Линклар

logo-print

Ўзбекистон қора бозорида бир ҳафта аввал 2400 сўмдан олиниб, 2600 сўмга сотилаётган доллар кейинги уч кун ичида 1600-1700 сўмга тушиб кетди. Ўзбекистон Марказий банки 22 апрел куни учун ўрнатган расмий курсга кўра, долларнинг давлат нархи 1563 ўзбек сўмидир.

“Тушиб кетди ака. 170 га тушган эди. Даже Қувада 160 га тушган. Ҳозир яна ошиб кетиб қолди. Ҳозир 210 сотилаяпти. Ëмон ўйин бўлаяпти. Ошиб кетди ҳозир. Ўйин бўлаяпти. Ҳа¸ 210 сотилаяпти ака”.

Озодлик: Қачон тушган эди ўзи?

“Уч кундан бери шунақа бўлаëтган эди. Тушади¸ тушади”.

Фарғона марказий бозорида пулни-пулга уриштирадиган бу суҳбатдошимиз, АҚШ доллари курсининг уч кун ичида кескин тушиб кетгани унинг учун хайрли бўлганини қўшимча қилди.

- Мана бугун 100 минг чиқди, ака. Бўлади 5000 билан ҳам чиқиб кетилади. Худо хоҳласа, ҳозирча рекорд ака бу. Ўзи энди бир-икки ой бўлдида ишга чиққанимга. Бугун тушиб туриб ошиб кетгани яхши бўлди. Фойда қилиб олдикда, дейди фарғоналик “пулфуруш” суҳбатдошимиз.

Тошкентнинг Олой бозорида пул алиштириш билан шуғулланадиган Муаззамхон доллар курси тушиб кетгани яқинда Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё тарққиёт банкининг йиллик саммити билан боғлиқ бўлиши мумкин, дейди.

Муаззамхон: 1700 дан олаяпмиз.

Озодлик: Нимага бунақа тушиб кетди?

Муаззамхон: Банкирлар келарканку. Ўшанинг ҳисобига.

Озодлик: Халқаро банкнинг йиғини бўлади. Ўшанга дейишаяптими?

Муаззамхон: Ҳа.

Озодлик: Сизларга нима алоқаси бор уларнинг?

Муаззамхон: Долларни бир хил қилиб қўйиш керакку.

Озодлик: Кеча неча пул эди?

Муаззамхон: 1800.

Озодлик: Қачон тушиб кетди бунақа? 2400 сўм эдику.

Муаззамхон: Уч кун бўлди.

Озодлик: Уч куннинг ичида 2400 сўмдан 1700 сўмга тушиб кетдими?

Муаззамхон: Ҳа.

Озодлик: Иш бўлаяптими?

Муаззамхон: Олиб-олиб сотаяпмиз.

Озодлик: Қанчадан сотилаяпти?

Муаззамхон: Ҳар хил. 90.

Озодлик: 1700 дан олиб 1900 дан сотаяпсизлар-а?

Муаззамхон: Ҳа.

Озодлик: Банкирлар кетгандан кейин кўтарилиб қолармикан?

- Ҳа¸ банкирлар кетгандан кейин секин-секин кўтарилар экан, дейди Муаззамхон.

Осиё тараққиёт банкининг йиллик саммити 3-4 май кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик иқтисодчи ва собиқ банк ходими Умиджон ҳам, АҚШ долларининг қора бозорда арзонлагани сабабларидан бири ҳукуматнинг мазкур тадбирдан аввал кўраётган чоралари бўлиши мумкин, деган фикрда.

- Биринчи сабаби¸ яқинда Осиë банкининг катта йиғилиши бўлади. Қайсидир йили Европа банкининг йиғилиши бўлганда Ўзбекистон жуда ҳам шармандали ҳолатга тушган эди. Чунки нарсаларга сунъий нарх қўйиб театр уюштиришган эди. Театрнинг ëлғонлиги билиниб қолган эди ўшанда. Бу сафар энди ўша театрни ҳақиқийлаштиришмоқчи. Ҳозир Ўзбекистонда доллар тушса¸ нарсаларнинг нархи ҳам шунга яраша тушади. Озгина бўлса ҳам тушади. Бу биринчи сабаби¸ дейди Умиджон.

Собиқ банки ходими Умиджон тахмин қилаётган учта сабабнинг қолган иккитасига бироз кейин қайтамиз. Ҳозир қора бозорда доллар курсининг қандай қилиб белгиланишини аниқлаб олсак.

Фарғона марказий бозорида турадиган пулфурушлардан яна бири нархни Тошкент белгилайди, дейди.

Озодлик: Мен бир нарсага ҳайрон қоламанда. Мана эрталаб ишга келасизлар. Курсни қанақа қилиб белгилайсизлар?

- Тошкентдан “мана шунча¸ мана шунча” деб айтишади. Шу билан кетадида.

Озодлик: Тошкентдаги қора бозордагилар айтишади-а?

- Ҳа.

Озодлик: Уч кундан бери ўйнаëтгани сизларга зарарми ëки фойдами?

- Зарарку. Одамлар келиб бермай кетаяпти. Ëтса ëтаверсин¸ деб кетишаяпти, Фарғона марказий бозорида пулни пулга уриштирадиган “мутахассис”.

Ўзбекистон Марказий банки 22 апрел куни учун ўрнатган расмий курсга кўра, бир АҚШ долларининг давлат нархи 1563 сўм 26 тийин, деб белгиланган. Бу ҳақда маълум қилган Марказий банк расмийси, қора бозорда доллар нархи “тушиб кетгани ҳақида билмаймиз ва бунга бизнинг алоқамиз йўқ”, дея таъкидлади.

Собиқ банк ходими Умиджоннинг айтишича, қора бозордаги валюта, айниқса АҚШ долларининг нархи белгиланишига ҳукуматнинг бевосита алоқаси бор.

- Қора бозор пул алмаштириш шаҳобчаларида доимий равишда валюта бўлмаслигидан келиб чиқади. Масалан¸ сиз валюта чуун борсангиз ва сизга валюта йўқ деса¸ бозорда бор. Лекин улар сизга қимматроқдан сотаман¸ дейди. Шундан келиб чиқади. Бу нарсадан қанақадир ҳукумат доиралари каттагина даромад олишади. Бу табиий ҳол. Марказий банк¸ банкда ишлайдиган қанчадан қанча катта одамлар қора бозор ва давлат курси ўртасидаги фарқдан катта фойда кўришади, дейди Умиджон.

Қўқонлик тадбиркор Алишер ака ҳам, доллар нархининг тушиши ортида ҳукуматдаги баъзи доираларнинг таъмаси ётибди, деган фикрларга қўшилади.

- Катта одамлар борку¸ катта-катта пулларни операция қиладиган одамлар бозорни тушириб туриб¸ кейин кўтарса¸ ўшанда ўзларининг нимасини чиқариб олиб¸ энди 2000 сўм билан 2020 нинг ўртасида тўхтайди, дейди тадбиркор.

Тошкентда доллар курсининг тушишига яқинда ўтказиладиган Осиё тараққиёт банки саммити сабаб бўлди, деган гаплар юрган бўлса, Фарғонада доллар нархи Қирғизистондаги воқеалардан кейин, йўллар ёпилиб, савдогарларнинг иши юришмай қолгани сабаб тушиб кетди, деган тахмин илгари сурилмоқда.

Собиқ банк ходими Умиджоннинг уч тахминидан иккитаси ҳам Қирғизистон воқеалари билан боғлиқ. Лекин бунга савдогарларнинг иши юришмай қолгани эмас, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги ижтимоий тарангликни юмшатиш уришилари сабаб бўлган кўринади, дейди у.

- Иккинчи сабаби¸ яқинда Қирғизистон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳам ўзига хулоса чиқарган бўлиши мумкин. Чунки Қирғизистондаги воқеалар шунчаки бир уюштирилган эмас¸ балки халқнинг жиддий қаҳр билан кўчага чиқди ва бир-икки куннинг ичида ҳокимиятни ағдариб ташлади. Ўшандан хулоса чиқарган ҳолда халқни овутиш мақсадида¸ халққа яхшилик қилиш мақсадида бу нарсалар қилинаëтган бўлиши мумкин.

Учинчи сабаби¸ Ўзбекистонда миллий валюта инқироз ëқасига келган. Ҳозир банкларнинг ҳаммаси бўшаб ëтибди. Ўзбекистон банкларида сўмнинг топилиши қийин. Лекин валюта бор. Ўзбекистон банкларини сўмга тўлдириш эвазига давлат бозорга кўпроқ валюта чиқараяпти¸ деб ўйлайман¸ дейди Умиджон.

Ўз тахминларини изоҳлар экан иқтисодчи, Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги пайтларда инфляцияни жиловлаш мақсадида, миллий валютани чеклашга оид кескин чораларни кўраётганини мисол қилади.

Умиджон: Учинчи тахминимни¸ мен ҳақиқийроқ деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда сўм ҳозир жуда ҳам қийин аҳволда қолган. Агар ҳозир миллий валюта купюралари босиб чиқарилса¸ Ўзбекистон мисли кўрилмаган инфляцияга учрайди. Шунинг олдини олиш мақсадида купюраларни чиқармасдан шу йўлни тутаяпти. Охирги марта ўшандан кейин қарор ҳам чиқди. Пластик карточкаларни кучайтириш мақсадида қарорлар чиқаяпти. Ўша қарорлар нимага чиқаяпти? Ўзбекистонда сўм инқироз ëқасига келиб турибди.

Озодлик: Сизнинг прогнозингиз қанақа? Доллар яқин орада кўтарилиб қолиши мумкинми ëки кўтарилмайдими?

- Яқин орада кўтарилади. Чунки ўзбек сўми ҳеч қачон ўзининг қийматини ушлаб турмаган, дейди Ўзбекистон банкларида узоқ вақт ишлаган, ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланадиган Умиджон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG