Линклар

logo-print

ҲРВ муваққат ҳукуматни халқаро текширув ўтказишга чақирди


Ҳюман Райтс Вотч вакиллари ўзлари ўрганган видеолавҳаларда хавфсизлик кучлари томонидан тинч намойишчиларга ўқ отилганини, айни пайтда намойишчилар орасида ҳам қуролли одамлар кузатилганини билдирганлар.

Ҳюман Райтс Вотч вакиллари ўзлари ўрганган видеолавҳаларда хавфсизлик кучлари томонидан тинч намойишчиларга ўқ отилганини, айни пайтда намойишчилар орасида ҳам қуролли одамлар кузатилганини билдирганлар.

Ҳюман Райтс Вотч хулосасига кўра, Қирғизистондаги апрел воқеалари чоғида вазиятнинг таранглашуви ва ўқ отилишига хавфсизлик кучлари ҳамда мухолифат тарафдорларининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти тарқатган баёнотда айтилишича, ташкилот ходимлари томонидан 30 дан ортиқ жабрланувчилар ва гувоҳлар сўралган. Шунингдек, видео ва фото материаллар ўрганилган.

Мазкур ташкилот ўрганилган видеолавҳаларда хавфсизлик кучлари томонидан тинч намойишчиларга ўқ отилганини, айни пайтда намойишчилар орасида қуролли одамлар ҳам кузатилганини билдирган. Баёнотда айтилишича, бу қуроллар милиция ходимларидан тортиб олинган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти муваққат ҳукуматни тез кунларда мустақил халқаро тергов ўтказишга чақиради. “Вақт ўтиши билан бу воқеаларга холис баҳо бериш имконияти камайиб боради”, дейилади баёнотда.

Айни пайтда муваққат ҳукумат расмийлари ҳам апрел воқеалари халқаро ҳамжамият иштирокида мустақил тергов қилиниши зарурлигини таъқидлаб келмоқдалар. Бироқ бу иш қачон амалга оширилиши ҳозирча номаълум.

Сиёсатшуносларга кўра, халқаро ҳамжамият томонидан апрел воқеаларига холис баҳо берилиши ўз истеъфосини тан олмаётган ва муваққат ҳукуматни “қаллоблар тўдаси” сифатида эълон қилган Қурмонбек Бакиевнинг жиноий жавобгарликка тортилиши учун асос бўла олади.

Эслатиб ўтамиз, Қурмонбек Бакиев 21 март куни Минскда ўз истеъфосини тан олмаслиги ва Қирғизистон бошқаруви қаллоблар қўлига ўтган, деб ҳисоблаши ҳақида баёнот берган эди.

Қурмонбек Бакиевнинг бу баёнотига нисбатан Қирғизистон муваққат ҳукуматининг раисаси Роза Ўтунбаева таҳдидли билдирув билан чиқди:

- Бакиев шунчалик жасур бўлса, Қирғизистонга қайтиб келсин. Бу ерда уни Қирғизистон халқи, майдонда фарзандлари отилган одамлар кутиб олади. Ўшанда кўрамиз, қандай суд бўлишини. Биз Бакиевнинг хавфсизлигини кафолатлай олмаймиз, деди Роза Ўтунбаева.

Муваққат ҳукумат маъмурияти раҳбари Эдил Байсалов эса Бакиевнинг Минскда берган баёнотини Қирғизистондаги вазиятни издан чиқаришга қарши қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади.

- Яна бир бор таъкидламоқчиманки, Бакиев жиноятчи. Белорус ўлкасига бориб олиб, Қирғизистондаги вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда, деди Эдил Байсалов.

Бишкеклик сиёсатшунослар фикрича, Қурмонбек Бакиев жиноий жавобгарликка тортилмагунга қадар вазиятни издан чиқариш бўйича фаолиятини давом эттириши мумкин.

- Бакиев бошқа катта кучларнинг қўғирчоғи бўлиб қолди, деб ўйлайман. Қирғизистондаги вазият барқарорлашмаслигидан манфаатдор кучлар эндиликда Бакиевдан фаол фойдаланадилар, деди сиёсатшунос Марс Сариев.

Аснода “Интерфакс-Қозоғистон” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, ЕХҲТ парламент ассамблеяси президентининг махсус вакили Одил Ахмедов Бакиевнинг Минскдаги баёноти у қадар аҳамиятли эмаслигини қайд этган:
- Бакиевнинг баёноти хеч нарсани ўзгартира олмайди. У ўз халқини отган ва шубхасиз, айбдордир! Унинг ҳокимиятни қайтариш ҳаракатлари натижасиз якунланади,-деди Одил Ахмедов.

Айни пайтда Москва расмийлари ҳам муваққат ҳукумат билан ҳамкорликни давом эттиришларини ва Қурмонбек Бакиевни президент деб ҳисобламасликларини билдирганлар. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Сергей Приходко матбуотга маълум қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG