Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:35

Дин пешволари тил топишгандай...


Жаҳон диний анжуманида иштирок этиш учун Бокуга йиғилган дин пешволари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қабулида ҳам бўлдилар.
Жаҳон диний анжуманида иштирок этиш учун Бокуга йиғилган дин пешволари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қабулида ҳам бўлдилар.

Озарбайжон, Арманистон ва Россия диний пешволари 26 апрел куни Озарбайжон пойтахтида иш бошлаган Жаҳон диний анжуманида Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирдилар.

Боку форумида Арман Апостол черкови раҳбари Карекин II ҳам иштирок этди.

Арманлар диний раҳбари биринчи бор Озарбайжонга сафар қилди.

Анжуман ишида 200 дан зиёд уламо қатнашмоқда.

Арман Апостол черкови раҳбари Карекин II ни форумга озарбайжонлик шиа мусулмонлар раҳбари шайхулислом Аллоҳшукур Пошазода ҳамда Рус православ черкови раҳбари Патриарх Кирилл таклиф қилган.

Уччала уламо хос даврада учрашдилар ва учрашувдан сўнг Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш йўлида Боку, Ереван ва халқаро воситачилар қилаётган ҳаракатларни қўллаяжаклари тўғрисида қўшма баёнот эълон қилдилар.

“Муаммоларни ҳал қилиш учун яна қурол ишлатишга қайтишга йўл қўймаслик ўта муҳимдир”, деган мазмун бор диний раҳбарларнинг баёнотида.

Карекин II Пошазодани Арманистонга таклиф қилди.

Можароларни ҳал қилишда динлар вакилларининг роли тўғрисида гапирар экан, Патриарх Кирилл қуйидагиларни айтди:

- Диний раҳбарлар қўлида сиёсий ваколат йўқ. Улар қўшинларни у ёки бу томонга йўналтира олмайди. Улар давлатнинг кучини қўллай олмайди. Лекин улар диндор одамлар учун жуда яқин бўлган қадриятларни ёрдамга чақира олишлари мумкин, деди Патриарх Кирилл.

Карекин II эса Жаҳон диний форумида қилган чиқиши чоғида тарафлар Тоғли Қорабоғ муаммосининг тинч ечимини топиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттириш лозимлигини таъкидлади:

- Муаммолар халқаро ҳуқуқ меъёрларига биноан ечилиши лозим. Арман Патриархи сифатида Кавказ мусулмонлари раҳбари шайхулислом Аллоҳшукур Пошазода билан биргаликда муаммо ечимини топиш йўлидаги ҳаракатларимизни давом эттиришимиз керак, деб ҳисоблайман. Бу бизнинг бурчимиздир, деди Карекин II.

Шайхулислом Аллоҳшукур Пошазода ҳам анжуманда қилган чиқиши чоғида Тоғли Қорабоғ муаммосини тилга олар экан,
Арманистон билан можарони ҳал қилишга ҳаракат қилаётгани, Католикос билан ўтказилган бир неча учрашувда бу масала ўзаро муҳокама қилинганини айтиб ўтди.

Арман Апостол черкови раҳбарининг Бокуга сафари баъзи норозиликларга ҳам сабаб бўлди. “Қорабоғ озодлиги ташкилоти” деб аталувчи ташкилотнинг 10 нафар атрофидаги аъзоси Бокуда норозилик акцияси ўтказди.

Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ ҳудуди 1994 йили уруш тўхтаганидан буён арман кучлари назорати остида қолиб келмоқда.

Жаҳоннинг 30 мамлакатидан келган дин пешволари Боку форумида глобаллашув жараёнларини, можароларни ҳал қилиш йўлларини, жамият ҳаётида диннинг роли ва бошқа шу каби масалаларни муҳокама қилмоқдалар.

Форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўз мамлакати Европа билан Осиё ўртасидаги табиий кўприк эканини қайд этди:

- Турли динлар ва миллатлар вакиллари бу юртда асрлар оша бирга яшаб келмоқда. Бир кун келиб Боку Европа маданияти маркази сифатида танланишига ва унинг насронийлар ва мусулмонлар алоқаларининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшажагига умид қиламан, деди Илҳом Алиев.

Форум ўз ишини 27 апрел куни якунлайди.
XS
SM
MD
LG