Линклар

logo-print

Хўжанд шаҳар прокуратураси икки милиция ходимининг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоликда гумонланиб қўлга олинган Россия фуқароси Исмон Бобоев ўлимига алоқаси бор-йўқлигини текширмоқда.

Cўғд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг айтишларича, Исмон Бобоев милиция ходимлари томонидан Исфара шаҳрида ҳужжат текшириш жараёнида ушланган.

- Жорий йилнинг 19 апрел куни соат 12:45 ларда Исфара шаҳридаги Ҳожиён масжиди олдида навбатчилик қилган уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари Фирдавс Шокиров ва Манучеҳр Акбаровлар Исмон Бобоевни ушлашган. Дастлабки маълумотлар кўра, қўлга олинган шахс Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланган. Шундан кейин Исмон Бобоев Хўжанд шаҳрига олиб келинган. Биздаги маълумотлар бўйича қўлга олинган шахснинг тутқалоқ касали бўлган. Тергов пайтида гумонланувчининг аҳволи ёмонлашган ва нафас етишмаслиги сабабли жон таслим қилган, деди вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Рауф Юсупов.

Милиция бошлиғининг айтишича, етиб келган шифокорлар ҳам унга ёрдам беролмаганлар. Дастлабки текширув натижаларига кўра, марҳумнинг баданида қийноқлар аломати топилмаган.

Айни пайтда мазкур иш юзасидан оператив-тергов гуруҳи ташкил этилган. Бобоевнинг ўлими сабаблари аниқланмоқда. Милиция вакиллари Фирдавс Шокиров ва Манучеҳр Акбаровлар ўз вазифасидан четлаштирилган.

Хўжанд шахар прокуратураси эса милиция ходимларига нисбатан Тожикистон Жиноий кодексининг 104-моддаси (қотиллик) бўйича жиноий иш очган.

Айни пайтда марҳумнинг қариндошлари Исмон Бобоев милиция вакиллари томонидан қўлланилган қийноқлар туфайли жон берганини айтмоқдалар. Уларнинг сўзларига кўра, бунга марҳумнинг танасидаги қийноқлар излари далил бўла олади.

- Милиция ходимлари менга ёлгон гапиришди, гуёки у касал эмиш. Лекин уйга олиб келиб юваётганимизда унинг баданида калтаклар, қийноқлар излари борлигини кўрдик. Улар Исмонни ўлдириб қўйиб, кейин изларни яшириш максадида касалга чиқаришаяпти, дейди марҳумнинг қариндошларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, милиция вакиллари Исмон Бобоевга кун беришмасди, кийнашарди, ҳеч тинч куйишмас эди. Шундан кейин у Россияга мардикорлик қилиш учун кетган эди. Исмон Бобоевнинг танишлари унинг тутқаноқ ҳуружидан ўлганига ишонқирамаяптилар.

- Мен бу бир мажбурий ўлим, деб гумон қиламан. Чунки барча амаллари Қуръон ва суннат бўлган, обрў-эътиборли бир намозхон эди. Унинг ўлимига сабабчи бўлган одамлар номи ошкор этилиши керак. Зеро, бир золимни жазосиз қолдириш бу бошқа золимларга, жиноятчиларга йўл очиш демакдир, дейди исфаралик Абдусаттор Бобоев.

Исмон Бобоевнинг ота-онаси республика президенти Имомали Раҳмон ва Бош прокурор Шерхон Салимзода номига ариза ёзганлар. Бундан ташқари, улар Россиянинг Хўжанд шаҳридаги консули қабулида бўлганлар, чунки Исмон Бобоев Россия Федерацияси фуқароси эди. Россия консули Азим Ярахмедов ҳам бу борада тегишли тизимларга мактуб жўнатиб, мазкур иш адолат юзасидан кўрилиб чиқилишини сўраган.

Исмон Бобоевнинг балоғат ёшига етмаган уч фарзанди етим қолди.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, мазкур ҳодиса милиция вакиллари томонидан содир этилган биринчи жиноят эмас эмас. 2008 ва 2009 йилларда Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзолари ҳам худди шу шаклда ўлдирилганди. Қотилликка қўл урган милиция ходимлари эса жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG