Линклар

logo-print

Муваққат ҳукумат бакиевчиларни огоҳлантирди


Канибек Бакиевнинг айтишича, улар бевосита Қурмонбек Бакиев кўрсатмаси билан иш юритмоқдалар.

Канибек Бакиевнинг айтишича, улар бевосита Қурмонбек Бакиев кўрсатмаси билан иш юритмоқдалар.

Қирғизистонда Бакиевлар оиласи ва уларга яқин бўлган одамларга нисбатан кўплаб жиноят ишлари очилди. Биргина Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максимга нисбатан 23 та жиноят иши қўзғатилган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Азимбек Бекназаровнинг жамоатчиликка маълум қилишича, Бакиевлар оиласи томонидан амалга оширилган молиявий жиноятларни тергов қилиш мақсадида махсус комиссия ташкил этилди. Бундан ташқари Бакиевларга тегишли экани гумон қилинган барча объектлар вақтинча мусодара қилинди.

“Тергов ишлари якунлангач, муваққат ҳукумат ҳар бир объект бўйича алоҳида – алоҳида қарор қабул қилади”, деди Азимбек Бекназаров.

Унинг айтишича, Бакиевлар оиласи вакиллари Қирғизистондаги вазиятни беқарорлаштириш борасида ҳам режаланган тартибда фаолият олиб бормоқдалар.

Азимбек Бекназаровнинг айтишича, муваққат ҳукумат Бакиевлар оиласи маҳаллий ҳокимиятларга, айниқса, Жаллолобод вилоятидаги бошқарув тизимларига ўз одамлари тайинланишига муваффақ бўлгани ҳақида ишончли маълумотларга эга.

Азимбек Бекназаров бу одамлар муваққат ҳукумат фаолиятига тўсқинлик қилиш ва вазиятни издан чиқариш тўғрисида шахсан Бакиевлардан кўрсатма олаётгани ва тез орада бу шахслар жиноий жавобгарликка тортилишлари ҳақида гапириб ўтди.

Қурмонбек Бакиевнинг Озодлик мухбири саволларига жавоб берган укаси Канибекнинг айтишича, муваққат ҳукумат расмийларининг бундай баёнотларини Бакиевлар оиласига нисбатан босим сифатида қабул қилиш лозим. Айни пайтда Канибек Бакиев Белорусдан бошпана топган Қурмонбек Бакиев билан мунтазам алоқада эканликларини ва унинг кўрсатмаси билан иш юритаётганларини ҳам яшириб ўтирмади.

-У билан алоқадамиз. Биласизки, у халққа мурожаат билан чиқди. Бу мурожаатида у аниқ - тиниқ қилиб, бундан буён қандай ҳаракат қилишимиз лозимлигини кўрсатиб берди. У, албатта, қайтиб келади. Мурожаатида у бу ҳақда аниқ айтди. Ҳозир мана шу йўналишда иш олиб бормоқдамиз, -деди Қанибек Бакиев.

Унинг айтишича, Қурмонбек Бакиевни халқ қўллаб-қувватлайди. Бунинг учун зарур бўлган замин яратилса, Қурмонбек Бакиев Қирғизистонга яна президент сифатида қайтиб келади:

- У халқ уни қўллаб-қувватлашига қатъий ишонади. Давлат тўнтаришини беш кишидан иборат тўда амалга оширди. Бу давлат тўнтаришидир. Халқ бизга давлат тўнтаришини қўлламаётганини айтмоқда,- деди Қанибек Бакиев.

Бишкеклик сиёсатшунослар фикрича, муваққат ҳукуматнинг бакиевчилар ҳақидаги баёноти, Бакиев яқинларининг эса Қурмонбек Бакиев кўрсатмаси билан иш юритаётганлари тўғрисидаги баёнотлари халқаро жамоатчиликни ташвишга солмай қўймайди.

Масалан, хабарларга қараганда, Россия президенти Дмитрий Медведев Мудофаа вазирлигига Қирғизистондаги русийзабонлар ҳимоясини таъминлаш ҳақида кўрсатма берган.

Бундан ташқари Европа иттифоқи, ЕХҲТ ташкилотлари ҳам ўз хавотирларини билдирганлар.

Сиёсатшунос Марс Сариев фикрича, Қирғизистоннни бундай вазиятдан фақат Қурмонбек Бакиевнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ва қамоққа олиниши сақлаб қолади, холос.

- Хориж давлатларининг ташвишланаётгани кўриниб турибди. Албатта, Бакиевни қўлга олиш осон иш эмас. Бироқ бу масала тез орада ҳал этилмаса, мамлакатдаги вазият беқарорлашуви мумкин. Шунинг учун ҳам Бакиев ва унинг яқинларини тезликда қўлга олиш ва сиёсий фаолиятдан четлатиш зарур,-дейди Марс Сариев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG