Линклар

Бишкек Манас базаси тақдири муҳокамасини кечиктирди


Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакатдаги АҚШ ҳарбий базаси тақдири муҳокамасини номаълум муддатга қолдиришини маълум қилди.

Бишкекдаги Манас ҳарбий базаси Афғонистондаги халқаро кучлар таъминотида муҳим рол ўйнайди.

Қирғизистонда президент Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан четлаштирилгандан сўнг Манас базасининг ёпилиши мумкинлиги тўғрисида миш-мишлар тарқала бошлади.

Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаев Ройтерс мухбири билан суҳбатда Манас атрофидаги вазият октябр ойида ўтказиладиган сайловлардан сўнг муҳокама қилиниши мумкинлигини айтди. Текебаевнинг таъкидича, янги ҳукуматнинг айрим вакиллари АҚШ базасини мамлакатдан чиқаришни истамоқдалар.

Айни пайтда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга кўра, Қирғизистон янги ҳукумати Вашингтонга ҳарбий базадан фойдаланишни давом эттириши мумкинлигини билдирган.

Эстонияда ўтказилаётган НАТО йиғинида чиқиш қилган Клинтон Россия ҳукумати ҳам АҚШнинг Манас базасидан фойдаланишига қарши эмаслигини маълум қилди.


XS
SM
MD
LG