Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:49

Тошкентда ҳижобли қизларнинг бозори чаққон


Ҳижобли қизлар бугун бўйдоқ ўзбек йигитларининг кўпи учун мужассами нафосат¸ мужассами ор¸ бўлиб қолган.
Ҳижобли қизлар бугун бўйдоқ ўзбек йигитларининг кўпи учун мужассами нафосат¸ мужассами ор¸ бўлиб қолган.

Ўзбекистонда тўй мавсуми бошланмоқда. Тошкентлик йигитлар, асосан, ҳижоб ўраган қизларга уйланишни маъқул кўришаяпти.



Тошкентлик 28 ёшли Нодир Кореядан яқинда ватанга қайтди. Келдию уйланиш ҳаракатига тушиб қолди.

Нодир: Мен ўзимга ҳижобли қиз қидираяпман.

Озодлик: Нима учун сиз айнан ҳижобли қизга уйланмоқчисиз?

- Оилада муносабатлар битта жойдан чиқиши керак. Кейин характер. Мен ўзим намоз ўқисаму¸ аëлим намоз ўқимаса¸ мен унга бирор юмушларни буюрсам¸ “намоз ўқигин” десам¸ тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги, оилада рўзғор бузилмаслиги учун ҳам ҳижобли қиз қидираëтган эдим, дейди Нодир.

24 ёшли Анвар ҳам ҳижобли қизга уйланиш ниятида. Ҳозирда Европада яшаётган Анварга ота-онаси Тошкентдан келинликка ҳижобли қиз ахтараяпти.

- Энди ҳижобли қизга уйланиш мақсадим: биринчи ўринда мен жуда ҳам рашкчи одамман. Ëқтирмайман менинг қизимга ëки хотинимга бегона қараб шаҳвоний ëки бошқача кўз билан қарашини. Бу биринчиси. Иккинчиси Исломнинг фарзларидан биттаси. Қиз ҳижоб кийса ëки сиз ҳижобли қиз олсангиз¸ қалбингиз тинчроқ туради. Оилангиз¸ болаларингизнинг бўлажак онаси. Болаларингиз ҳам¸ иншооллоҳ¸ исломий тарбия кўриб катта бўлишида бу катта рол ўйнайди, дейди Анвар.

Тошкентлик муслима аёл Дилбар опа кейинги пайтда шаҳарда ҳақиқатдан ҳам ҳижобли қизларга талаб кўпайганини, ҳижоб ўраган қиз яшайдиган хонадоннинг эшигидан совчилар аримаслигини айтади.

- Ўзим ҳам айнан ҳижобли қизларга талаб кучайганинг гувоҳи бўлдим. Агар танишларимнинг қизлари ҳижобли бўлса¸ ҳеч қайси ўтириб қолаëтгани йўқ¸ қолиб кетаëтгани йўқ. Ҳали 14 ëшга тўлмасдан “Балоғатга етдими? Узатасизми?” деб сўрашни бошлашади. Ёш-ёш узатиб юборишади. Масалан¸ атрофимда ўранмаган қизларни айтадиган бўлсам¸ орасида эрга тегмаганлари бор. Ҳижобли қизлар ичида умуман йўқ демайманку¸ лекин нисбатан очиқ қизларнинг эрга тегмаганлари кўпроқ, дейди Дилбар опа.

Кузатувларга кўра, ҳижобли қизларга уйланиш нияти¸айниқса¸ хорижда ўқиб ёки ишлаб келган йигитлар орасида кўпроқ учрайди.

Дилбар опага кўра, айни талаб тошкентлик қизлар орасида ҳижобга кириш ҳолатлари кўпайиши ва аксар ҳолларда айрим қизларнинг номига бўлса ҳам ҳижоб ўрашига олиб келаяпти.

- Фақатгина эрга тегиш учун ўраниб олганлар ҳам бор. Ҳижобга ўрансанг¸ эрга тегасан деган гап ҳақиқатан ҳам тарқалган. Шунақа нарсанинг гувоҳи ҳам бўлганман. Мен танийдиган бир қиз эрга теккунча ҳижобга ўранган. Кўчада юрган ҳижобли қизга кўр-кўрона ишонч билан қарай олмайсиз. Айнан бошқача ниятлари бўлиши мумкин. Масалан, кўр-кўрона фақат эрга тегиш мақсадида ўранган бўлиши мумкин. Шунингдек, йигити “Ҳижобга ўрансанг¸ уйланаман” деган ҳолатларни ҳам кўрганман. Уйдагилари мажбурлаб ўратиб қўйганларини ҳам кўрганман. “Жонимга тегди бу рўмол. Уйимдагилар айтгани учун ўраб юрибман” деган қизларни ҳам кўрганман. Кейинги пайтда ҳижобли қизлар орасида ҳақиқий муслималар қай бири эканлигини ажратиш қийин бўлиб қолди, дейди Дилбар опа.

Айни ҳолат натижасида Нодир ҳам ҳижобли қизга уйланиш ниятидан қайтганини айтади.

- Бошида ўйлаган фикримдан ҳозир қайтганман. Ҳозир энди ҳижобли қиз қидираëтганим йўқ. Характери нормалный бўлса¸ бир- биримизга тўғри келсак¸ муносабатларимиз тўғри келса бўлди. Характери яхшисини қидираяпман. Ҳозир Тошкентда турмушга чиқиш учун ҳам ҳижоб ўраган қизлар бор ëки бирор бир айби бўлса¸ ўшани яшириш учун кирадиганлар бор. Айримлар юзаки ҳижоб ўрайдию¸ намоз ўқимайди. Мақсади¸ фақат яхши жойга турмушга чиқиб олиш. Четдан қараган одамнинг ҳаммасида “Ҳижобли экан. Яхши қиз экан. Ëмон йўлга юрмас экан” деган фикр ўтиб кетади. Шу мақсадда ҳижоб ўраган қизлар ҳам учраб турган экан ҳозир. Шунинг учун мен ҳозир ҳижобли қиз қидирмай қўйдим, дейди Нодир.

Зангиоталик 23 ёшли Шокирбек ҳам уйланиш тараддудида. Шокирбек ҳижоб ўрамаган қизлар орасида ҳам иймон, эътиқодли қизлар кўп¸ деган фикрни ҳам билдиради.

- Ҳижобсиз қизлар ҳам бор. Кўпчилиги¸ масалан эътиқодли¸ иймонли¸ лекин ҳижобсиз. Уларни эътибордан четда қолдириш керак эмас. Шунақа қизлар ҳам масалан жуда яхши. Ҳижоб ўраб эътиқоди суст бўлганидан кўра, ҳижобсиз бўлса ҳам иймони бутун бўлгани яхши эмасми, дейди Шокирбек.

Ҳозирда Прага шаҳрида яшаётган тошкентлик 26 ёшли диндор йигит Баҳодир ҳам уйланиш ниятида. Айни пайтда¸ Баҳодир ўзига умр йўлдоши танлаб бўлган. Унинг айтишича, бўлажак келин насроний бўлиб, Баҳодир тўйгача унинг Ислом динини қабул қилишини умид қилаяпти.

- Тўғри¸ мен ҳам ҳижобдагини хоҳлайман. Лекин битта томони бор, қалб... Кейин бундан бир неча йил олдин¸ отам ҳам христиан аëлга уйланганлар. Менда ҳам худди шунақа бўлиб қолди. Бу қиз христиан. Олдин мен уни динга чақиришим керак. Яъни динни тушунтириб етказишим керак. Дин нима¸ христианлик нима¸ Ислом нима ва ҳоказо. Ҳозирги кунда шу нарсаларни олиб бораяпман. Динда мажбурлаш йўқ. Бир хиллар “насроний экан¸ яҳудий экан¸ уйланиш мумкин эмас” деб айтади. Уйланиш мумкин. Фақат унга Исломни тушунтириш керак. Агар у динни тушунадиган бўлса¸ тушунди¸ тушунмайдиган бўлса¸ уни мажбурлаш керак эмас, дейди Баҳодир.

Тошкентлик яна бир йигит - 22 ёшли Равшанбекнинг ҳам севган қизи бор. Равшанбек бўлажак рафиқам ҳижоб ўраши шарт эмас¸ деб ҳисоблайди.

- Замонавий яшашни ўрганиш керак. Энди одамнинг¸ аввало ўзига боғлиқ. Энди ҳижобда юрган ҳам¸ керак бўлса ҳамма ишни қилаверади. Ҳижобда юриш бу шартмас. Ҳижобда юрган қизларнинг яхшиси ҳам бор¸ ëмони ҳам бор. Аввало кўнгли тоза бўлиши керак. Ўзим ният қилиб қўйган эдим ëшлигимдан. Ўқиган¸ олий маълумотли қизга уйланиш ниятим бор эди. Худога шукур шундай қизни топдим, ўшанга уйланмоқчиманда энди, дейди суҳбатдош.

Равшанбек ҳозирда Россияда ишлаб, уйланиш учун пул йиғаётгани ва кузда тўй қилмоқчи эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG