Линклар

Ўзбекистон ҳукумати туғилишни тўхтатишга уринмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонда бораëтган аëлларни бичиш жараëнини шарҳлаган айрим кузатувчилар¸ Ўзбекистон ҳукуматини эндиликда туғилмаган инсонлар ҳаққини топтаëтганликда айблашмоқда.

Ўзбекистонда бораëтган аëлларни бичиш жараëнини шарҳлаган айрим кузатувчилар¸ Ўзбекистон ҳукуматини эндиликда туғилмаган инсонлар ҳаққини топтаëтганликда айблашмоқда.

Бугунги дастуримизнинг мавзуи Ўзбекистоннинг баъзи вилоятларида аёлларнинг мажбуран стерилизация қилинаётгани, оддий тил билан айтган бичилаётгани ҳақида бўлади.



Кейинги ҳафталар давомида вилоятлардан қўнғироқ қилган ўзбекистонликлар туғиш ёшидаги аёллар мажбурий тарзда бичиб қўйилаётгани ҳақида хабар қилишмоқда.

Озодлик радиоси билан суҳбатлашган қашқадарёлик 30 ёшли аёл мажбуран бичилганлардан бири.

- Ҳар куни докторлар уйимга келиб ИЖК (ихтиëрий жарроҳлик контрацепциси) қилдирасан деб мажбурладида. Шундан кейин боришга мажбур бўлдим. Ҳар куни келадида улар. Районнинг катта докторлари келади. Бизнинг қишлоқнинг докторларини ҳеч ўз ҳолига қўймайдида. ИЖК қилдирасан¸ ИЖК қилдиришга мажбурсан¸ деб урушади. Районнинг катта докторлари келиб қишлоқнинг аëлларини ўз ҳолига қўймайдида. Қишлоқнинг аëлларининг ҳаммасини мажбурлаб¸ бешта-олтита-ўнта район болницасига олиб бориб¸ ИЖК қилдираяптида. Навбатма навбат туришибдилар, дейди қашқадарëлик аëл.

Бунда тиббиёт ходимлари ўзларини ҳимоя қилиш учун стерилизация қилинган аёллардан, жарроҳлик операциясига розиман, деган тилхатга ҳам қўл қўйдириб олишмоқда.

- 40 ëшгача мажбурда¸ иккита боласи борми¸ учтами ҳаммага мажбур. Ҳозирча милицияга берамиз¸ деб қўрқитиб олиб чиқаяпти. Тилидан тилхат ëздириб олиб кетаяпти. Бўлмаса милицияларни олиб бориб мажбурлаб қўйдирамиз¸ деяптида. Мажбурлаб¸ дўқ қилиб ҳаммасига. Битта мен эмасда. Тумандаги ҳамма қишлоқдагиларни мажбурлаб олиб бораяптида. Селсоветларга бормаганларнинг рўйхатларини бериб¸ нафақа ололмайсизлар¸ деб ҳаммасини мажбур қилишаяптида, деган эди мажбуран бепушт қилиб қўйилган 30 яшар суҳбатдошимиз.

Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Сурайё Расулевага мурожаат қилдик.

Озодлик: Сурайë Ҳаëтовна¸ мен бир масала бўйича қўнғироқ қилаëтган эдим. Ихтиëрий жарроҳлик стерилизацияси ҳақида сўрамоқчи эдим. Мутахассис сифатида ихтиëрий жарроҳлик стерилизациясининг афзаллик томонлари¸ салбий томонлари ҳақида гапириб бера оласизми?

Сурайë Расулева: Фаррухжон¸ сизга бу маълумот керак бўладиган бўлса¸ вы официально выйдите¸ мы вам ответим¸ пожалуйста.

Озодлик: Умуман специалист сифатида гапириб бера олмайсизми?

Сурайë Расулева: Специалист сифатида мен сизга гапириб бераман. Официально выходите¸ мы вам ответим без разговора.

Озодлик: Ҳозир шунақа хабарлар пайдо бўлаяптики¸ Ўзбекистонда баъзи вилоятларда мажбуран стерилизация қилишаяпти экан.

- Никогда в жизне. Потому что одно название такой. Добровольная хирургическая контрацепция. По этому бу бўйича маълумот керак бўладиган бўлса¸ выходите на нас. Мы вам всë ответим как положено¸ без разговора, деди Сурайë Расулева.

Аслида¸ номидан кўриниб турганидек¸ ихтиëрий жарроҳлик стерилизацияси мижоз томонидан ихтиëрий танланиши лозим амалиëтдир. Лекин Фарғона вилояти Фарғона туманидан қўнғироқ қилган йигит ўз аёлининг бепуштликка мажбурлашаётганидан гапиради.

- Ихтиëриймасда бу. Мажбуранку. Аëлим мана “Шундай шундай бўлаяпти” деб беш марта қўнғироқ қилди. “Ҳаққинг йўқ. прокуратурага¸ судга топшираман” деб айтмадингми десам¸ айтса ҳам маҳалладаги медсестралар мажбуран қилаяпти экан¸ мажбуран чиқишинг шарт деб. Ўзимнинг аëлимни қайси йўл билан операция қилдирмасликка ҳайронман¸ дейди фарғоналик суҳбатдош.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи аёлларнинг мажбуран бичиб қўйилаётганини инкор қилган бўлса-да, вазирликдаги исми сир қолишини истаган бошқа манба аёлларни уларнинг розилигисиз стерилизация қилиш амалиёти қўлланилаётганига бир-икки йил бўлиб қолди, дейди.

Озодлик радиоси билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган мутахассиснинг айтишича, президент Ислом Каримовнинг ўтган йилги оналар ва болалар саломатлигини яхшилашга оид 296 ва 144-қарорлари қабул қилингани¸ хусусан, 2010 йилни “Баркамол авлод йили”, деб эълон қилганидан кейин маҳаллий ҳокимият органлари туғилишлар сонини камайтириш ишларини қатъий назоратга олган.

Суҳбатдошимиз, Каримовнинг ўтган йили Конституция куни муносабати билан қилган чиқишида “Баркамол авлод йили” дастурини амалга оширишда “Соғлом она – соғлом бола” ғоясига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлагани, жойлардаги расмийлар томонидан “салласини олиб кел деса, калласини олиб келади” қабилида бажарилмоқда, дейди.

Фарғона вилояти туманларидан бирида ишлайдиган шифокор Алижон ака, бизнинг туманда ҳозирча аёлларни мажбурий бичиб қўйиш ҳоллари йўқ, лекин қўшни туман ва вилоятларда бу ҳолат кузатилмоқда, дейди.

Алижон ака: У куни гаплашган эдим. “Сизларда шунақа бўлаяптими?” деб сўради. Бизда бунақа бўлаëтгани йўқ.

Озодлик: Нимага Термизда бунақа бўлаяпти экан?

Алижон ака: Энди туғиш кўп бўлаëтганлиги сабаби билан бўлиши керак менимча.

Озодлик: Мажбурлаб олиб бориб бичиб қўяëтган экан-а?

- Туғиш кўп бўлаяпти экан Ўзбекистонда. Шу сабаб бўлса керак¸ менимча¸ дейди Алижон ака.

Алижон акага кўра, масалан, Сурхондарё вилояти туманларидан биридаги ҳамкасби ҳар куни уч-тўрт нафар аёлни бичиш бўйича юқоридан буйруқ борлигини гапириб берган.

Алижон ака: Бу кичик операция усули билан амалга оширилади. Аëлнинг тухумдон йўллари бекитиб қўйилади. Умрбод бола кўрмайдиган бўладида.

Озодлик: Ихтиëрий жарроҳлик стерилизацияси дегандан кейин буни фақат розилиги билан қилиш керак¸ тўғрими?

- Ўзи ихтиëрий деганни бошига қўшиб қўйган. Аммо ихтиëрий бўлмаяпти. Термиздаги танишим ҳам шунақа дедида. “Бизга ҳар кун учтадан топиб келасан деяпти. Сизларда ҳам шунақа бўлаяптими?” деб сўради. “Бизда бунақа бўлаëтгани йўқ” деб айтдим¸ дейди Алижон ака.

Сўзида давом этаркан шифокор, нафақат стерилизация¸ балки умуман контрацепция усулларининг бошқа турларини аёлнинг розилигисиз унга қўллаш Ўзбекистон қонунларига хилоф эканини эслатади.

Алижон ака: Мажбуран қилиш яхши эмас. Чунки ҳар бир аëл ўзининг ëки оиласининг розилиги билан бориши керак тиббиëт ходимига. Бизда эса мажбурий. Мана спирал қўйиш ҳам аëлнинг розилиги билан қўйилиши керак.

Озодлик: Лекин спиралларни ҳам мажбуран қўяяпти-а?

- Ҳа. Спирал қўйгандан кейин кровотечение бериб юбориши мумкин¸ камқонлик бўлиши мумкин. Ҳайз цикли уч-тўрт кун бўлса¸ 10 кунгача чўзилиб кетиши мумкин. Кўпроқ қон йўқотиши мумкин. Биринчи боласида спирал қўйса¸ иккинчи боласига бепушт бўлиши ҳам мумкин. Спирални “бошқа бола кўрмайман” деса¸ ўшанда қўйиш керак. Бизда уже роддомдаëқ спирал қўйишни бошлайди, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Халқаро жиноятлар бўйича Рим қонунига кўра, инсонларни мажбуран стерилизация қилиш инсониятга қарши жиноят ҳисобланади.

Масалан, мажбурий стерилизация қилиш нацист Германиясида миллат генофондини тозалаш мақсадида ишлатилган.

Айни пайтда, бундан бир неча йил аввал, Чехия Республикасида ҳам лўли аёлларнинг стерилизация қилинганига оид воқеа катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Бунда жанжалга лўли аёлларнинг ўзлари қўл қўйган тилхатларида нималар ёзилганини тушунмагани сабаб бўлган эди.

Бу воқеани тергов қилган Чехия Омбудсмани матбуот котиби Ива Ҳраздилкова Озодлик радиоси билан суҳбатда ўша воқеани эслади.

- Бу 2004 йилда бўлган эди. Ўшанда Омбудсман номига тўрт нафар аёлдан ўзларининг ихтиёрларига қарши стерилизация қилингани ҳақида шикоят келиб тушди. Ўтказилган тергов натижаларига кўра, бу амалиёт лўлилар орасида 90 – йиллардан аввал ундан кейин ҳам кенг қўллангани аниқланди. Яъни коммунистик режим пайтида ҳам¸ ундан кейин ҳам лўлиларни ихтиёрларига қарши бичиб қўйишгани аниқланди. Бу масалалар инсон ҳуқуқларининг жиддий тарзда бузилишига доир бўлгани боис Омбудсман тергов ўтказиб, мазкур ишни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судигача олиб борди ва суд лўли аёллар фойдасига ҳукм чиқарди. 2009 йилда эса Чехия ҳукумати лўли аёлларининг мажбуран стерилизация қилинганини расман тан олди ва улардан узр сўради, дейди Чехия Омбудсмани матбуот котиби Ҳраздилкова.

Ҳозирда, бу лўли аёлларнинг ҳар бири маънавий зарар қопланишини талаб қилиб Чехия ҳукумати устидан судга ариза билан мурожаат қилган, дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг исмини ошкор қилмаган мутахассисининг айтишича, туғишни назорат қилиш ишлари ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан олиб борилмоқда.

Бунга туғиш суръатининг йил сайин ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда¸масалан - дейди суҳбатдошимиз - 2007 йилда Ўзбекистонда 480 минг нафарга яқин чақалоқ туғилган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 500 мингга, 2009 йилда эса 650 мингга чиқиб кетган.

“Албатта, баъзи вилоятларда бу кўрсаткич баландроқ, баъзиларида пастроқ. Шунинг учун кўп бола туғилаётган вилоятларда аёлларни мажбуран стерилизация қилишаётган бўлса керак”, дея тахмин қилади мутахассис.

Суҳбатдошимиз, Ўзбекистон демографик тарихидан келиб чиқиб, аёлларни мажбуран бичиш билан туғилишлар суръатини жиловлаб бўлмайди, дейди. Чунки, дейди у, ўтган асрнинг 70-80 йилларида собиқ Ўзбекистон совет республикаси раҳбарияти олиб борган туғилишларни рағбатлантириш сиёсати ўлароқ мамлакат аҳолиси икки баробардан кўпроққа ошган. Шундай қилиб, 1970 йилда 9 миллион атрофида бўлган ўзбекистонликлар сони 90-йилларга келиб 20 миллиондан ошиб кетган. Бугунга келиб, аҳоли сони 28 миллионга етди. Уларнинг аксарияти эса, 70 – 80 йилларда туғилганлар, яъни репродуктив ёки уйланиш ёшида бўлганлардан иборатдир. “Ўзбек оилаларида икки ёки уч нафар бола кўриш одат экани инобатга олинса, бу ёғи геометрик прогрессия қонуниятига кўра, ошиб кетаверади”, дейди мутахассис.

Фарғона вилояти Фарғона туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдош эса, энди ўзбек аёлларини бичишгача етиб келган Ўзбекистон ҳукуматига айтар гапим бор, дейди.

- Бу тушунмайдиган ишлар. Бу даражада мажбурлашнинг нима кераги бор экан? Бу план бўлса керакда. 41 ëшга кирган аëлни шунақа қилиб турса¸ бу план бўлса керакда. Ахир бу бемалол яшайлик. Мустақил юртку ахир энди. Подшоларимизга раҳмат. Шу даражада бўлаëтган бўлса¸ қуюқ катта раҳматлар айтамиз. 41 ëшга кирган аëлни шу даражада мажбурлашаëтган бўлсаки¸ қўш қарсаклар билан ташаккурномалар деймиз¸ дейди аччиқ киноя билан фарғоналик суҳбатдошимиз.

Шу ерда ихтиёрий жарроҳлик стерилизацияси ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Стерилизация тиббиётда ҳомиладорликнинг олдини олишнинг энг самарали усули ҳисобланиб, бошқа бола кўрмасликка узил-кесил қарор қилган оилалар учунгина мўлжалланган. Жарроҳлик стерилизацияси ҳам аёлларда, ҳам эркакларда амалга оширилиши мумкин. Бунда аёлларнинг тухумдон ва бачадон ўртасидаги найчалар кесиб ёки тугиб қўйилади. Эркакларда эса, эркак уруғи ўтадиган найчалар кесилади. Бундай жарроҳлик амалиётидан кейин бола кўриш имконияти қайта тикланмайди ва шу боис бундай амалиëт фақатгина мижознинг онгли равишда қабул қилинган ёзма розилиги билан амалга оширилиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG