Линклар

Ереван Анқара билан келишувини тасдиқламади


2009 йилда Туркия ва Арманистон раҳбарлари бир қатор тарихий учрашувлар ўтказди.

2009 йилда Туркия ва Арманистон раҳбарлари бир қатор тарихий учрашувлар ўтказди.

Арманистон Туркия билан муносабатларни яхшилаш ҳақида имзоланган шартноманини парламент ратификациясидан ўтказиш жараёнини тўхтатди.

Бу маълумотни Арманистон президенти Серж Саркисян тасдиқлади.

- Биз бу жараённи ҳозирча тарк этмаслик, балки келишув ратификацияси жараёнини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдик. Бизнингча, бу миллатимиз манфаатларига хизмат қилади. Арманистоннинг протоколлардаги имзоси кучда қолади. Чунки биз ўзаро муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги ҳаракат давом этишини хоҳлаймиз. Чунки биз тинчликни хоҳлаймиз, деди Арманистон президенти.

Арманистонда коалиция ҳукумати тузган учта ҳукмрон партия эълон қилган қўшма баёнотда Туркия¸ келишув ратификацияси жараёнини пайсалга солиб келаётганликда айбланган.

Ереван расмийларининг баёноти Туркия раҳбарларини ҳайратга солди. Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон Арманистон президенти Саркисяннинг баёноти эълон қилинишидан олдин Туркия Арманистон билан тинчлик ҳақида имзоланган протоколларга содиқ қолишини урғулади.

Биринчи жаҳон уруши даврида тахминан 1¸5 миллион этник арманининг ўлдирилгани борасида Туркия ва Арманистон ўртасида давом этиб келаётган тортишув ўзаро алоқалар нормаллашишига халал бермоқда.

24 апрел ҳар йили Арманистонда Усмонли турклар арманиларни қатлиом қилган кун сифатида хотирланади. Ереван расмийлари бу геноцид деб тан олинишини талаб қилиб келмоқда. Бироқ Туркия арманларнинг махсус қирғин эмас, балки уруш ҳаракатлари давомида ўлганини таъкидлаб келмоқда.

Ўтган йил октябрида Цюрих шаҳрида Туркия ва Арманистон дипломатик алоқаларни қайта тиклаш ва чегараларни очиш ҳақида шартнома имзолаган. Аммо уни ратификация қилиш жараёни иккала давлатда пайсалга солинмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кўп йилдан бери давом этиб келаётган Тоғли Қорабоғ можароси хусусида Туркия Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳам Ереван расмийларини қониқтирмайди.

Таҳлилчилар фикрича, агар Арманистон ҳукумати эълон қилган баёнот тинчлик ҳақида имзоланган шартнома йўққа чиқарилганини англатса, бу нафақат Туркия ва Арманистон, балки Озарбайжон ва Арманистон муносабатлари кескинлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўз навбатида бу минтақада тинчлик барқарор бўлиши йўлида саъй-ҳаракат қилиб келаётган халқаро воситачилар ҳафсаласини ҳам пир қилиши мумкин. Шу боис АҚШ Арманистон ва Туркияни ярашиш йўлидаги ҳаракатни давом эттиришга чақирди.

12 апрел куни ядровий хавфсизлик бўйича Вашингтонда ўтказилган анжуманда АҚШ президенти Барак Обама тўхтаб қолган шартнома ратификацияси жараёнини жонлантириш учун Эрдўғон ва Саркисян билан шахсан ўзи учрашди.

22 апрел куни АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроули Обама маъмурияти икки давлат ўзаро алоқаларни нормаллаштира олишига ҳозир ҳам умид қилаётганини айтди.

- Томонларнинг ратификация жараёнидан буткул воз кечмагани бизни умидлантирмоқда. Менимча, бу жараённинг давом этиши учун бир оз вақт керак бўлишини ҳаммамиз тушунамиз. Арманистонликлар шундай йўл тутишга тайёр бўлиш учун вақт кераклиги борасида бизга ишора қилишди. Шу боис уларнинг баёноти бизни ҳайратга солгани йўқ, деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.
XS
SM
MD
LG