Линклар

logo-print

Яқинларига кўра¸ 9 йилга озодликдан маҳрум этилган қаршилик ҳуқуқ фаоли Ғайбулла Жалиловнинг қамоқхонада кўзи кўрмай қолган ва у тинимсиз йўтал хуружидан қийналаяпти.

Ғайбулла Жалиловнинг рафиқаси Муқаддас Темированинг ҳуқуқ ҳимоячиларига хабар беришича, унга турмуш ўртоғи номидан қамоқхона ичкарисидан хат чиқарилган. Унда Ғайбулло Жалиловнинг аҳволи ёмонлашгани, ўпка касалидан ташқари, кўзи кўрмай қолаётгани ва тинимсиз йўтал ҳуружидан қийналаётгани хабар қилинган.

Ғайбулла Жалиловнинг аҳволи тўғрисида қўшимча маълумот олиш учун Муқаддас Темирова билан боғландик. Аммо Муқаддас опа “9 мартда суд бўлганидан кейин буларни Бухорога олиб кетувди поездда” дея гап бошлашлари билан у киши билан алоқа узилиб қолди. Шундан кейин Муқаддас Темирова билан бошқа боғлана олмадик.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё вилояти раиси Гулшан Қораева Озодлик билан суҳбатда Муқаддас Темирова билан суҳбатлашганини ва қуйидагиларни аниқлаганини гапириб берди:

- Ғайбулла Жалиловнинг рафиқаси Муқаддас Темирова куни кеча менинг олдимга келди. Хат келган эмиш, уйдагиларига. 64-зонада умумий режимда сақланаяпти экан. Кўзи кўрмай қолаётган эмиш. Хатда ёзган экан, лекин “менга хатни беришмаяпти”, деди. Кўз дорисини сўрабди, “кўзим кўрмаяпти менинг, шу дорини етказиб беринг”, дебди. “Ман қаердан оламан, ишламасам”, деяпти-да, дейди ҳуқуқ фаоли.

Гулшан Қораевага кўра, Ғайбулла Жалиловнинг соғлиги ёмонлашганлигига унинг тергов жараёнида қийноққа тутилгани сабаб бўлган:

- Кўрмай қолган бўлиши мумкин, чунки қийноқлар қўлланилган-да бу ерда. Бошига травма олганидан кейин кўзига ҳам зарар тегади, албатта. Суд жараёнида ҳам айтилган бу нарсалар. Манна, укалари, хотини кириб чиққанда судда айтишувди: жудаям қийноқлар кучли бўлган. Ҳатто вена томирларигача кесилган, деб айтишувди. Ўша ҳақида биз ҳам информация тарқатувдик-да. Травманинг асорати бу, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Шунингдек, Гулшан Қораева Ғайбулла Жалиловга қамоқхонада сил касаллиги юққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилади.

- Ўпкаси бир қисми армия пайтида операция қилиб олиб ташланган экан. Йўтали тинимсиз, тўхтамаяпти. У ерда барибир сил касаллари тиқилиб кетган. Сил, бошқа вирусли касалликлар, улар ҳаммаси бирга-ку, уларни алоҳида-алоҳида қилмайди-ку. Нафас ололмаяпти, қийналяпти, деяпти, деди Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиянинг Қашқадарё вилояти раиси Гулшан Қораева.

2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси сифатида фаолият кўрсатган Ғайбулло Жалилов 2009 йилнинг 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган эди. Орадан уч кун ўтиб, у милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб,10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлган.

24 ноябр куни Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги сиёсий мотивлар билан айбланиб, маҳкамага тортилди. Ғайбулло Жалилов ва унинг шерикларига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилганлик), 161-моддаси (қўпорувчилик) ва 155-моддаси (терроризм) каби жами еттита модда бўйича айбловлар қўйилган.

Айблов хулосасига кўра, Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари Қаршидаги бир қатор объектлар, жумладан, Қарши шаҳар аэропорти ва Хонобод ҳарбий базасини портлатишга тил бириктирган. 2010 йилнинг 6 январ куни давлат қораловчиси Ғайбулло Жалиловга 15,5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Ҳуқуқ фаоли устидан Қаршида ўтказилиши кутилган маҳкама жорий йилнинг 18 январ куни Бухорода ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган ва Жалилов Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш каби оғир жиноятларда айбдор деб топилиб, 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG