Линклар

Тошкентда ШҲТ хавфсизлик кенгаши раҳбарлари учрашди


23 апрел куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг навбатдаги-бешинчи учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, Хитой Давлат кенгаши аъзоси, жамаот хавфсизлиги вазири Мен Цзанчжу, Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари К. Жанбуршин, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиблари иштирок этганлар.

Тошкент учрашувида, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Муратбек Иманалиев ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Женисбек Жуманбеков ҳам қатнашганлар.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, учрашувда ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, айирмачилик ва экстремизмга, шунингдек, наркотикларнинг ноқонуний савдоси ҳамда интернет терроризмга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилган.

ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котиблари бешинчи учрашувининг мажлиси якунларига доир протокол имзоланган.
XS
SM
MD
LG