Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Андижонлик қочқин аëл устидан маҳкама бошланди


Ўзбекистон конституцион тузумига тажовузда айбланаëтган Дилором Абдуқодирова 13 май воқеалари юзасидан Олий судда бўлиб ўтган жараëнда ҳукумат кучлари уюштирган қирғин ҳақида гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг сингли бўлади.
Ўзбекистон конституцион тузумига тажовузда айбланаëтган Дилором Абдуқодирова 13 май воқеалари юзасидан Олий судда бўлиб ўтган жараëнда ҳукумат кучлари уюштирган қирғин ҳақида гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг сингли бўлади.

Шу йил бошида Австралиядан Ўзбекистонга қайтиб борган андижонлик қочқин Дилором Абдуқодирова устидан маҳкама жараёни 22 апрел куни ёпиқ тарзда¸ ҳатто судланувчи яқинларининг ҳам иштирокисиз бошланди.



Бу ҳақда Дилором Абдуқодированинг ўғли Миролим Озодлик радиосига маълум қилди.

- Кеча суд бўлибди экан. Ҳозир адвокат билан гаплашган эдик¸ дейди Миролим.

Миролимнинг айтишича, онаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг учта моддаси - чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, конституциявий тузумга тажовуз ҳамда ноқонуний диний оқимга аъзолик моддалари бўйича айбланмоқда.

Миролим: Ўша диний нимага алоқаси бор¸ деяпти. Қирғизистонда чет элга интервью берган деяпти. Яна 223-модда чегарани бузганлик ҳақида деяпти. “Интервью берган. Иккита гувоҳи бор экан” деди.

Озодлик: Ким айтди?

- Адвокат. Делоси билан танишган. Делосида ëзилган экан. Интервью бергани ҳақида ëзилган экан¸ уларнинг гувоҳи бор экан. Иккита хотин кўрган¸ эшитган экан. У хотинлардан ариза ëздириб олинган экан. Учта модда қўйилибди. 159-модданинг учта банди қўлланилаяпти экан¸ дейди Миролим.

45 яшар Дилором Абдуқодирова 2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган қонли қирғин пайти ҳукумат кучлари ёғдирган ўқ ёмғиридан қочиб, Қирғизистон жанубига ўтишга муваффақ бўлган юзлаб андижонликларнинг бири.

Аммо ўша куни унинг эри ва тўрт фарзанди майдонни тарк этолмай, Ўзбекистонда қолиб кетишган. Қарийб беш йил давомида оиласидан узоқда яшаган Абдуқодирова жорий йил бошида Ўзбекистонга қайтишга аҳд қилади.

Дилором Абдуқодирова билан бирга Австралиядан бошпана топган акаси Муҳаммаджон Мўминовнинг айтишича, эри уни Андижонда ҳеч нарса таҳдид солмаётганига ишонтирганидан кейин¸ у қайтишга қарор қилган.

- Опам оиласидан бир ўзи қолган эди бу ëқда. Тўрт фарзанди¸ эри¸ 80 ëшларга кирган қайнонаси қолган эди. Тўғри тушунасиз энди¸ соғинч. Биз поччани бу ëққа чақиришга ҳаракат қилдик. Лекин бунинг имкони бўлмади. Беш йил мобайнида уйларига мунтазам равишда милиция ходимлари келишиб¸ ҳар келганда “Келин келсин. Нимага келмайди? Президент аëлларни авф этган. Аëлларда айб йўқ. Айтинглар келишсин” деб такрор-такрор айтишгандан кейин¸ поччанинг бу ëққа келиши қийин бўлганлиги учун. Поччамга ўхшаганларнинг ҳаммаси мунтазам назорат остида. Вилоятдан чиқиш мумкин эмас¸ ҳар ой мунтазам чақирилади. Қолаверса поччам ëлғиз ўғил. Онаси ҳам ëрдамга муҳтож. Болаларга бош бўлиб онасига қараб турган эди. “Болаларингиз кутаяпти. Онамга кераксиз. Менга кераксиз” деб айтганидан кейин “Бормасам бўлмаса керак. Шунча гап-сўзлардан кейин ўйланиб қолдим” деди. Боришга қарор қилиб қўйгандан кейин ноилож жўнатдик¸ дейди Муҳаммаджон Мўминов.

