Линклар

Хориж автомобиллари Ўзбекистонда янада қимматлади


Ўзбекистонга Германиянинг машҳур машиналарини олиб кириш йўлига қизил чироқ қўйилганига анча бўлади.

Ўзбекистонга Германиянинг машҳур машиналарини олиб кириш йўлига қизил чироқ қўйилганига анча бўлади.

Президент Ислом Каримовнинг буйруғига биноан 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга киритилаётган барча турдаги автомобилларга қўйилган бож солиқ ставкалари яна 10 фоизга оширилди.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси тарқатган хабарга кўра, бу каби чеклаш чоралари ички бозорни сақлаш учун қилинаётир. Шу масалага доир расмий доиралар фикр-мулоҳазаларини билиш мақсадида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига матбуот марказига қўнғироқ қилдик:

Озодлик: Солиқ ставкалари оширилди деб эшитдим. Шу тўғрими?

- Нима экан?

Озодлик: Автомобилларга солиқ ставкалари 10 фоизга оширилибди экан.

- Хабаримиз йўқ ҳали. Биз эшитмадик¸ дейди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига матбуот марказида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Ўзбекистонда енгил автомобиллар импорти бўйича бирор-бир расмий маълумот топиш жуда мураккаб. Россиядаги мустақил AutoConsulting тадқиқот гуруҳининг таъкидлашича, Ўзбекистонга йилига 15 мингга яқин енгил автомобил киритилади. Автомобил савдоси билан шуғулланувчи мутахассис Равшанбек қабул қилинган чора-тадбирларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари мавжудлигини айтади:

- Ҳозир ўзи Ўзбекистонга машина кирмаяпти. Сабаби¸ бож солиғи ошиб кетди. Ошиб кетгани учун ҳеч ким олиб кирмаяпти. Фақат заказ бўлиб қолса¸ ўшаларга олиб киришмаса. Кўпроқ фойдасидан зарари кўпайиб кетди. Ҳозир Тошкентда иномаркаларнинг нарх-навоси жуда ҳам тушиб кетди. Ҳозир бу ердан олиб кетиб¸ у ерда сотгандан кўра у ердан олиб қўйган яхшироқ. Ҳеч ким қилмаëтган бўлса керак. Ҳозир Ўзбекистоннинг ўзида чиқаяптию машина. Қиммат қилган тақдирда ҳам халқ олаяпти. Ўшанга яраша талаб бор. Россияда рақобат бўлганлиги сабабли у ерда нархи арзонроқ. Бизларда эса хоҳлаган нархини қўйиб сотаверади¸ дейди автомобил савдоси билан шуғулланувчи Равшанбек.

Баъзи бир мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонга енгил автомобиллар импортининг кескин камайиб кетиши биринчи ўринда мамлакатдаги валюта конвертацияси муаммолари билан боғлиқдир. Ўтмишда Ўзбекистонга хориж машиналарини импорт қилиш билан шуғулланган Баҳодир Файз¸ Ўзбекистонда автомобил импортига бож солиқларининг оширилиши ортидаги асл сабабни протекционизм сиëсати билан изоҳлайди:

- Ўзбекистон ўзининг саноатини қўриқлаш учун қилаëтгандир. Чет элдан машина кириши ëмон эмас барибир. Қанчалик қўриқлаганингиз билан Ўзбекистон ички иқтисодиëтига зарар бўлади. Алтернатив бўлиши керак. Ўзбекистондаги ҳар қанақа саноат рақобат қила оладиган даражада бўлиши керак. Ўзбекистон саноатини қўриқлайман деган билан иқтисодга зарардан бошқа нарса бўлмайди. Чет элдан келаëтган нарсалар билан рақобат қилса олса¸ ўшанда яхши саноат ривожланиши мумкин. Монопиолия яхши эмас. Бу ердан арзон машина олинади. Урилган¸ пачоқ бўлган машиналар бўлади. Шу Ню Йоркка олиб борилади ва пароход билан жўнатилади. Энг яхши усули пароход билан жўнатишади. Кейин бу Россия ëки Болтиқбўйи орқали олиб борилади. Кейин Ўзбекистондан пулини олиб бу ëқдагиларга жўнатиб юборишади. Нархлар ошгандан кейин ҳам барибир жўнатишаяпти¸ дейди ҳозирда АҚШ да яшаëтган Баҳодир Файз.

2009 йилнинг ноябр ойида “АвтоВАЗ”, “Газ” ва “Соллерс” компаниялари Россия ҳукуматига ўзбек машиналари импортини чеклашни сўраб баëнот берган.

“УАЗ” машиналарини Ўзбекистонга экспорт қилиш билан шуғулланадиган “Соллерс” ширкати вакили Зоя Каика бож солиқларининг оширилиши Ўзбекистондаги Россия автомобиллари нархига таъсир қилмаслигини айтади.

- Йўқ. Бизнинг автомобилларга нархлар оширилмаган, чунки биз Ўзбекистон билан эркин савдо қоидалари доирасидамиз. Шу сабабли бизга бож ставкаларининг ошиши тааллуқли эмас¸ деди “Соллерс” ширкати вакили Зоя Каика.

Россиянинг Ўзбекистондаги "LADA MOTORS" автосалонида ҳам бож солиқларининг оширилиши Россиядан киритилаётган автомобилларга тегишли эмаслигини билдиришди:

- Россия ва Ўзбекистон ўртасида халқаро шартнома имзоланган. Унга биноан Россиядан киритилаётган автомобилларга фақат қўшимча қиймат солиғи ўрнатилган, холос, деди ўзини таништирмаган Тошкентдаги "LADA MOTORS" автосалони ходими.

Бугунги кунга келиб "GM-Uzbekistan" Қўшма корхонаси Асакада Daewoo Nexia, Damas, Matiz, Chevrolet Lacetti, Captiva ва Epica автомобилларини ишлаб чиқармоқда.

Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси тарқатган маълумотга асосан, Ўзбекистонда янги импорт автомобилларига бўлган талаб йилига 150 минг автомобилга тенг. Лекин унинг ўрнига мамлакатда 6 минггача автомобил сотилади, холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG