Линклар

Бугун Тожикистонда ўзбек мухбири бўлиш осонми?

  • Гулнора Равшан

Омонулло Ҳукуматулло матбуот анжуманидан сўнг қолган ғазабини ўзбек журналистига сочди.

Омонулло Ҳукуматулло матбуот анжуманидан сўнг қолган ғазабини ўзбек журналистига сочди.

Айтайлик¸ бундан икки-уч йил аввал менга шундай савол берилганида , ҳеч иккиланмай “осон” деб жавоб берган бўлар эдим.

Лекин бугун Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги жарлик тобора кенгаяётган бир пайтда каминага ВАТАН саналган бу мамлакатда Озодликнинг ўзбек хизмати мухбири бўлиб ишлаш кун сайин қийинлашиб бораëтганини ҳис қила бошладим.

Бу нарса¸ айниқса¸ Тожикистон давлат идораларида ўтказиладиган матбуот анжуманларида яққол сезилиб қолмоқда.

21 апрел куни эрталаб Тожикистон Темир йўллар шикрати раиси Омонулло Ҳукуматуллонинг матбуот анжумани бериши эълон қилинди.

Айтилган вақтга етиб келганимда аллақачон зал журналистлар, операторлар ва мазкур ширкат бўлим бошлиқлари билан тўлиб бўлганди.

Бизга залдаги орқа ўриндиқлардан жой тегди. Ҳамма жим¸ қандайдир муҳим воқеа юз беришини кутиб турарди.

Аксарият журналистлар матбуот анжуманида юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилгани ва унинг асл сабаблари таҳлилини Омонулло Ҳукуматулло оғзидан эшитиш илинжида эди.

Кўп ўтмай¸ Тожикистон Темир йўллари ширкатининг уч ойлик иш фаолиятига бағишланган ҳисобот матбуот анжумани бошланди.
Бир соатлик йиғин фақат Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари атрофида бўлди.

Омонулло Ҳукуматулло юк вагонлари можароси ортидан Тожикистондаги иқтисодий таранглик тобора кучаяётганини эҳтирос билан гапира кетди.Унингча, Хатлон вилоятидаги қатор сув тошқинлари ортидан ўнлаб аҳолининг бошпанасиз қолиши ва қурбонлар берилганида ҳам Ўзбекистон томони айбдор.

Бу гаплардан сўнг¸ залда аксилўзбекистон кайфияти ҳовурининг баландлай бошлаганини ҳис қилдим.

Журналистлар орасида, хусусан Россия ахборот агентликлари мухбирлари орасида “Ўзбекистонни халқаро судга бериш керак”, дея қичқирганлар ҳам бўлди. Расмий уларни тинчлантириш ўрнига¸ қўл остидагиларига қараб маъноли жилмаярди.

Йиғин тугай деб қолганида¸ камина тожик темир йўлчилари бошлиғига савол ва таклиф билан мурожат қилдим.

Дастлаб залдагиларга ўзимни таништириб, Озоди радиосининг ЎЗБЕК хизматидан эканимни маълум қилишим билан залда ўтирган тахминан 70 одамнинг ҳаммаси орқага ўгирилди.

Залдаги камера ва фотоаппаратлар объективи мен томонга қаратилди. Темир йўлчилар нигоҳларида эса гина ва нафрат учқунларини пайқаш унчалик қийин эмасди.

Бу ортиқча эътибор¸ ўз навбатида¸ мени бир оз шошириб қўйди.

Лекин бор кучимни тўплаб, Омонулло Ҳукуматулло жанобларига савол билан мурожат қилдим.

- Юк вагонларининг Ўзбекистонда узоқ вақт ушланиб қолаётгани ортидаги асл сабаблар¸ сизнингча¸ нимада?

Савол кетидан тожик темир йўлчилари раҳбарига таклиф ҳам киритдим

- Ҳозир бу борада оммавий ахборот воситаларида турлича фактлар ёзилаяпти. Бу масалани кўпчилик мухбирлар бир-биридан кўчириб кўр-кўрона ёзаяпти. Бу эса Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини янада кескинлаштираяпти. Юк вагонларининг ушланиб қолаётгани сабабларини журналистлар жойида ўрганса ва бунга икки томон темирйўлчилари кўмаклашса яхши бўларди...

Таклифимни тугатар-тугатмас унга истеҳзоли жавоб янгради.

- Сиз Ўзбекистон СНБсига ўзингизни кафил қиласизми, агар журналистлар у ёққа боришса? дея луқма ташлади залда ўтирган темир йўлчилардан бири.

Ўз навбатида Омонулло Ҳукуматулло ҳам саволга жавоб бериш ёки таклифимга муносабатини билдириш ўринга кўп ҳузурида кўрсаткич бармоғини менга ўқталиб, “Сизга айтадиганларим бор” деди.

Кўп ўтмай Ҳукуматулло жаноблари матбуот анжумани тугаганини эълон қилди. Ҳамма журналистлар қатори мен ҳам Омонулло жаноблари столи устидан диктафонимни олар эканман, у “ Ўзбекчани мен сиз ўзбекистонликдан яхши биламан. Менинг болаликдаги қўшниларимнинг кўпчилиги водийлик бўлган” деди.

Мен унга жавобан асл тожикистонлик эканимни айтдим.

- Сиз Тожикистон фуқароси бўлсангиз ҳам ўшаларга ўхшаб кетар экансиз, айниқса гапириш тарзингиз, принципиаллигингиз¸ деди ҳукумат мулозими норози оҳангда.

Иккимиз ўзаро гаплашиб турар эканмиз, темир йўл ширкати ходимларининг айримлари фотоаппаратга, фотоаппарати бўлмаганлари эса мобил телефонларига менинг суратимни ола бошлашди.

Менинг Тожикистон фуқароси эканимдан хабари бўлмаган кишида тожик темирйўлчиларининг бу ҳаракатлардан сўнг “Ўзбекистон ҳукумати одамларидан бири эканда” деган фикр пайдо бўлиши табиий.

Ишхонамга қайтар эканман, ўзимча бу матбуот анжуманида бўлган гаплар, ҳаракатлар ва оддий бўлмаган қарашларни таҳлил қилишга уринардим.

Баъзида шундай тўдалар ичида ўгай қўзидек бир четда қолаётганинг одам юрагини зирқиратмай қолмас экан.

Аслида¸ мен бугун Тожикистонда ўзбек журналисти бўлишнинг кун сайин қийинлашиб бораëтганини¸ ўзбекман¸ деб оғиз очишнинг дарҳол "жосусмасмикин"¸ деган шубҳа уйғотишини биргина матбуот анжумани доирасида кўрсатмоқчи бўлдим.

Агар вазиятга янада кенгроқ қарайдиган бўлсак, ярим умримизни бирга ўтказаётган тожик касбдошларимиз орасида ҳам аксилўзбек кайфияти ўта кучли бўлганлар учрай бошлагани одамни эзиб юборади.

Ундан ҳам аянчлиси республикадаги ўзбек мактабларида авжига чиқаётган “тожиклаштириш” жараёнидир.

Бу жараённи ичдан кузатар эканман, тожик жамиятидаги ўзбек миллатининг эртаси қандай бўлар экан¸ деган ўйга ботаман.
Шунда бу тор дунё ўзбек мухбирига кўзига янада торроқ кўрина бошлайди....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG