Линклар

Тожикистонда полиомиелит тарқалмоқда

  • Гулнора Равшан

Асосан беш ёшгача бўлган гўдакларда кузатиладиган полиомиелит вируси асаб тўқималарини ишдан чиқариб, бир неча соат ичида организмни фалажлантириши мумкин.

Асосан беш ёшгача бўлган гўдакларда кузатиладиган полиомиелит вируси асаб тўқималарини ишдан чиқариб, бир неча соат ичида организмни фалажлантириши мумкин.

Йил бошидан буён полиомиелитга чалинган 128 нафар болакай орасида 10 гўдак ҳалок бўлганини маълум қилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик асосан Тожикистоннинг Афғонистон ва Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида кўпроқ қайдга олинаётгани билдирмоқда.

2002 йилда Тожикистон гўдаклар полиомиелитидан холи мамлакат сифатида эълон қилинган эди.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот бошлиғи Сона Берининг маълум қилишича, тиббий ташхис марказлари Тожикистонда 100 дан ортиқ гўдак бу касалликка чалинганини аниқлаган.

Бу маълумотлар Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Аъзам Мирзоев томонидан ҳам тасдиқланди.

- Биз шу касаллик билан оғриганда гумонланаётганлар қонини Москвадаги лабараторияларга ташхис учун юборган эдик. Ҳозирча фақат етти нафар болада шу касаллик вируси борлиги аниқланди. Қолган анализлар натижаларини ҳам шу яқин кунларда оламиз. Айни пайтда республикамизнинг 20 дан ортиқ туман ва шаҳарларида полиомиелит билан оғриган 128 нафар қайдга олинган. Уларнинг аксариятини ёш болалар ташкил қилаётгани ташвишлидир, деди Аъзам Мирзоев.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Тожикистон томони бу борада Халқаро Соғлиқни сақлаш ташкилотига хабар берганини ва у томондан бу касалликнинг тарқалиш сабабларини ўрганиш ва амалий ёрдам бериш учун экспертлар юборилишини сўраганини билдирди.

Вазирлик вакили, гарчи мамлакатда полиомиелитга қарши миллий дастур йўлга қўйилган эса-да, республика аксарият жанубий ҳудудларида бу касалликнинг кенг тарқалаётганини яширмади.

Унинг айтишича, қўшни давлатлар билан борди-келдилар бугунги кунда Тожикистонда полиомиелитнинг кенг тарқалаётганидаги асосий омиллардан биридир.

- Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, қўшни Ўзбекистон ва Афғонистонда полиомиелит қайдга олинган. Ўз навбатида, бу мамлакатлар билан борди-келдилар касалликни мамлакатимизга олиб келаётганига шубҳа йўқ. Биз шу йил май ойида аҳолини полиомиелитга қарши эмлашни режалаштирганмиз. Шу мақсадда ҳозирда 4 миллион флакон ваксина киритилган. Шунингдек, Тожикистон Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотидан Марказий Осиёдаги барча мамлакатларда полиомиелитга қарши эмлашни йўлга қўйишни таклиф қилдик ва таклифимиз ижобий қабул қилинди, дея маълум қилди Аъзам Мирзоев.

Расмийнинг қайд этишича, Тожикистонда эмлаш жараёни уч босқичдан иборат бўлиб, дастлаб тахминан 1 миллион гўдак бу касалликка қарши эмланади.
XS
SM
MD
LG