Линклар

logo-print

Украина президенти Виктор Янукович ва Россия президенти Дмитрий Медведев Россия Қора денгиз флотининг 2017 йилдан кейин ҳам Қримдаги базада қолишига оид янги шартномани имзоладилар.

Ҳарбий базанинг 25 йилга мўлжалланган ижара муддати тугаганидан сўнг, у яна беш йилга узайтирилиши мумкин.

21 апрел куни Россиянинг “Газпром” ва Украинанинг “Нафтогаз” ширкати вакиллари 2019 йилга қадар Россия газини Украинага етказиб бериш ва транзит қилишга оид шартномани имзолади.

Виктор Янукович Россия Украинага етказиб берилаётган газнинг ҳар минг куб метрини 30 фоизга арзон нархда сотишини айтди.

Мазкур тарихий шартнома Украина ва Россия президентларининг Харков шаҳрида бўлиб ўтган сўзлашувидан кейин имзоланди.

- Россияга ўз флоти ҳарбий базада қанча муддат қолиши юзасидан аниқлик керак эди ва бундай аниқликка эришилди. Биз бу ҳақда келишув имзоладик. Унда Украина ҳудудидаги Россия ҳарбий базасининг муддати 25 йилга узайтирилиши қайд этилган, деди Россия президенти.

Дмитрий Медведев Украинага узатилажак газ нархи ҳақида ҳам тўхталди.

- Агар ҳар минг куб метр газ нархи 330 доллардан ошса, украиналик ҳамкорларимиз ҳар минг куб метр газни 100 доллар арзонроқ нархда сотиб олади. Агар нарх 330 доллардан кам бўлса, улар шартномада кўрсатилган нархдан 30 фоиз арзонга сотиб олади, деди Дмитрий Медведев.

Украина собиқ президенти Виктор Юшченко ҳукумати ўтган йил Россия билан имзолаган 10 йилга мўлжалланган шартномага мувофиқ, Россия ҳар минг куб метр газни Украинага 300 доллардан ортиқ нархда сотаётган эди.

Украинада ўтказилган президентлик сайловида Януковичга ютқазган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ҳарбий денгиз флоти базасининг ижараси ҳақида имзоланган шартномани конституцияга зид, дея бахолади. У собиқ сиёсий рақибини “хоинлик”да айблади.

- Януковичнинг бу хатти-ҳаракати Украинада президент йўқлигини кўрсатади. Ўз лавозимини ҳалол йўл билан эгалламаган бу шахс ўз обрўсини ошириш ва хориж давлатлари қўллаб-қувватлашига эришиш учун конституцияни четлаб ўтаяпти ҳамда Украинанинг миллий манфаатларини йўққа чиқармоқда, деди Юлия Тимошенко.

Украина собиқ бош вазири парламентдаги ўз фракцияси Верховна Радага Қора денгиз флоти ҳақидаги келишувни бекор қилиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини тақдим этишини айтди.
XS
SM
MD
LG