Линклар

Гулнора Каримова Нобел мукофотига номзод бўлди


Ўзбекистон президентининг тўнғичи, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамоатчилик жамғармаси раҳбари Гулнора Каримова 2011 йил учун Нобел Тинчлик мукофотига номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда gazetasng.ru нашри мазкур нуфузли мукофотга номзод кўрсатувчи ташаббускор гуруҳга яқин бўлган ўз манбасига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Гулнора Каримова номзодини кўрсатиш ташаббускорлари унга бу халқаро мукофотни “Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти асосларини ташкил этишдаги саъй-ҳаракатлари” ҳамда “минтақада Ўзбекистон Форум жамғармаси каби йирик ижтимоий-гуманитар лойиҳани ташкил этганлиги учун” топширишни таклиф қилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Гулнора Каримовани Нобел Тинчлик мукофотига номзод қилиб кўрсатиш ташаббуси билан собиқ лауреатларнинг айримлари, Ғарбий Европадаги бир қанча мамлакат парламентлари депутатлари ҳамда Европа университетларидан бирининг сиёсатшунослик ва ижтимоий фанлар факультети чиққан.

Нобел жамғармаси низомига мувофиқ, номзодларни Норвегия Нобел қўмитасининг амалдаги ва собиқ аъзолари, миллий парламентлар аъзолари, тинчлик масаласи бўйича доимий халқаро бюро комиссияси аъзолари, Детройт халқаро институти аъзолари, сиёсатшунослик ва ҳуқуқшунослик, тарих ва фалсафа соҳасида фаолият юритувчи университетлар профессорлари кўрсатишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG