида даҳанаки жанг бошланган. Эҳтирослар сал совиганидан кейин муваққат ҳукумат вакили Асан Шакиров йиғилганлар олдида сўзлаган.

Асан Шакиров шу кунгача муваққат ҳукумат Қурмонбек Бакиевга бу майдонда сўзлашга, унинг тарафдорларига эса ҳатто вилоят давлат маъмурияти биносини эгаллаб олишга тўсқинлик қилмаганини айтаркан, бундан буён бу каби ҳаракатларга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган ва тарафларни тинчликни сақлашга чақирган.

Асан Шакировдан сўнг йиғилганлар олдида муваққат ҳукумат томонидан тайинланган Жалолобод вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Бектур Асанов сўзга чиққан. У ҳам томонларни босиқликка чақирган ва вилоят давлат маъмурияти биносига кириб кетган.

Гувоҳларга кўра, шу пайт майдонда тарафлар ўртасида низо чиққан, тошлар отилган.

Жалолободлик Абдумуталлиб ака юзига ниқоб кийиб олган бакиевчилардан бири бир неча марта осмонга қарата ўқ отганини айтади:

- “Уруш чиқарамиз” деди шекилли. Провокаторлар у ёқ-бу ёққа юришувди иккита-учта номерсиз машинада айланиб ўша ерда, ўшалар бўлса керак. Уч марта ўқ отилди осмонга қараб. Қувиб кетишди уни, бири “тутди” деди, бири “тутмади” деди. Паркнинг ичига қочиб кетувди. Билмай қолдик кимлигини, башарасини таниб бўлмайди - маска кийиб олган. Кўпам пайқамай қолдим, автоматданмиди ё автоматмасмиди… Чамамда, битталаб отадиган милтиқ бўлса керак, деди воқеа гувоҳларидан бири Абдумуталлиб ака.

15 апрелдан буён Жалолободда катта-кичик намойишлар уюштириб келаётган Қурмонбек Бакиев тарафдорлари 7 апрел куни Бишкекда содир бўлган қонли воқеаларнинг халқаро текширувдан ўтказилишини талаб қилмоқдалар. Улар текширув натижалари чиқмагунича, муваққат ҳукуматни тан олмасликларини билдирмоқдалар.

19 апрел куни Жалолобод шаҳридаги марказий майдонида митинг ўтказган бакиевчилар муваққат ҳукуматни тан олмасликларини айтишиб, Қурмонбек Бакиевнинг ўз лавозимига қайтарилишини талаб қилганлар ҳамда ўз ораларидан Пайзулла Раҳмоновни Жалолобод вилоят губернатори этиб сайлаганлар.

20 апрел куни ҳам ўз митингини давом эттирган Бакиев тарафдорлари ўз талаблари бажарилмагунича майдонни тарк этмасликларини таъкидлашиб, вилоят давлат маъмурияти биноси олдидаги майдонга бир неча миллий ўтов тиккан эдилар.

21 апрел куни бакиевчилар ва муваққат ҳукумат тарафдорлари ўртасида юзага келган низодан сўнг бу ўтовлар ҳам марказий майдондан олиб ташланди:

- Бўз уйларни ҳаммасини ағдариб юборишди. Лекин Асан Шакиров: “Бўз уйни бузманглар, бу ҳам бир одамники, шунчаки олиб қўйинглар, зиён етмасин”, деб синдирилишига йўл қўйгани йўқ бўз уйларнинг. Лекин барибир олиб ташлашди, дейди жалолободлик яна бир суҳбатдошимиз.

Жалолободликларга кўра, ҳозир шаҳарда осойишталик ҳукмрон, бакиевчилар ҳам, муваққат ҳукумат тарафдорлари ҳам майдондан тарқаб кетдилар.
XS
SM
MD
LG