Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:41

АҚШ Конгрессида Қирғизистон муҳокама қилинди


Мутахассислар фикрича, Оқ уй Бишкекдаги ҳарбий базани сақлаб қолиш мақсадида Бакиев режимини танқид қилишдан бош тийилган.
Мутахассислар фикрича, Оқ уй Бишкекдаги ҳарбий базани сақлаб қолиш мақсадида Бакиев режимини танқид қилишдан бош тийилган.

Вашингтон пост” газетасининг маълум қилишича, АҚШ Конгресси қўмиталаридан бирида чиқиш қилган экспертлар гуруҳи АҚШ Бишкекдаги ҳарбий базасини сақлаб қолиш мақсадида Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари муаммосига кўз юмганини билдирдилар.

АҚШ Конгресси пайшанба куни Қирғизистонга Қурмонбек Бакиев раҳбарлик қилган пайтдаги коррупция ва аксилтеррор иттифоқнинг Бишкекдаги “Манас” ҳарбий транзит маркази масаласини муҳокама қилди.

Колумбия университети профессори Александр Кули Конгрессда 2001 йилда Бишкекда ташкил этилган АҚШ ҳарбий базасига тўланган ижара ҳақи қирғиз элитасининг шахсий манфаатларини таъминловчи молиявий манбага айланганини айтган.

Муҳокамади иштирок этган Қирғизистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Бақтибек Абдирисаев профессор Кули кўтарган масала юзасидан мана буларни айтди:

- Александр Кули “Манас” авиабазаси бўйича қирғиз тарафи билан тузилган шартнома бошиданоқ нотўғри бўлганини айтди. Негаки, шартнома жамоатчиликдан сир тутилган, бу эса коррупция учун қулай шароит яратган. Яъни ижара ҳақи учун тўланган маблағнинг каттагина қисми амалдорларнинг шахсий чўнтакларига бориб тушиши учун имконият бўлган,-деди Бақтибек Абдирисаев.

“Вашингтон пост”нинг ёзишича, АҚШ Конгрессидаги муҳокамада Фридом Хаус ташкилоти вакили Сэм Паттен ҳам иштирок этган. У Бакиев ҳукумронлиги даврида Оқ уй маъмурлари Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига кўз юмиб келганлари ҳақида гапирган.

Унинг айтишича, АҚШ 2005 йилдаги Андижон воқеаларини танқид қилганидан сўнг, расмий Тошкент Ўзбекистоннинг Хонабод шаҳридаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқариб юборган.

Шунинг учун ҳам расмий Вашингтон Бишкекдаги ҳарбий базасини сақлаб қолиш мақсадида Бакиев режимини, Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини танқид қилишдан тийилган.

Мутахассислар фикрича, АҚШ Қирғизистонга бўлган муносабатини ўзгартириши ва бу мамлакатни Афғонистонга ҳарбий юк ва аскар олиб ўтилувчи йўлак сифатидагина баҳоламаслиги лозим.
XS
SM
MD
LG