Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

Каримов ва Россия матбуоти айтишуви давом этмоқда


20 апрел куни Ислом Каримов Россия мухбирларига журналистика қоидалари ҳақида лекция ўқиди.
20 апрел куни Ислом Каримов Россия мухбирларига журналистика қоидалари ҳақида лекция ўқиди.

"Ўзбекистонлик ишчилар Қизил майдонни таъмирлаётган пайтда уларнинг президенти Кремл девори ортида Россия президенти билан сўзлашувлар олиб борди".Бу гапни Россиядаги РБК daily нашридан олдик.



Ўзбекистон президентининг Москвага расмий сафари натижаларига оид РБК dailyда эълон қилинган материал мана бу сатрлар билан бошланади:

"Кеча (20 апрел) президент Дмитрий Медведев ўзининг ўзбек ҳамкасби Ислом Каримов билан сўзлашувлар ўтказди. Меҳмон қирғиз инқилобидан қўрқиб кетгандай кўриндию лекин қўрқмаётганига ишонтиришга уринди".

Ислом Каримов қўрққанми-йўқми – бир нарса дейиш қийин. Бироқ унинг Москва сафарида қирғиз инқилоби асосий мавзулардан бири бўлгани аниқ.

Ҳар ҳолда Россия газеталари президентларнинг шу масалага эътибор қаратганларига эътибор қаратдилар.


***********************************
"Чегарага таклиф"

Материалимизнинг биринчи қисми сарлавҳасини бежиз қўштирноқ ичига олмадик – у "Новые известия" газетасиники.

Қайси чегарага таклиф?

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасига.

Кимнинг таклифи?

Ўзбекистон президентининг.

Кимни таклиф қилди?

Россиялик журналистларни.

Қачон таклиф қилди?

20 апрел куни, президент Медведев билан сўзлашувларидан кейин.

Нима учун таклиф қилди?

Ўзбекистонликлар инқилоб қилган қирғизларга ҳавас қилмаётганларини шахсан кўриб келишлари учун.

Бу таклифини айтгунича Ўзбекистон раҳбари, "Комсомольская правда"га кўра, россиялик журналистларга анча дашном берди.

Дашномларнинг йиғиндисини Каримовнинг журналистика бўйича мастер класси деб аташ мумкин.

"Комсомольская правда"га кўра, Каримов:

- Қирғиз инқилобидан қўрқиб кетиб, Москвадан ёрдам сўраб келмаганини;
- "Комсомольская правда"ни ҳурмат қилишини;
- бироқ баъзи материалларидан ҳайратга тушишини;
- бутун минтақани Қирғизистондай, деб тушунмаслик лозимлигини;
- Россия матбуоти ва ТВси тўғри таҳлил қилишни ўрганиши кераклигини ва ҳоказоларни уқтирган.

Хуллас, Ўзбекистон раҳбари бутун Россия оммавий ахборот воситаларига "бош муҳаррир"лик қилди.
"Бош муҳаррир" "тўғри таҳлил қилишни билмаган" журналистлар: Владимир Ворсобин ва Дмитрий Стешинларни тилга олди.

Биз "Комсомольская правда"нинг сиёсат бўлими махсус мухбири Дмитрий Стешин билан боғланиб, янги "бош муҳаррир" ёқдими, деб сўрадик.

- Бош муҳарририм бор ва у менга ёқади. Ўзи ёзишни билмаган одам бош муҳаррир бўлолмайди. Ўзбекистон президенти ёзишни биладими-йўқми – хабарим йўқ. Шунинг учун ҳам бошқа муҳаррирга эҳтиёжим йўқ, деди Дмитрий.

- Каримов Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасига таклиф қилди. Борасизми, деб сўрадик ундан.

- Ўзбекистонга боришга ҳаракат қилиб кўраманми-йўқми – ҳали ўйлаб кўрганим йўқ, лекин шуни биламанки,ҳамкасбим, "Комсомольская правда"нинг махсус мухбири Галина Сапожникова бир йил олдин боришга уриниб кўрган, лекин маъмурлар уни Ўзбекистонга киритишмаган эди, деди Стешин.

"Комсомольская правда"ни Ислом Каримовдай синчиклаб ўқийдиган, ҳар бир мухбирининг фамилияларини биладиган муштарийлари биладики, постсовет мамлакатларининг аксариятида бу газетанинг илова нашрлари бор.

- Ўзбекистонда газетамизнинг бундай илова нашри ҳам, мухбири ҳам, ҳатто штатсиз мухбири ҳам йўқ, дейди Каримовнинг жаҳлини чиқарган мухбир.

Ўзи, умуман, Ўзбекистон раҳбарининг жаҳли чиққанича ҳам бор.

Мана ўша Стешиннинг, кечаги гаплардан кейин ҳам газетасида ёзганидан кўчирма:

"Ҳукмдор табақа ҳаётига уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик сингиб кетганини фақат Қирғизистондагина кузатиш мумкинми? Давлат ва бизнес структураларидаги ҳал қилувчи лавозимларга ўзининг қариндош-уруғларини ва бошқа "яқин кишиларини" тайинлаш билан ўрта асрларга оид анъаналарни бугунги кунга Бакиевгина қайтардими?"

Дмитрий Стешиннинг Ўзбекистон раҳбаридан танбеҳни эшитиб туриб ҳам яна бу гапларни ёзганига нима дейсиз?

Ахир "Комсомольская правда"ни ўқиган ўзбекистонликнинг эсига деярли ҳар куни "Ахборот" дастури мақтаб турадиган Гулнорахону Лолахонлар тушиб кетмайдими?

Ислом Каримов Москвага рус журналистларига дашном бериб келиш учунгина боргани йўқ.

Каримов Москвага нима учун борувди?


"Независимая газета" фикрича, у Москвага "Асосий ҳамкор" сифатида ташриф буюрди.

"Российская газета" эса, ўз материалини "Тошкентга ипак йўли", деб сарлавҳалади.

Сарлавҳалар қанчалик чиройли бўлмасин, лекин мақолаларни ўқир экансиз, Москва - Тошкент муносабатларида жавоблардан кўра саволлар кўп эканлигига иқрор бўлаверасиз.

Ки,

- Ўзбекистон Россиядан 700 млн долларли қарзини тан олмаяпти;
- Ўзбекистон банклари Россия корхоналари ишлаб топган пулни конвертация қилиб бермаяпти;
- Ўзбекистоннинг ЕврАзЭСга қайтиши ва КСОРга қўшилиши ҳал бўлмаяпти ва ҳоказолар.

Бу муаммолар тўғрисида ёзган "Коммерсантъ" мухбири Владимир Соловьёвдан сўрадик:

- Бир қарашда Россия раҳбарияти Каримовни илиқ кутиб олгандай, лекин икки ўртадаги муаммолар ҳам талайгина. Зиддият йўқми бу ҳолатда?

- Реал муаммолар муҳокамаси, одатда, журналистлардан сир тутилади. Президентлар журналистлар олдига чиқиб, қайси ишни уддалай олмаганларию бир-бирларига қандай чидаганларини айтиб ўтиришмайди. Дипломатик одобга, протокол талабларига риоя қилинади, деди "Коммерсантъ" мухбири Владимир Соловьёв.

Хуллас, Ўзбекистон раҳбари 20 йилдан бери яна бир марта Москвага бориб қайтди.

Қизил майдоннинг тошини тераётган ўзбек меҳнат муҳожирлари эса яна тошини териб қолаверди.
XS
SM
MD
LG