Дилором Абдуқодированинг қайтганидан кўп ўтмай милицияга тез-тез чақирувлар бошланди. Унинг ички ишлар бўлимига 12 март кунги сўнгги ташрифи ҳибсга олиниш билан якунланди.

Дилором Абдуқодирова Андижон воқеалари бўйича Тошкентда ўтказилган маҳкамада ҳукумат версиясига қарши кўрсатма берган Маҳбуба Зокированинг туғишган синглиси бўлади.

Судда берган кўрсатмасида Зокирова ҳукумат кучлари отмасликларини сўраб илтижо қилаётган қуролсиз одамларни қандай отиб ташлагани ҳақида гапирар экан “Ҳатто Гитлер бундай ишни қилмаган”, деган эди.

- Энг алам қилгани¸ немис Гитлер ҳам тўғриси оқ байроқ кўтарганда отмаган. Бунда отди. Мен кўзим билан¸ тўртта боламни ўртага қўйиб қасам ичиб айтаман¸ отди. Отиб ташлади. У ердаги даҳшатни қўяверасизлар¸ деган эди Маҳбуба Зокирова.

Ҳозир беш фарзанди билан Андижоннинг “Қумкўча” қишлоғида яшаётган Маҳбуба Зокирова “Мени ўшанда Оллоҳ гапиртирган эди”, деб эслайди беш йил аввалги суддаги чиқишини.

- Оллоҳ гапиртирганда. Ҳеч ким ўзича ҳеч нарса қила олмайди¸ дейди Маҳбуба Зокирова.

Бундай кўрсатмасидан сўнг Маҳбуба Зокировани қамашгани йўқ. Аммо милицияга чақир-чақирлар ҳали ҳам тўхтамаган.

- Менинг ўзимга зиëн келтиришмади. Чақириб сўраб-суриштириб туришади. “Уйда ўтиринг” деб чақириб туришадида. Чақириб туриши ëқмайди ўзи. Уйимда тинч ўтирсам. Чақириб туриши ëқмайдида. Қўни-қўшнилар олдида мен ҳам хижолат бўламан. Болаларим бор. Бир ëмон иш қилмасам¸ худди жиноятчидай мени чақирса¸ сўраб-суриштиришса¸ менга ëқмайдида бу¸ дейди Маҳбуба Зокирова.

Маҳбуба Зокирова ҳозирда ўзи қолиб кўпроқ қамалган синглисининг тақдири ҳақида қайғураётганини айтади.

- Оллоҳдан умид қилиб турибмиз ҳаммамиз. Умид қилиб Оллоҳдан сўраяпмиз. Худо хоҳласа енгиллигини беради. Озгина айби бўлса ҳам гумонсирасак. Ҳеч қанақа айбсиз одамни шунақа қилса. Оллоҳдан умид қилиб турибмиз. Худо хоҳласа чиқади¸ дейди Маҳбуба Зокирова.

Юзлаб андижонлик қочқинларни ўз атрофида бирлаштирган “Андижон - Адолат ва Тикланиш” ташкилоти яқинда Европа иттифоқига мурожаат билан чиқиб, аъзо давлатларни Дилором Абдуқодирова тақдирига бефарқ қолмасликка даъват қилди.

Ташкилот раҳбари Нурулло Мақсудовнинг айтишича, бу чақириққа ЕИ расмийларидан бирон жавоб бўлгани йўқ.

- Европа иттифоқига¸ кўп Евроиттифоқ раҳбарларига¸ Германия раҳбарларига мурожаат қилганмиз. Бизга ҳеч қанақа жавоб хати бўлгани йўқ. Американинг Ўзбекистондаги элчихонасига ҳам “Судлар бошланаяпти. Эътибор беринглар” деб хат жўнатдик. Худо хоҳласа¸ бир чора-тадбирлар бўлар деб умид қилаяпмиз¸ дейди Нурулло Мақсудов.

Дилором Абдуқодирова Ўзбекистонга қайтган ягона андижонлик эмас. 2006-2007 йиллар оралиғида Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларда паноҳ топган 50 дан зиёд андижонлик Ўзбекистонга қайтди.

Мақсудовнинг айтишича, ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтиб борган қочқинлардан шу пайтгача фақат Дилором Абдуқодирова ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG