Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:59

Кўкат сотган ўзбек бадарға қилинди


Гувоҳларга кўра, сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг Тожикистон бозорларида сабзавот ва кўкат сотаётгани ҳам маҳаллий расмийларга ёқмаяпти.
Гувоҳларга кўра, сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг Тожикистон бозорларида сабзавот ва кўкат сотаётгани ҳам маҳаллий расмийларга ёқмаяпти.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан саккиз нафар ўзбекистонлик депортация қилинди. Ўзбекистон фуқароларининг икки нафарига нисбатан жиноий иш очилган. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари маълум қилдилар.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Рауф Юсуповнинг сўзларига кўра, депортация қилинган ўзбекистонликларнинг ҳаммаси хавфсизлик идораларида сўроққа тутилган. Прокуратура назорати остида ўтказилган терговдан сўнг, суд қарорига биноан, саккиз нафар ўзбекистонликка жарима солиниб, қўйиб юборилган.

- Уларнинг олти нафари паспорт режимини бузганликда, икки нафари бозорда рухсатномасиз савдо қилганликда айбланиб, депортация қилинган. Икки ўзбекистонлик эса чегарани ноқонуний ўтганликда айбланмоқда ва айни замонда миллий хавфсизлик бўлимида тергов қилинмоқда. Улар қўшни Бекобод туманида истиқомат қилган. Бу кишилар визасиз фақат чегараолди Спитамен туманига ўтиш ҳақли эдилар. Уларни эса Хўжанд ва Бобожон Ғафуров туманларида - чегарадан 80-90 километр узоқликда қўлга олишган, деди Рауф Юсупов.

Милиция раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йил уч ойи давомида Тожикистон чегараларини ноқонуний бузиб ўтганлик учун жавобгарликка тортилган фукароларнинг аксарияти ўзбекистонликлардир.

Сўғд вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, депортация қилинган бекободлик Умид Эгамбердиев ва Раҳимжон Узоқов, бешариқлик Нодиржон Отабековлар қонуний беш кун ўрнига 17 кун Тожикистон ҳудудида бўлишган. Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи Ҳалима Турсунқулова Тожикистоннинг Спитамен туманида, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида истиқомат килувчи Салима Ҳалимова эса Конибодом тумани бозорида ижозатсиз савдо қилганликда айбланган.

Хўш, ўзбекистонликларни қонунни бузишга нима мажбур қилмоқда? Нима учун улар қонунда белгиланган тартиб асосида чегарадан ўтишмайди ?

Конибодом тумани бозорида савдо қилаетган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашамиз.

- Ахир биз бирор-бир қонунни бузганимиз йўқ. Бозорда савдо қилаяпмиз, холос. Нима учун савдо қилиш мумкин эмаслигини билмайман, дейди биринчи суҳбатдош.

- Муаммо чегарадан ўтишдаёқ бошланади. Ишонмасангиз, биз билан ўтиб кўринг, у ердаги азобни ҳис этасиз, дейди суҳбатдошларимизнинг яна бири.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Конибодомга ҳафтада икки марта ўзи етиштирган сабзавот ва кўкатлар олиб келар экан.

- Шу раҳбарлар эшитсин гапларимизни. Ўзимиз меҳнатимиз билан етиштирган қишлоқ хўжалик махсулотларимизни ўтказишга, бемалол сотишга рухсат беришсин. Айрим пайтларда умуман чегарадан ўтгани қўйишмайди, нарсаларимизни кўтариб, уйимизга қайтариб кетамиз. Маҳсулот бузилади, куйиб қолаяпмиз, дейди ўзбекистонлик деҳқонлардан бири.

Маҳаллий таҳлилчи Али Бозравий чегараларда юзага келаётган муаммоларга икки давлат расмийлари ўртасидаги ўзаро кин-адоват сабаб бўлаяпти, деган фикрда.

- Аввало шуни айтишим керакки, чегарадан ноқонуний ўтган фуқароларга нисбатан кўрилаётган чораларни сиёсат билан боғламаслик керак. Чунки бундай чоралар чегара бузувчиларга нисбатан ҳар бир давлатда амалга оширилади. Бошқа томондан қаралганда, чегарадаги кўнгилсиз ҳодисалар ва қўшни республикаларда ўзга фуқароларга нисбатан тазйиқлар давлат раҳбарларининг ўзаро совуқ муносабатлари оқибатидир. Раҳбарларнинг ўзаро келишолмаётганлиги эса яна ўша бечора оддий халқ елкасига оғир юк бўлиб тушаяпти. Аслида раҳбарлар ўз халқи билан биргаликда қўшниларни ҳам қўллаб-қувватлаши керак, дейди Али Бозравий.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил уч ойи давомида 50 дан ортик ўзбекистонлик чегарани бузганликда айбланган. Уларга нисбатан маъмурий чора кўрилган.
XS
SM
MD
LG