Линклар

Ислом фиқҳи аëлларни бичиш жинояти ҳақида


Обидхон Назаров¸ мусулмонлар учун гуноҳга элтувчи буйруқларга итоат қилмаслик фарз эканини таъкидлайди.

Обидхон Назаров¸ мусулмонлар учун гуноҳга элтувчи буйруқларга итоат қилмаслик фарз эканини таъкидлайди.

Ўзбекистонда врачлар иккитадан ортиқ бола туққан аëлларни оммавий тарзда бичиш бўйича давлат режасини бажараëтган айни кунларда Озодлик бу жараëнга Ислом нуқтаи назаридан шарҳ беришни сўраб таниқли имом Обидхон Назаровга мурожаат қилди.



Ризқ – Яратганнинг зиммасида


“Оилани планлаштириш” ёки туғилишни назорат қилиш деган даъво дунёнинг турли бурчакларида тоталитар режимларда учрайдиган зўравонлик кўринишларидан биридир. Адолатсизликка асосланган тузумлар аҳоли сонининг муттасил ошиб бориши салбий оқибатларга олиб келади, деб қўрқадилар ва келажакни ишсизлик, очарчилик, касалликлар тарқалиши билан боғлайдилар. Бироқ бундай даъво Ислом эътиқодига мутлақо зид ва ҳақиқатга хилоф бўлиб, соғлом фикрли инсонлар томонидан ҳеч қачон тасдиқланмаган.

Ислом таълимотига кўра дунё аҳлининг ризқи уларни яратган Зот томонидан белгиланган ва у доимо ўз эгаларига етказилади.
Аллоҳ Қуръони каримда айтади:

"إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ" (الذاريات/ 58) .
“Аллоҳ ҳаммага ризқ берувчи чексиз қувват ва қудрат соҳиби бўлган Зотдир”. (Зориёт, 58).

"وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ إِلَّا عَلَى اللَّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُبِينٍ" (هود/ 6).
“Ерда нимаики қимирлаган жон бор экан, унинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир...” (Ҳуд, 6).

Ҳаётни яратган Аллоҳ унинг омилларини ҳам яратишни Ўз зиммасига олган экан, шу билан бир қаторда инсонларни бир-бирларига меҳрибон бўлишга, борини саховат билан чиройли баҳам кўришга, бахиллик ва ичи қораликдан сақланишга буюради. Яна Ислом ҳаммани турмушдаги имтиёз ва вазифаларни адолат билан тўғри тақсимлашга, ҳалол меҳнат қилишга, ерни обод этишга буюради. Бу борадаги Ислом шиори –иймон ва амал, таваккул ва меҳнат, адолат ва эҳсондир. Булар биридан иккинчисини айириш мумкин бўлмаган, бир-бирини тўлдириб турадиган жуфт тушунчалар. Агар инсонлар бу қоидага амал қилиб яшасалар, келажак ҳақидаги ваҳимали “башоратлар”га асос қолдирмайдилар.

Насл муҳофазаси – Ислом талаби

Ислом динининг бу оламга юборилишидан кўзланган муҳим мақсадлардан бири инсон наслини муҳофаза қилиш ва ер юзида таратишдир. Буни мана бу икки ҳадисдан ҳам билса бўлади:

عن معقل بن يسار المزني. قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تزوجوا الودود الولود، فإني مكاثر بكم الأمم. (صحيح الترغيب).
Маъқал ибн Ясордан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Раҳмдил, фарзанд кўрадиган аёлларга уйланинглар. Мен халқлар олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман”. (Саҳиҳут-тарғиб).

عن عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ - رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ - قَال : كُنَّا نَغْزُو مَعَ النَّبِيِّ - صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ - لَيْسَ لَنَا نِسَاءٌ ، فَقُلْنَا: يَا رَسُول اللَّهِ أَلاَ نَسْتَخْصِي ؟ فَنَهَانَا عَنْ ذَلِكَ (البخاري ومسلم) .
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ғазотга борар эдик ва ёнимизда аёллар бўлмас эди. Биз: “Ё Расулуллоҳ, ўзимизни бичсак бўладими?” деб сўрадик. Пайғамбаримиз бизни бу ишдан қайтардилар. (Бухорий ва Муслим).

Инсон шарафи бебаҳодир

Исломда инсон ҳаёти қанчалик қимматли бўлса, унинг шаъну шарафи ҳам шунчалар улуғланади. Ҳаёт ҳам, обрў ҳам бирдек ҳимоя остига олинади. Шундан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонга етказиладиган жиддий зарар учун товон тўлашга буюрганлар. Суннатда қасддан одам ўлдиришга ҳам, хато қилиб одам ўлдиришга ҳам, ўлимга олиб бормайдиган даражадаги зарарларга ҳам тегишли ҳукмлар белгиланган.

Инсоннинг жонига ёки соғлиғига етказилган зарар учун тўланадиган жаримани Ислом фиқҳида “дия” деб номланади.
“Дия” ҳанафий уламолар таърифларига кўра “жон эвазига тўланадиган маблағдир”. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 21/44).

“Дия” ўзбек тилида товон пули ёки хун ҳақи деб айтилади. Хун ҳақи жорий этилиши қуйидаги оятга асосланган:

"وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ أَنْ يَقْتُلَ مُؤْمِنًا إِلَّا خَطَأً وَمَنْ قَتَل مُؤْمِنًا خَطَأً فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ وَدِيَةٌ مُسَلَّمَةٌ إِلَى أَهْلِهِ" (سورة النساء / 92) .

“Мўмин одам бошқа бир мўминни ўлдириши мумкин эмас, илло хато билан (шундай иш содир бўлиши мумкин). Кимки бир мўминни хато қилиб ўлдириб қўйса, бас унинг зиммасига бир қул озод қилиш ва маййитнинг эгасига комил дия тўлаш вожибдир”. (Нисо, 92).

Ўзбекистонда аёллар устида ўтказилаётган ғайри инсоний амалиётлар Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ улуғлаган инсон шаънининг топталиши ва таҳқирланишидир. Шундай экан, аёл кишига қарши содир этилган жиноятларга Ислом фиқҳида қандай жазо белгиланган, деган саволни ўртага ташланиши жуда ҳам ўринли. Аёлларни ҳақоратлаётганлар бугун жазоланмасликларига ишончлари комил бўлса ҳам Охиратга қандай оғир гуноҳ билан кетаётганларини, ўзлари сезмаган ҳолда ўзларининг фарзандларига қандай душманлик қилаётганларини билиб қўйсалар фойдадан холи бўлмайди, иншоаллоҳ.

Фуқаҳолар кимки бир аёлни қасддан эмас, хато қилиб ўлдириб қўйса, унинг яқинларига “дия” (хун пули) сифатида 50та туя бериши ёки шу миқдордаги маблағ тўлаши лозимлигини айтишган. (1та туя 10та қўй билан тенглаштирилади). ИЖК амалиётини ўтказаётганлар биз ҳеч кимни ўлдирмаяпмиз-ку, дейишлари мумкин. Бироқ, уларнинг қилаётган ишлари Ислом қонунчилигида айни одам ўлдириш жинояти билан тенглаштирилган.

Масаланинг эътиборли жиҳати шундаки, инсонга етказилган зиён ҳажмини ҳисоблаётганда ўлимга олиб бормайдиган зарарларнинг баъзи турларини қоплашда ўлим учун тўланадиган “дия” белгиланган. Бунда зарар кўрган аъзонинг инсон ҳаётидаги аҳамияти эътиборга олинади.

Маънавий ҳуқуқлар ҳимояси

Ўлимга олиб бормайдиган зарарларни қоплаш фиқҳ китобларида “Манфаатлар ва маънавий ҳуқуқлар тўлови” (دِيَةُ الْمَعَانِي وَالْمَنَافِعِ) деб номланади.

دِيَةُ الْمَعَانِي وَالْمَنَافِعِ : الأَْصْل فِي دِيَةِ الْمَعَانِي - فَضْلاً عَمَّا وَرَدَ فِي بَعْضِهَا مِنْ نُصُوصٍ - أَنَّهُ إِذَا فَوَّتَ جِنْسَ مَنْفَعَةٍ عَلَى الْكَمَال ، أَوْ أَزَال جَمَالاً مَقْصُودًا فِي الآْدَمِيِّ عَلَى الْكَمَال يَجِبُ كُل الدِّيَةِ ؛ لأَِنَّ فِيهِ إِتْلاَفَ النَّفْسِ مِنْ وَجْهٍ ، إِذِ النَّفْسُ لاَ تَبْقَى مُنْتَفَعًا بِهَا مِنْ هَذَا الْوَجْهِ ، وَإِتْلاَفُ النَّفْسِ مِنْ وَجْهٍ مُلْحَقٌ بِالإِْتْلاَفِ مِنْ كُل وَجْهٍ فِي الآْدَمِيِّ تَعْظِيمًا لَهُ. (الموسوعة الفقهية الكويتية - (21 / 79).

“Маънавий ҳуқуқлар тўловидаги бирламчи қоида шуки, (кимки инсон жисмидаги) бирор манфаат турини буткул йўқотса ёки одамзоддаги муайян гўзалликни буткул барбод қилса, унинг бўйнига бутун “дия” вожиб бўлади. Чунки бу ўринда жон эгасини бир жиҳатдан яроқсиз ҳолга келтирган бўлади ва жон эгаси мана шу жиҳатдан фойда етказишга лаёқатсиз бўлиб қолади. Инсонни бир жиҳатдан яроқсиз ҳолга келтириш уни ҳамма жиҳатдан яроқсиз ҳолга солиш билан тенглаштирилади. Бу одамзод шаънини улуғлаш учундир”. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 21/79).

Маънавий ҳуқуқлар, деганда фуқаҳолар инсоннинг фикр юртиш, сўзлаш, кўриш, эшитиш, там билиш, ҳид сезиш, ушлаш ва жинсий алоқа қобилиятларини назарда тутишган. Мана шулардан қайси бири йўққа чиқарилса, шунга сабаб бўлган шахс одам ўлдирганнинг товонини тўлаши шарт бўлади.
Эслаш лозимки, ҳадисларда ва фиқҳ китобларида инсон танасидаги ҳар бир аъзо учун – агар унга бирор зарар етказилса – тўланадиган хун пули батафсил баён қилинган. (Таққсолаш учун: бир дона тишнинг дияси 5та туя, бир дона бармоқнинг дияси 10та туя ва ҳок).

Наслни қирқиш жинояти


Ўзбекистонда шу кунларда аёлларга қарши амалга оширилаётган жиноятни Ислом фиқҳида “Наслни қирқиш” деб аталган ва наслни қирқишга сабаб бўлишнинг жазоси қуйидагича баён қилинади:

عُقُوبَةُ مَنْ يَتَسَبَّبُ فِي قَطْعِ النَّسْل : - ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى أَنَّ مَنِ اعْتَدَى عَلَى إِنْسَانٍ فَذَهَبَ بِذَلِكَ إِيلاَدُهُ وَنَسْلُهُ ؛ فَفِيهِ الدِّيَةُ كَامِلَةً ؛ لأَِنَّ الإِْيلاَدَ مَنْفَعَةٌ مَقْصُودَةٌ ، وَقَدْ فَوَّتَهُ) .الموسوعة الفقهية الكويتية - (40 / 262).
“Фуқаҳолар кимки бир инсоннинг ҳаққига тажовуз қилсаю шу туфайли унинг зурриёт қолдириш сифати йўқолиб, насли қирқилса, бас бунда комил “дия” вожиб бўлади, дейишди. Чунки зурриёт қолдириш зарур манфаатдир, бу инсон уни йўққа чиқарди”. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 40/262).

Уламолар наслни кесиш жиноятида комил дия лозим дейишган экан, демак “Мен фалон нафар аёлни кўндириб олиб келдим”, дея ҳисобот ёзиб, ўзини тинчитаётган ходим ҳар бир аёл учун ўзининг бўйнига қанчадан товонни осиб олаётгани билан иши йўқ. Бунинг устига елкасига ҳар куни қанчадан гуноҳни ортаяпти экан? Тўғри, ИЖК қилинган ҳар битта аёлга 50тадан туя ёки 500та қўйни албатта ҳеч ким бермайди. Худди шунингдек, аёлларни таҳқирлаётганларни жаҳаннам оловидан ҳам ҳеч ким қутқара олмайди. Зулм шундай нарсаки, унинг Охиратда бериладиган жазосининг аломати шу дунёда ҳам бўй кўрсатади – хамир учидан патир бўлади. Энг ёмони – инсонни бепушт қилиш, келажак авлодлар йўлини бўғиш (истасангиз гўдакларни бўғиб ўлдириш денг) ишида иштирок этаётганларнинг зурриётларига ҳам бу ишларининг касри тегиш хавфи муқаррар. Донишмандлар ҳар бир гуноҳ ёки жиноятнинг таъсири инсоннинг ўзининг наслида ёки оила аъзоларида ҳам акс этишини айтишган.

Ислом фиқҳи уюшмасининг қарори


Ўзбекистон ҳукумати бу усулга энди киришаётган экан, бундан 30 йил аввал мусулмон оламидаги нуфузли исломий ҳайъатлар бундай амалиётни кескин қоралашган. Биз қуйида халқаро Ислом фиқҳи уюшмасининг 1400 ҳ, 23-30 Рабий-ул-охир ойидаги қароридан парчалар келтирамиз:

“Ислом фиқҳи уюшмаси “Наслни тартиблаш” деган ниқоб остида олиб борилаётган ҳаракатларни наслни чеклаш, деб қарайди ва бу ишнинг жойиз эмаслигини таъкидлайди...

Наслни чеклаш ёки тақиқлаш тарафдорлари ўз чақириқлари билан омматан мусулмонларнинг, хоссатан ... кучсиз халқларнинг сонини камайтириш мақсади билан ҳийла йўлини ўтказаётган гуруҳдир. Уларнинг режаси мамлакатни мустамлакага айлантириш, аҳолини қул қилиш, Ислом ўлкаларининг бойликларини сўриш ва башарий ғиштлардан таркиб топган Ислом биносини заифлаштиришдан иборатдир. Бундан ташқари наслни чеклаш жоҳилият амалларидан саналиб, Аллоҳга нисбатан ёмон гумон қилишни англатади.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Ислом фиқҳи уюшмаси бир овоздан наслни мутлақ чеклаш жойиз эмас, деб қарор қилади...”

Қарорда айрим истисноли ҳолатлар ҳам зикр қилинган бўлиб, улар оналар саломатлигини сақлаш мақсадига қаратилганни айтилади:

“Аммо ҳомиладорликнинг олдини оладиган ёки кечиктирадиган воситаларни муайян, аниқ зарарнинг олдини олиш учун шахсий ҳолатда қўллаш мумкин. Аёл кишининг оддий ҳолда туға олмаслиги, болани туғдириш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилишига мажбур экани мазкур чораларни қўллашга асос бўлади.

Ҳомиладорликни кечиктириш ... соғлиққа тегишли сабаб билан ва ишончли мусулмон врач хулосасига биноан рухсат этилади. Балки онага зарар келтириши муқаррар бўлган ва унинг ҳаёти хавф остида экани билинган ҳолатларда мусулмон врачлар хулосаси билан ҳомиладорликни тўхтатиш вожиб бўлади.

Аммо наслни оммавий тарзда чеклаш, ҳомиладорликни тақиқлаш юқорида айтилган сабабларга кўра мумкин эмас. Бундан ҳам ёмонроғи ва гуноҳи қаттиқроғи бундай амалиётни халқларга мажбурий қилиб қўйишдир. Бу ишлар ўзгалар устидан ҳукмронлик қилиш, шаҳарларни вайронага айлантириш мақсади билан қуролланиш пойгасига улкан ҳажмдаги маблағлар сарф қилинаётган даврда юз бермоқда. Бу маблағлар иқтисодий юксалишга, юрт ободонлигига, одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондиришга сарф қилиниши лозим”.

Гуноҳ ишда итоат йўқ


Ўзбекистон каби аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатда ИЖК Исломга қарши кураш услуби ҳамдир. Ўзбекистонда аҳоли сони ошишини ҳукумат мусулмонликнинг ривожланиши, деб тушунади. Динга қарши олиб борилган қирғинлардан давлатнинг кўнгли тўлаётгани йўқ. ИЖК – эски йўлдаги янги чўнқир. Аёлларни мажбурлаб, алдаб бепушт қилиш бир неча жиҳати билан гуноҳ ва жиноят экан, бундай буйруқни ким берган бўлишидан қатъиназар унга бўйсуниш мумкин эмас.

عن عبدالله بن عمر. قال رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: السمع والطاعة حق ما لم يؤمر بالمعصية ، فإذا أمر بمعصية فلا سمع ولا طاعة (البخاري).
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эшитиш ва итоат этиш – агар гуноҳга буюрилмаса – вожибдир. Агар гуноҳга буюрилса, эшитиш ҳам итоат ҳам йўқ!” (Бухорий).

Бинобарин, одамлар бу каби ҳақсизлик қаршисида ҳеч қачон жим туришлари керак эмас. Имкониятлари етганича ўзларининг шаъну шарафларини ҳимоя қилишлари, ҳақ учун курашишлари зарур. Бундай ноҳақликка бўйсуниш ва рози бўлишнинг ўзи гуноҳ. Итоат фақат яхши ишда ва тўғри йўлда бўлади.

Бу ҳодисалар Аллоҳ таолодан келаётган синов ҳамдир. Қани, сиз кимнинг буйруғига бўйсунасиз? Кимга итоат қиласиз? Гуноҳ ишга чақираётган виждонсиз врачгами, унинг ортида турган золимгами ёки ҳаққа буюраётган Аллоҳгами? Агар сизни болаларнинг пулидан ёки яна қанақадир имтиёздан маҳрум қилмоқчи бўлсалар, бу сизнинг зулмга рози бўлишингизни оқламайди. Ёки кимдир ишдан бўшатилиш хавфидан қўрқиб шу ишда иштирок этаётган бўлса, у ҳам асло гуноҳдан саломат қолмайди. Ишни сақлаб қолиш учун бировнинг наслини қирқиш мумкин эмас. Ҳалол ишлашга кучи етмаса, ишдан бўшаб кетиши керак. Агар мард бўлса, ишини бермасдан аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиши, уларга ёрдам бериши лозим.

Бу зўравонлик ҳақида одамлар ўзаро бир-бирларига, оммавий ахборот воситаларига, инсон ҳуқуқи ташкилотларига, гапиришдан, тарқатишдан ва овоза қилишдан тўхтамасликлари керак. Бу ҳозирги кунда ҳамманинг қўлидан келиши мумкин бўлган чоралардан биридир. “Э, ахборот воситаларига ва инсон ҳуқуқларига гапиришдан нима фойда, буларнинг қўлидан нима келарди, булар нима қилиб берарди?” дейиш ўзининг қўлидан иш келмайдиган ожиз ва умидсиз одамнинг сўзи. Булар бир нима қилиб бермаса, қани ким қилиб беради? Қолаверса, сиз билан бизга кимдир нимадир қилиб бериши керакми? Биздан ёки сиздан бирон ким ёки бирор ташкилот қарздорми? Биз индамай ўтиришимиз керагу кимдир биз учун фарёд кўтариши керакми? Йўқ. Зулм тортаётганларнинг ҳаммаси, ҳаммамиз бошимизни тик тутишимиз, овозимизни баландроқ кўтаришимиз ва шу йўлда сабот билан давом этишимиз керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG