Линклар

logo-print

Душанбе Бишкек воқеаларидан ташвишда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга кўра, Қирғизистондаги ҳодисалар таҳлили бугунги кунда Марказий Осиё қудратли давлатларнинг геосиёсий ва геостратегик манфаатлари тўқнашган муҳим майдонга айланиб қолаётганини исботламоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга кўра, Қирғизистондаги ҳодисалар таҳлили бугунги кунда Марказий Осиё қудратли давлатларнинг геосиёсий ва геостратегик манфаатлари тўқнашган муҳим майдонга айланиб қолаётганини исботламоқда.

Марказий Осиё бугун қудратли давлатлар манфаатлари тўқнашган майдонга айланган. 24 апрел куни Тожикистон парламентида қилган чиқишида президент Имомали Раҳмон ана шундай фикр билдирди.

Қирғизистондаги инқилобдан анча вақт ўтиб, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз ташвишлари ҳақида илк маротаба гапирмоқда.

24 апрел куни Тожикистон парламенти ҳар иккала палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлаган Имомали Раҳмон ўз мамлакатининг ривожланиши учун энг аввало “сиёсий ва ижтимоий барқарорлик зарур”лиги хусусида баҳс этди.

- Қирғизистонда рўй берган ҳодисалар уларнинг ички иши бўлса-да, бизда жиддий хавотир уйғотди. Бизнинг халқимиз буни ўз бошидан ўтказди ва бундай ҳодисалар оқибати нималигини ҳам яхши англайди. Биз Қирғизистон билан ён қўшнимиз. Шуни назарга олган ҳолда, у ердаги вазият тезроқ изга тушиши тарафдоримиз, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти “Қирғизистондаги ҳодисалар таҳлили бугунги кунда Марказий Осиё қудратли давлатларнинг геосиёсий ва геостратегик манфаатлари тўқнашган муҳим майдонга айланиб қолаётганини исботламоқда”, дея мулоҳаза билдирди.

Имомали Раҳмонга кўра, Марказий Осиё давлатлари бугунги кунда ҳар томонлама синалган ва таҳлил қилинган сиёсатни амалга ошириши зарур.

- Бугун ер куррасининг энг нозик нуқтаси саналиб қолаётган Марказий Осиё беқарор ва манфаатлар тўқнашган майдон эмас, балки уларни бирлаштирадиган марказ бўлиб қолиши лозим, дея таъкидлади Тожикистон президенти парламентга мурожаатида.

Имомали Раҳмон минтақадаги сув ва энергетика заҳиралари, хусусан, Роғун ГЭС қурилиши атрофидаги баҳсларга ҳам тўхталиб ўтар экан, Тожикистон қўшнилар ташвишларига нисбатан эътиборсиз эмаслигини қайд этди.

Гарчи президент қўшни Ўзбекистонни тилга олмаган эса-да, “Тожикистон қўшниларнинг ташвиш ва таклифларига аҳамиятсизлик қилаётгани йўқ, Тожикистон ва Жаҳон банки ўртасида имзоланган сўнгги шартнома бунинг исботидир”, дея таъкидлади.

Имомали Раҳмон айни пайтда ҳукумат Роғун ГЭСи лойиҳасини ижтимоий, иқтисодий ва экологик экспертизадан ўтказишга ҳозирлик кўраётганини яширмади. Айни пайтда давлат раҳбари қўшниларнинг Тожикистон муаммоларига ҳам эътиборсизлик қилиши тўғри бўлмаслигини айтди.

- Қўшниларимиз шуни унутмаслиги лозимки, тожикистонликлар ҳар йил олти ой давомида ёруғликсиз, иссиқликсиз қийналади. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли мамлакатда гидроэнергетик иншоотлар қуришдир. Тожиклар ҳам халқаро ҳамжамият аъзоси сифатида яхши ҳаёт кечиришдек маънавий ҳуқуққа эгадир. Яна бир марта минтақа аҳолисига мурожаат қилиб айтаманки, Тожикистон ҳеч қачон ўз қўшниларини сувсиз қолдирмайди. Биз ўртада мавжуд барча муаммоларни дўстлик ва тинчлик йўли билан ҳал қиламиз. Менинг бу айтганларим самимийдир, дея таъкидлади Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Қирғизистондаги ҳодисаларда ташқи ва хорижий омиллар таъсирини кўраётган эса-да, мамлакатдаги жамиятшунослар ўзгача фикрдалар.

Улар Бакиев ҳукуматини ағдарган асосий омиллар мамлакатда илдиз отган коррупция, қашшоқлик эканини ва бундай омиллар тожиккистонликлар кундалик ҳаётида кузатилаётганини таъкидлашмоқда.

Бироқ Имомали Раҳмон ўз ҳукумати қашшоқликка қарши муваффақиятли курашаётганини алоҳида урғулади.

У келтирган статистик маълумотларга кўра, мамлакатда қашшоқлик даражаси 2007 йилда 2003 йилдагига нисбатан 20 фоизга камайган. 2012 йилда эса, Имомали Раҳмоннинг ваъда қилишича, мамлакатда қашшоқлик даражаси 40 фоизга тушади.

Қайд этиш лозимки, шу йил январ бошларида Тожикистон Молия вазирлиги Роғун акцияларини сотувга чиқарганидан сўнг, бу мамлакат аҳолисининг тахминан 60 фоиздан ортиқроғи қашшоқ бўлишига қарамай, акциялар аҳолига мажбурий сотила бошланган эди.

Тожикистон ҳукуматининг бу стратегияси бир қатор хорижий ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси томонидан танқидга учраган эди. Улар Роғун ГЭС қурилишига аҳолидан маблағ йиғиш, мамлакатдаги ижтимоий аҳволни янада қийинлаштириши мумкинлигидан бонг урган эди.

Имомали Раҳмон кечаги чиқишида Роғун акциясини сотиб олиш ихтиёрий эканини яна бир бор таъкидлади ва бу мамлакат Бош прокурорини ўрнида турғазиб, “бундан кейин кимда ким аҳолини акция сотиб олишга мажбурласа, унга нисбатан дарҳол жиноят иши очиш” борасида топшириқ берди.

Имомали Раҳмон мамлакатда Роғун ГЭС акциялари тарғиботи 12 апрелдан расман тўхтатилганини ҳам қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG