Линклар

logo-print

Қирғизистонда янги Конституция лойиҳаси эълон қилинди


Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини тайёрлашда, муваққат ҳукумат аъзоси Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, Венеция комиссиясининг 2006-2007 йиллардаги Конституция юзасидан тақдим этган таклифлари 80-90% эътиборга олинган.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасини тайёрлашда, муваққат ҳукумат аъзоси Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, Венеция комиссиясининг 2006-2007 йиллардаги Конституция юзасидан тақдим этган таклифлари 80-90% эътиборга олинган.

Қирғизистонда мамлакат Конституциясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ёйинланди. 27 июн куни ўтказилажак референдумда умумхалқ ҳукмига ҳавола қилинадиган мазкур лойиҳага 19 майгача бир қанча ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Қирғизистон Конституцияси янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ мамлакатдаги сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлари, таниқли жамоат ва давлат арбоблари, илм-фан, маданият, санъат намояндалари ҳамда оддий фуқароларга 29 апрелгача Асосий қонунини такомиллаштириш бўйича ишловчи Конституциявий кенгашга ўз номзодларини кўрсатиш таклифи билан чиқди. Шунингдек, ишчи гуруҳ қирғизистонликларни янги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирди.

“Конституция янги таҳрири лойиҳасини муҳокама қилиш учун тарих бизга икки ҳафтагина мухлат бераяпти. Бироқ бу мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда шундай қисқа муддат билан чекланиб қолинди, дегани эмас. Ўлка жамоатчилиги, сиёсий партиялар ва ноҳукумат сектори Қирғизистоннинг Асосий қонунига киритилажак тузатишлар мазмун-моҳиятини қарийб беш йилдан буён муҳокама қилиб келган”, дейилади Қирғизистон Конституцияси янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳининг 26 апрел куни ёйинланган баёнотида.

Душанба куни эълон қилинган янги Конституция лойиҳасидаги энг катта ўзгариш президент ваколатларининг сезиларли даражада қисқартирилгани ҳамда бу ваколатларнинг парламент ва ҳукуматга ўтказиб берилганида ўз аксини топган.

“Конституциявий ислоҳотни ўз мантиқий якунига етказароқ биз давлат ҳокимиятининг авторитарлашуви анъанасига бутунлай барҳам берамиз ҳамда шу йўл билан ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар учун ўз ҳаётини қурбон қилганлар олдидаги муқаддас бурчимизни бажарган бўламиз”, дейилади ишчи гуруҳ баёнотида.

Аввал хабар қилганимиздек, муваққат халқ ҳукумати Қирғизистонни парламент бошқарувидаги мамлакатга айлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бошлаган ва бу уриниш мамлакат Конституциясининг янги таҳрири лойиҳасида ҳам ўз аксини топган.

Қайд этиш лозимки, Қирғизистонда парламент бошқаруви ўтиш тарафдорлари кўп бўлиши баробарида бу ташаббусга қатъиян қаршилик кўрсатаётганлар ҳам етарлича топилади.

Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниёзов, мамлакат собиқ омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли, шунингдек, бошқа кўплаб сиёсатчилар Қирғизистон ҳали парламент бошқарувига тайёр эмаслиги ҳақида бонг урмоқдалар. Уларнинг айримлари мамлакатда президентлик бошқарувини қолдиришни таклиф қилсалар, бошқалари Қирғизистон учун президент-парламент бошқарувини жорий этиш энг мақбул йўл эканидан баҳс этмоқдалар.

Аснода Қирғизистонда янги Конституция лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича тадбирлар бошланиб кетганини кузатиш мумкин. Жумладан, 29 апрел куни мамлакатдаги ёшлар ташкилотлари вакиллари ана шундай муҳокамага йиғилиши кутилмоқда.

“Асосий қонун давлат ҳокимияти тизимини сезиларли даражада ўзгартиради ва у фавқулодда вазиятда қабул қилинмоқда. Бу жараёнда биз шунчаки статистга айланамизми ё унда фаол иштирок этамизми? Биз энг камида ўзимизга нима таклиф қилинаётганини яхши англаб олишимиз лозим”, дейилади ёшлар мунозараси ташкилотчилари тарқатган матбуот варақчасида.
XS
SM
MD
LG