Линклар

Свет пули учун қарздорликми ëхуд инқилоб масаллиғи?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондаги ҳокимлар¸ свет пулининг оширилишию халқни емаган сомсага пул тўлашга мажбурлаш фақат Қирғизистондагина инқилобга элтади¸ деган ўйда кўринади.

Ўзбекистондаги ҳокимлар¸ свет пулининг оширилишию халқни емаган сомсага пул тўлашга мажбурлаш фақат Қирғизистондагина инқилобга элтади¸ деган ўйда кўринади.

"Свет пули" деган ибора 7 апрелдан бери "инқилоб" сўзини ёдга тушираверадиган бўлиб қолди. Ҳар 5 йилда бир мартадан инқилоб қилаверадиган қирғизистонликларнинг тунов кунги навбатдаги инқилобининг асл сабаби, агар суриштириб келсангиз, айнан ўша "свет пули"га бориб тақалади.



"Электр энергиясини қимматлатадиган ҳали сенми?!" дедида, қирғизистонликлар кўчага чиқиб, ҳокимиятни ағдарди-қўйди.

Ўзбекистон ҳукумати энергияни Бакиев ҳукуматидай кескин қимматлатгани йўқ.

Лекин свет пули билан боғлиқ қатор муаммолар бу мамлакатда ҳам талайгина.

Демак, бугун гап шу ҳақда.

Бугун ёқмаган чироғига 40 мингдан тўлашга мажбур қилинаётган бахмаллик, қарзи йўқ бўлса ҳам маошидан свет пули ушлаб қолинаётган зарбдорлик, бахмалликнинг ҳам, зарбдорликнинг ҳам айтганларини "бўҳтон" деб атаган Жиззах вилояти ҳокимлиги вакили билан суҳбатларни ўқийсиз¸ эшитасиз.

16 апрел куни Озодликнинг “Эркин микрофон” эшиттиришига Жиззах вилояти, Бахмал тумани, Гулбулоқ қишлоғидан бир аёл қўнғироқ қилиб, мана бундай деган эди.

- Бизнинг Бахмал туманида шунақа воқеалар бўлаяптида. Район ҳокими 10 кун¸ ҳафталардан бери халқни мажбурлаб¸ қийнаб 40 мингдан пул олаяпти. Свет учун. Ҳар бир хонадонга ҳар ойига 42 мингдан мажбурий қилаяпти.40 мингдан тўлайсан¸ мажбур дейди. Квитанция йўқ. “Квитанцияси йўқ. Почтага тўлаймиз” десак¸ “Почтага бермайсан. Агар почтага 40 минг берадиган бўлсанг¸ монтëрларга 100 мингдан берасан” дейди. Талончилик бўлаяптида. Халқни қўрқитиб мажбур қилаяпти ана шулар¸ деган эди бахмаллик суҳбатдош.

Бахмаллик бу опанинг айтишича, 40 минг сўмлик солиқ ҳар бир хонадонга, электр энергияси учун қарзи борми-йўқми – бундан қатъий назар солинмоқда.

Бугунги дастурга тайёргарлик кўрар эканмиз, Бахмал туманининг бошқа қишлоғи – Қатортол билан боғландик.

Исмини айтмаслигимизни сўраган қатортолликка юртдошидан эшитганимиз хабарни айтдик. Чиндан ҳам ҳар бир хонадондан 40 минг сўмдан талаб қилаяптиларми, деб сўрадик.

- Ҳа¸ хабарим бор. Ҳақиқатан шунақа.

Озодлик: Қанақа? Шунақани ўзингизнинг тилингиз билан айтиб беринг.

- Районимизнинг светга деб 8 миллионми¸ 8 миллиардми қарзи бор экан. Шунга баҳона қилиб олаяптими билмайман. Ҳамма хонадондан олаяпти. Мажбур.

Озодлик: Неча пулдан йиғаяпти?

- 40 мингдан йиғаяпти. Ҳар битта хонадонга 40 мингдан тушганда Бахмал бўйича.

Озодлик: Электр энергияси учун-а?

- Ҳа. Пособиеси борлар бир ойлик пособиега қўл қўйиб бераяпти¸ пенсионерлар пенсиядан қилиб бераяпти. Мол сотиб бўлса ҳам қилиб бераяпти. Шарт.

Озодлик: Сиз ўзингиз ҳам тўладингизми?

- Ҳа¸ тўладим. Қўймади¸ умуман тўламасликка қўймади.

Озодлик: Қачон тўладингиз?

- 15-20 кун бўлиб қўйди. Мажбур бер деб¸ ҳаммага тушган деб¸ посбон уч марта уйимизга келди. Участковойни олиб келаман¸ деди. Посбонларни мажбурлаяптида. Уйма-уй биттама-битта кириб мажбурлаб нима қиласан деяпти. Ким ҳалиги нима қилмайдиган бўлса¸ қувиб олиб келасан¸ деяпти.

Озодлик: Ўзи аҳолида ҳам айб бўлса керакда. Шунча ҳам қарз бўлиб кетадими? Вақтида тўламаëтгандирсизларда.

- Вақтида тўлаб турдик. Ойма ой мажбур олаяпти. Светни ўчириб қўяди. Тахминан эрталаб соат 5 дан 8 гача ëқади. Кейин ўчириб қўяди. Обедда ëқади бир соат.

Озодлик: Шунга аччиқ қилиб тўламайдими одамлар?

- Ҳаммага мажбурладида энди. Ким билади. Ҳамма тўламагунча қўймади.

Озодлик: Мана сиз ҳам 40 минг тўлабсиз. Шу тўлаганингизга квитанция бердими?

- Квитанцияни мажбурлаб олдим. Қўймадим мен. Пулимни бердим¸ деб қўймай ўзим олдим. Ўзим бориб қўлим билан олдим. Посбоннинг олдига бордим. “Кеча 40 минг бердим. Энди менга квитанция берасан” дедим.

Озодлик: Мажбурламасангиз бермасмиди?

- Бермайди. Ўтказиб қўямиз дейдию¸ лекин қўлингизга бермасдида. Мен ўзим бориб олдим. Электрчи билан учрашдим¸ посбонни ўртага қўйдим. “Давай¸ менга 40 минг сўм учун квитанция беринглар” дедим.

Озодлик: Қарзи борлар¸ бўпти индамасин. Қарздор экан¸ айбдор экан тўласин. Қарзи йўқлар ҳам индамасдан тўлайвердими ëки норозилик билдиргани ҳам бўлдими?

- Норозилик билдиргани битта-яримта бўлдию¸ посбон билан участковой чақириб гаплашиб¸ мажбурлаб тўлаттириб юборди. Уйингизга келаверадида. Олдин қишлоқнинг посбонини юборади. “Бориб фалончани бу ерга олиб кел” дейди. Ўша селсоветга¸ ўзимизнинг колхознинг марказига. Чақиртиради¸ сразу тўлайди.

Озодлик: Участковой қўрқитса керакда.

- Аниқку у. Қўрққандан кейин мажбур. Участковойга “Тўламаган болани менинг ëнимга олиб кел” деб айтади¸ дейди Жиззах вилояти, Бахмал тумани, Қатортол қишлоғилик суҳбатдошимиз.

Бу суҳбатдан олдин шу туманнинг Гулбулоқ қишлоғида яшайдиган аёлнинг гапини эшитгандик.

Иккала бахмалликнинг айтганларидан пайдо бўлган саволларимизга Жиззах вилоят ҳокимлиги Маънавий ва маърифий ишлар бўлими бош мутахассиси Муртазоқул Эргашев жавоб берди.

Озодлик: Бахмалликлар “Қарзи борлардан ҳам¸ қарзи йўқлардан ҳам ëппасига мажбур қилиб свет учун 40 минг сўмдан йиғиб олишаяпти. Агар тўламайман деса¸ участка нозирларини¸ посбонларни жўнатаяпти” деяпти. Шу бўйича изоҳ бера оласизми? Нима бўлаяпти ўзи?

Муртазоқул Эргашев: Биринчидан¸ мен изоҳ бераман. Билганимча тўғрироғи. Биз энди ижтимоий соҳамизку. Билганимча айтай сизга. Биринчидан¸ бу нарса мажбурий эмас. Қарздорлар тўлаши керак¸ биласизку энди. Давлатдан еган нарсасига тўлаши керакку. Тўғрими?

Озодлик: Албатта.

Муртазоқул Эргашев: Лекин кўп нарсалар бўҳтон. Тўламасдан туриб айтиб одамлар шундай йўлга ўтиб олган. Масалан¸ бозорда бепул нарса бермайдику ака¸ тўғрими? Бу давлатнинг мулки. Давлат мулкини истеъмол қилаяпти¸ лекин тўламаяпти. Участка нозири ҳам аралашгани йўқ. Бизда фидойилар гуруҳи бор яхшигина. Улар “тўланглар” деб уйга кираяпти. Уйга кириб "тўланглар" деяпти¸ лекин бу нарсага участка нозири ҳам қўшилгани йўқ¸ бошқаси ҳам қўшилгани йўқ. Электр энергияси¸ газ бўйича масъуллар кираяпти.

Озодлик: Қарздорнинг тўлаши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Вақтида тўламаган бўлса¸ бораëтгандир¸ олаëтгандир. Лекин ўша туманнинг иккита қишлоғидан бир-биридан мустақил равишда гаплашдик. Улар тил бириктириб олгани йўқ. Улар “Қарзи йўқлардан ҳам ëппасига олинаяпти. Олинаëтган сумма миқдори ҳам бир хил 40 минг” дейишди.

Муртазоқул Эргашев: Ака. Бу бўҳтон. Ғаллаоролда¸ Бахмалда ўзим юрдим. Ким айтган бўлса ҳам бу бўҳтон. Кўчадаги гапни сизга етказган бўлиши мумкин. Лекин ичкарига ...

Озодлик: Тўлаган одамнинг ўзи айтди.

Муртазоқул Эргашев: Йўқ¸ йўқ акажон. Фамилиясини айтинг. Мен текшириб кўрай. Сизга жавоб бераман. Бу ëлғон эмас¸ хомаки гап эмас¸ сизга аниқ факт билан жавоб бераман.

Озодлик: Уларнинг ўзлари чиқиб айтди. Улар жиннимасда бекордан-бекорга ҳокимликка туҳмат қилиб. Кейин бунинг жавоби борда. Иложи йўқлигидан чиқди. Яна битта савол ака. Баъзи бировлар “Свет беруви ташкилот¸ газ берувчи ташкилот светни¸ газни оҳак ишлаб чиқариш учун ëки шунга ўхшаш ишлаб чиқарувчилар билан келишиб¸ улардан порасини олиб перерасход бўлиб кетаяптида¸ юки аҳолига тушаяпти” дейди. Шу соҳада назорат борми йўқми?

Бу саволимизга Жиззах вилоят ҳокимлиги Маънавий ва маърифий ишлар бўлими бош мутахассиси Муртазоқул Эргашевнинг жавобига ўтишдан олдин шуни айтиб қўймоқчиманки, бу гапни "Жамият ва қонун" дастурига соҳадаги вазиятдан яхши хабардор бир жиззахлик ўз исми ошкор этилмаслиги шарти билан айтди.

Ҳокимлик вакили жавоби:

Муртазоқул Эргашев: Ака¸ бир нарса айтай. Бахмалда¸ биринчидан¸ оҳак пиширмайди. Оҳак пиширадиган жой Жиззах шаҳри ва Жиззах туманида. Уларда оҳакнинг тошлари йўқ. Билмайман қаердан тош олиб бориб пиширади¸ шунга ақлим етмай ўтирибди. Қайси ҳудудлар дедингиз¸ ака?

Озодлик: Бу гап Жиззах шаҳри ва Жиззах тумани шароитида айтилди. Бахмал бўйича эмас.

Муртазоқул Эргашев: Тўғри. Бахмалликлар айтмадими бу гапни?

Озодлик: Йўқ.

Муртазоқул Эргашев: Бахмалники қайси ҳудуд?

Озодлик: Қатортол.

Муртазоқул Эргашев: Иккинчиси ким?

Озодлик: Гулбулоқ қишлоғидан.

Муртазоқул Эргашев: Гулбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғини.

Озодлик: Квитанция бермаяпти экан.

Муртазоқул Эргашев: Гулбулоқда бермаяпти эканми?

Озодлик: Ҳа. Монтëрлар¸ муаллимлар ишга солинаяпти экан. Кейин улар хонадонма хонадон юриб¸ тўла деяпти экан.

Муртазоқул Эргашев: Сиз ишонасизми шу нарсага?

Озодлик: Биринчидан¸ бу одамга ишонмасликка асосим йўқ. Иккинчидан¸ Бахмал туманининг бошқа бир қишлоғига телефон қилиб сўрадик. У ҳам шу гапни айтди. Шунинг учун мен сизга чиқаяпман.

Муртазоқул Эргашев: Бўлди ака. Ака¸ тўғри сизнинг вакилингизда ака. Уларга шундай материал керак.

Озодлик: Менинг вакилим эмас. У ўша қишлоқда яшайдиган одам.

Муртазоқул Эргашев: Тўғри¸ тўғри.

Озодлик: Шунинг учун у кишига ҳам ишонасликка асосим йўқ¸ сизга ҳам ишонмасликка асосим йўқ.

Муртазоқул Эргашев: Ака¸ мен борай шунга.

Озодлик: Сиз боринг¸ кўринг. Энди охирги савол шу мавзуда. Мана ўқитувчиларнинг¸ боғча опаларнинг ойлигидан газ ва свет учун ушлаб қолинади¸ дейди. Шу гап борми йўқми?

Муртазоқул Эргашев: Йўқ¸ ака бундайда¸ умуман йўқ. Чунки бизда ўқитувчилар¸ докторларни "Фидойи гуруҳлар" деймиз. Шу элнинг ичидаги фарзандларида энди. Фақат битта нарса айтамиз. “Ҳар бир хонадонга киринглар. Кимда нима камчилик бор? Кимда нима етишмовчиликлар бор. Шуни кўринглар” деб топшириқ берганмиз ака. Тўғри. Буни мен тан оламан. "Фидойилар гуруҳи" деймиз.

Озодлик: "Фидойи гуруҳ" деганини тушунмадим мен. Нима дегани у?

Муртазоқул Эргашев: Шундай гуруҳ тузганмиз. Элнинг ҳалигисидан хабар олиб турадиган.

Озодлик: Ҳамма ўқитувчи ва врачлар ўша "фидойи гуруҳ"нинг аъзосими?

Муртазоқул Эргашев: Йўқ¸ ҳаммаси эмас. Ҳар 10 та¸ 12 та хонадонга шундай фидойилар гуруҳлаб қўйганмизки¸ элнинг¸ халқнинг дардидан хабар олиб туради. Масалан¸ ҳоким ҳаммасидан хабар ололмайди¸ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳаммасидан хабар ололмайди. Ҳар кун бўладиган нарсада энди. Ҳар бир оилада ташвиш бўладию. “Айтинглар. Қаерда нима бўлса¸ ëрдам берайлик. Бартараф қилайлик” деган мақсадда қилинган нарса бу.

Озодлик: Сизлар энди ҳокимиятда ўтирибсизлар. Ҳар бир туманда нима бўлаëтганини ипидан игнасигача билиш қийиндир. Балки туманнинг газига¸ светига мутасадди идоралар¸ районо мудирлари билан ўзаро келишиб¸ “Ўқитувчингиздан 5000-5000 дан ушлаб бер”¸деб келишиб олишгандир.

- Йўқ¸ йўқ ака. Ўқитувчи билан доктордан ушлагани йўқ¸ дейди Муртазоқул Эргашев.

Жиззах вилоят ҳокимлиги Маънавий ва маърифий ишлар бўлими бош мутахассиси Муртазоқул Эргашев билан суҳбатни шу жойда тўхтатамиз.

Сўнгги саволга жавоб бераётиб, у киши ўқитувчи ва врачлардан пул олинмаяпти, дер экан, уларнинг ўша "Фидойи гуруҳ"ларга кирганларини назарда тутганини тушундик. Гуруҳларга кирмаганлардан пул ушланаяптими ёки йўқми – бунга аниқлик киритмади.

Жиззах вилоят, Зарбдор туман, Бўстон шаҳарчасидаги мактабда ишлайдиган ўқитувчи билан ўтказганимиз суҳбатсиз бу мавзу чала қолиб кетади.

Демак, навбат учинчи суҳбатга.

Озодлик: Шахсан сиз¸ свет ва газ учун қандай қилиб тўлайсиз?

- Газ билан свет учун Зарбдор туманидаги ҳар бир ишлаëтган ишчи ходимларнинг иш ҳақларидан тўғридан-тўғри чегириб қолишади. 5000 дан оддий ишчи ходимга¸ раҳбариятлар бўлса 15 мингдан 30 минггача чегириб қолишади.

Озодлик: Мен атайлабдан ойлигинглардан свет билан газга ушлаб қоладими¸ деб сўраганим йўқ. Мен худди шу масалани ҳозир ҳокимлик вакили билан гаплашдим. “Шунақа деган гаплар бор. Нима дейсиз?” десам¸ “Мутлақо унақа йўқ” деди. Қачон бошланган бунақа ушлаб қолиш?

- Бир неча йиллар мобайнида давом этиб келаëтган касаллик бу шахсан бизнинг туманимизда.

Озодлик: Қачондан бери сизнинг маошингиздан хоҳласангиз хоҳламасангиз газ ва свет учун мажбуран ушлаб қолинади?

- Шу мактабда ишлаëтганимга 15 йил ëки шу шаҳарчада яшаëтганимга 15 йил бўлган бўлса¸ 15 йилдан бери давом этиб келаëтган традиция бу.

Озодлик: Ҳар ой неча пулдан ушлаб қолади?

- Ҳар ой оддий ишчи ходимлардан агар улар қаватли уйда яшаëтган бўлса¸ улардан газга 5000¸ светга 5000. Агарда улар коттеж ҳовлиларда яшаëтган бўлса¸ 15 минг газга¸ 15 минг светга ушлаб қолади. Ҳозир биласизми айрим ишчи ходимларнинг қарздорлигини худди ҳаводан олиб келгандай¸ масалан ҳеч қанақа қарздорлиги йўқ¸ уларга қарздорлиги бор¸ дегандай варақани кўрсатадида келади. Улар газ ëки свет учун ойма ой тўлаб келаëтган тўловларини ҳисоблашса¸ давлат ҳар бир ишчи ходимдан қарздор бўлиб чиқади. Газдан 100 минг¸ электр энергиядан 50 минг¸ худди шу даражада қарз. Давлат қарз бўлишига қарамасдан мажбурий тартибда уларнинг иш ҳақидан чегириб қолишлари давом этиб келмоқда.

Озодлик: Нимага?

- Чунки эмишки¸ Зарбдор тумани вилоятдаги электр энергиясидан катта миқдорда қарздор эканлигини рўкач қилиб¸ уларни хоҳласа- хоҳламаса иш ҳақидан чегириб қолиш. Ëки бўлмаса туман ҳокимлигидан районога “Сен туманингда 25 та мактаб бўладиган бўлса¸ ҳар бир мактабга тақсимот қиласан” дейди. Унинг қарздорлиги борми-йўқми¸ қизиқтирмайди. Умумий ўқитувчилар сонини оладида бараварига уларга тақсимот қилишади.

Озодлик: Камомад қаердан пайдо бўлаяпти? Ҳеч кимнинг қарзи йўқ¸ деяпсиз. Давлат истеъмолчидан қарз¸ деяпсиз. Бас шундай экан бу Зарбдор тумани эмас¸ бутун вилоят бўйича бўлса керак. Вилоят бўйича ҳам давлат истеъмолчидан қарз бўладиган бўлса¸ камомад қаердан пайдо бўлаяпти?

- Ана энди қаранг. Айрим жойларда катта деҳқончилик қилиш учун сув чиқаришда электр энергиядан фойдаланади. Катта-катта насос. Уларга умуман эътибор қилмайди. Қаерда бюджет ташкилотлари¸ давлатга қарам ишчилар бўладиган бўлса¸ улар тўғридан- тўғри шунга эътиборни қаратиб олган.

Озодлик: Насос эгалари энергия ҳақини тўласа керакку.

- Йўқда. Агар улар тўлайдиган бўлса¸ оддий аҳоли қарздорлиги қаердан келиб чиқади?

Озодлик: Улар моторини ишлатаяптими?

- Ҳа.

Озодлик: Моторига электр энергиясини кимдир бераяптими?

- Бераяпти.

Озодлик: Берган электр энергияси учун ҳақ олаëтгандирку.

- Ана шу олаëтган ҳақ давлатга кирим бўлмаяптида. Агар у давлатга кирим бўлса¸ катта счëтчик қўйилган электросетдаги кўрсаткич бераëтган пул билан ëпилади. Лекин у давлатга кирим бўлмаяпти. Қайсидир раҳбарнинг чўнтагига кирим бўлаяпти. Счëтчик кўрсатаëтган катта показаниедаги қарздорлик аҳолининг бўйнига тақсимот бўлаяпти¸ дейди Жиззах вилоят, Зарбдор туман, Бўстон шаҳарчасидаги мактабда ишлайдиган ўқитувчи.

Суҳбатдошимиз ўқитувчиларнинг маошидан бир неча йилдан бери металлолом пули ҳам ушлаб қолиниши тўғрисида айтиб бердики, бу гапни тушунишим анча қийин бўлди.

Тушунолмай миям ачиб кетди. Кейин ҳамкасбларимдан сўрадим. “Бор гап бу, эшитганмиз”, дейишди.

Мен эшитмаган эканман шу пайтгача.

“Металлолом пули” – бошқа эшиттириш мавзуи.

Ҳа, айтганча, ҳокимлик вакили айтган “Фидойи гуруҳлар” тўғрисида ҳам алоҳида гаплашамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG