Линклар

“Тожикистон темир йўллари” ширкати тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистон томони Тожикистон тегишли юк вагонларини тўхтатиб тургани ортидан бу мамлакат иқтисодиётига 10 миллион АҚШ доллари миқдорида зиён етган.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати раиси Омонулло Ҳукуматуллонинг билдиришича, жорий йил уч ойи давомида ўз ширкатида юк ташиш ҳажми ўтган йил шу вақтига нисбатан 40 фоизга қисқарган.

- Бунинг асосий сабабларидан бири бизга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон темир йўлларида сабабсиз ушланиб қолинаётганидир. Айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида бизга тегишли 1186 та турли маҳсулотлар юкланган вагон ушлаб турилибди. Бу биз билган вагонлари сони, ҳали у томонда қолаётган юк вагонларимизнинг сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, деди Омонулло Ҳукуматулло.

Шунингдек, тожик расмийси жорий йил феврал ойи бошларидан буён Ўзбекистон томони Хатлон йўналиши бўйича йўлга чиққан 800 чоғли юк вагонининг бирортасини бу томонга ўтказмаётганидан шикоят қилди.

- Бунинг сабабларини ўзбек биродарларимиз, биринчидан, Термиз- Амузанг йўналишидаги темир йўлни сел ювиб кетгани, иккинчидан, НАТО ва Американинг ноҳарбий юкларини Афғонистонга ташиб бериш ортидан тепловозларнинг етишмаётгани билан изоҳлашмоқда, дер экан тожик расмийси ўзбекистонликлар Тожикистоннинг Термиз-Амузанг темир йўлини таъмирлаш ишларида қатнашишга оид таклифларини ҳам қабул қилинмаётганини қўшимча қилди .

- Ваҳоланки, Термизда деярли ёмғир ёғмайди. Қорни-ку у ердаги аҳоли юз йилда бир марта ҳам кўрмайди - сув тошқини қаердан бўлиши мумкин? Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, Хатлондан Москва ва Хўжандга қатнайдиган йўловчи ташувчи поездларимиз ҳафтада икки-уч марта айнан шу йўналиш бўйича қатнаб турибди. Нега пассажир поездлар учун муаммо йўғу юк вагонлари учун йўл берк? Энди сизларга юк вагонларимиз нега ушланиб турганининг сабаби тушунарлими, дея савол ташлади Омонулло Ҳукуматулло залда тўпланган журналистларга маъноли қилиб қараркан.

Жаноб Ҳукуматулло Ўзбекистон темир йўллари биргина Хатлон вилояти йўналиши бўйича юк транзитидан йилига тахминан 13,5 миллион АҚШ доллари миқдорида соф фойда кўраётганини ва ўртада пайдо бўлган юк вагонлари муаммосидан ҳар икки давлат темир йўллари ширкатларига катта молиявий зарар етаётганини ҳам қистириб ўтди.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати раҳбари юк вагонлари билан боғлиқ муаммо “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига боғлиқ эмаслигини, балки бу қўшни мамлакат юқори сиёсий доиралари билан боғлиқлигини урғулади.

- 17 давлат аъзо бўлиб кирган МДҲ темир йўллари давлатлараро Кенгашига, Америка ва Франция каби Афғонистонга ноҳарбий юк жўнатаётган қатор ғарб давлатларининг Тожикистондаги элчихоналарига бу муаммони ҳал қилишда кўмаклашишни сўраб, мактуб йўлладик. Аммо шу кунгача бизга номаълум сабаблар билан улардан бирортаси жавоб қайтаргани йўқ, деди Омонулло Ҳукуматулло.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати расмийси фикрича, апрел ойи давомида мамлакат жанубида рўй берган табиий офатларда Ўзбекистоннинг ҳам ҳиссаси бор.

- Юк вагонларида нафақат озиқ-овқат ва тижорат моллари, балки Хатлон ҳудудидаги дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлаш учун олиб келинаётган булдозерлар ва зарур техника ҳам бор. Аммо бу зарур техника бизга ўз вақтида етказиб берилмагани туфайли Хатлон вилоятидаги дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлай олмадик. Натижада¸ Хатлон вилоятининг турли ҳудудларида сув тошқинлари юз бериб, ўнлаб аҳоли бошпанасиз қолди. Агар Ўзбекистон шу ёнилғи ва техникаларимизни вақтида бизга юборганида эди, бу нохуш воқеаларнинг олди олинган бўлур эди, деди норози оҳангда Омонулло Ҳукуматулло.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойи бошларида Хатлон вилоятининг Восеъ туманида ва 14 апрелда эса ўша ҳудуддаги Шўробод туманининг Даштижум қишлоғида катта тошқин юз берган эди. Ўша табиий офат чоғида Восеъда 170 киши яшайдиган бир қишлоқ сув тагида қолган, Даштижумда эса 27 уй батамом вайрон бўлиб, икки киши қурбон бўлганди. Тожик расмийси айнан мана шу тошқинларни назарда тутаётир.

Бироқ Омонулло Ҳукуматуллонинг бу иддаоси “Тожикистон темир йўллари” ширкати масъулларидан бири Андрей Тропин сўзларига зид келади. Аввалроқ Тропин мазкур булдозерлар ва яна бир неча турдаги замонавий техника аслида Роғун ГЭС қурилиши учун олиб келинаётгани ва Роғунни ГЭС қурилишини ҳечам истамаётган Ўзбекистон томони айнан шу юкларни ушлаб турганини айтганди.

Аснода “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати вакиллари ҳам, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси расмийлари ҳам Тожикистон иддаоларида асос йўқлигини таъкидлаб, икки мамлакат темир йўлчилари ўртасидаги масалани жамоатчилик олдига катта муаммо сифатида кўтариб чиқиш ўринсизлигини айтмоқдалар.

- Ҳукуматлар ишлаяпти, бу масалалар албатта ҳал бўлади. Бунинг учун катта оғайниларни ёки бошқа хорижий ташкилотларни воситачи қилиб, муаммони каттайтириш шарт эмас. Бу ўзбек ва тожик расмийлари бир жойга ўтириб, бир пиёла чой устида ҳал қилса бўладиган масала, дейди Ўзбекистон элчихонасининг ўз номи ошкор этилмаслигини сўраган ходими.

21 апрел куни “Тожикистон темир йўллари” ширкати бош идорасида мазкур ширкат уч ойлик иш фаолияти бўйича ўтказилган бир соатли матбуот анжумани фақат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги юк вагонлари билан боғлиқ муаммога бағишланди.

Бу муаммоларда фақат Ўзбекистон томонини айблаган Омонулло Ҳукуматулло йиғин сўнгида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги бугунги вазият жуда нозиклигини қайд этиб, журналистларни бу мавзуга оид мақолаларни ёйинлашда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG